Нуҳ алайҳиссалом ва тўфон ҳодисаси (8)

0

Нуҳ алайҳиссалом ва тўфон ҳодисаси

Бас қачон Бизнинг фармонимиз келиб, тандирдан (олов ўрнига) фавворалар отилган чоғда кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва ўз оилангни солгин. Лекин (кофирлардан) қайси кимсалар хусусида Бизнинг  (сувга ғарқ бўлиши ҳақидаги) ҳукмимиз ўтган бўлса (уларни тарк қилгин) ҳамда у золим кимсалар ҳақида (яъни уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз ғарқ қилингувчидирлар” [Мўъминун: 27].

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга Ўзининг олий ва муҳим фармонини берди: агар қавм бошига Аллоҳнинг азоб-уқубати тушса, барча ҳайвонлар – гўшти ейиладиган ва ейилмайдиган жонзотларнинг наслини сақлаб қолиш мақсадида уларнинг барчасидан бир жуфтдан кемага ортишни буюрди. Шунингдек, кемага ўз оила аъзоларини ҳам миндиришни буюрди. Бироқ оила аъзоларидан тақдири азалийда унинг кофирлиги айтилган кимсалар истисно қилиниб, улар тўғрисида қайтарилмас дуо ижобат қилинган, уларнинг бошига бас келиб бўлмайдиган азоб тушиши вожиб бўлган эди. Олдин айтиб ўтганимиздек, Нуҳ алайҳиссалом бундай кимсалар бошига ўз кўзлари билан кўражак, истаган ишини қилувчи зот Аллоҳ таоло муқаррар қилган  даҳшатли азоб тушган вақтда уларга раҳм қилишни сўраб Аллоҳга мурожаат қилмасликка ҳам буюрилган эди.

Аксар уламоларнинг айтишича, оятдаги “тандир”дан мақсад ер юзасидир. Яъни, ер юзасининг турли жойларидан сув чашмалари отилиб чиқди. Ҳаттоки, олов макони бўлмиш тандирлардан ҳам сув отилиб чиқди.

Бизнинг фармонимиз келиб, ердан фавворалар отилган вақтда (Нуҳга) дедик: “У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида Бизнинг (ғарқ бўлиш ҳақидаги) ҳукмимиз ўтган бўлса, (уларни терс қилгин). Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!” Унга иймон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар” [Ҳуд: 40]; Бу Аллоҳ таоло тарафидан Нуҳ алайҳиссалом учун қавмига азоб келган вақтда кемага барча жонзотлардан бир жуфтдан юклаш тўғрисида буйруқдир.

 “Лекин қайси кимсалар хусусида Бизнинг (ғарқ бўлиш ҳақидаги) ҳукмимиз ўтган бўлса, (уларни терс қилгин)”; Яъни, кофир кимсалардан иборат улар хусусида қайтарилмас дуо мустажоб бўлган кимсалар бундан мустаснодир. Нуҳ алайҳиссаломнинг ғарқ бўлган ўғли Ём ҳам ана шундай кимсалардан бири эди.

Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!”; Яъни, кемага умматингдан сенга иймон келтирган кишиларни ҳам миндиргин. “Унга иймон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар”; Яъни, Нуҳ алайҳиссалом қавми орасида узоқ замонлар қолиши, уларни турли-туман сўз ва хушмуомалалик, баъзида қизиқтириб, гоҳида қўрқитиб ва айрим вақтларда ваъдалар қилиб кечаю кундуз муҳаққақ даъват  қилишига қарамасдан қавмидан жуда озчилик кишиларгина иймон келтирган эдилар.

Уламолар Нуҳ алайҳиссалом билан бирга кемага минган кишилар сони хусусида ихтилофлашганлар.

Қачон ўзинг ва сен билан бирга бўлган кишилар кема устида жойлашиб олгач, айтгин: “Бизларни золим қавмдан қутқарган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин”. Яна айт: “Парвардигорим, мени бир муборак манзилга туширгин. Сен ўзинг энг яхши (манзилларга) туширгувчисан” [Мўъминун: 28-29]; Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга кемани буйсундиргани, кема воситасида унга нажот бергани ҳамда у билан қавми ўртасида ҳукм қилиб, унга қарши чиққан, уни ёлғончига чиқарган кишилардан интиқом олиб уни хурсанд қилгани боис уни Парвардигорига ҳамд-сано айтишликка буюрди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Ўша зот барча жуфтларни (яъни бор махлуқотни) яратди ва сизлар учун кемалар ва чорва ҳайвонларидан — сизлар минадиган уловлар (пайдо) қилди. Токи сизлар уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра унга ўрнашиб олгач,  Парвардигорингизнинг неъматини эслаб: “Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни бўйсундириб қўйган зот (яъни Аллоҳ барча айб-нуқсондан) покдир. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз, бизлар (барчамиз) Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз”,  дегайсизлар” [Зухруф: 12-14].

Шундай қилиб, Нуҳ алайҳиссалом ишнинг бошланиши хайр-баракали бўлиши, шунингдек, ишнинг оқибати ҳам бахайр бўлишини сўраб Аллоҳга дуо қилишга буюрилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳижрат қилар эканлар Аллоҳ таоло у зотга шундай деган эди: “Айтинг:  “Парвардигорим, менга (ҳар қандай жойга) хайр-баракали киришни ва (ҳар қандай жойдан) хайр-баракали чиқишни насиб этгин ва менга ўз даргоҳингдан қўллаб-қувватловчи ҳукмронлик, ғалаба ва кучли далил-ҳужжат ато қилгин” [Исро:80].

Дарҳақиқат, Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳнинг бу тавсиясини амалга оширди:  “У деди: “Кемага мининглар! Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим мағфиратли ва меҳрибондир” [Ҳуд: 41]; Яъни, кема юришининг бошланиши ва унинг ниҳояси Аллоҳнинг исми билан бўлгусидир. Парвардигор мағфиратли ва раҳмли бўлиши билан бир қаторда оғритувчи жазо берувчи ҳамдир. Парвардигор Унга куфр келтириб, Ундан ўзга нарсаларга ибодат қилган ер аҳолисига азоб-уқубатини туширди. Зеро, Унинг жазоси – азобини жиноятчи қавмдан қайтариб бўлмас.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: “Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, у кофирлар билан бирга қолмагин!” [Ҳуд: 42]; Чунки Аллоҳ таоло осмондан шундай ёмғир юбордики, ер юзи бундан олдин бунақа ёмғирни кўрмаган эди ва бундан кейин ҳам ер юзига бундай ёмғир ёғмайди. Осмондан ёғаётган ёмғир гуёки сув тўлдирилган мешнинг оғзидан тўкилган сувдек тушар эди. Ерга ҳам буюрилган, ер юзидаги барча сойлардан ва турли тарафлардан чашма мисоли сув отилиб чиқди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Шунда у Парвардигорига: “Мен (у кофир қавмимдан) мағлубдирман. Ўзинг ёрдам қилгин”, деб дуо-илтижо қилган эди. Биз осмон дарвозаларини (тинимсиз) қуйилгувчи сув — сел билан очиб юбордик. Барча ердан чашмалар чиқариб юбордик. (Осмон ва ернинг) суви тақдир қилиб қўйилган бир иш (яъни кофирларни ғарқ қилиб юбориш) устида бирлашдилар! Уни (Нуҳни) эса тахта-ю михлардан ясалган бир кемада кўтардик. У (кема) Бизнинг кўз ўнгимизда сузар. (Бу ўз қавми томонидан пайғамбарлиги) инкор қилинган киши (яъни Нуҳ пайғамбар) учун мукофотдир” [Қамар: 10-14]; Яъни, бу кема Бизнинг ҳифзу-ҳимоямиз, ғамхўрлигимиз, қўриқчилигимиз ва бевосита уни кўриб туришимиз остида сувда сузажак.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Дарвоқе, Биз сув туғёнга тушган вақтида сизларни (Нуҳ пайғамбар ясаган) кемада кўтардик. Биз у (ишни, яъни мўминларга нажот бериб, кофирларни сувга ғарқ қилиб юбориш)ни сизлар учун эслатма-ибрат қилиш учун ва англагувчи қулоқлар англаб – эшитиб олишлари учун (қилдик)” [Ал-Ҳаққа: 11-12].

Бир гуруҳ муфассирларнинг айтишича, сув ер юзидаги энг баланд тоғ миқдорича кўтарилиб, бутун ер юзасини: эни ва бўйини, текислик ва тепаликларни, тоғлар ва саҳроларни қоплаган. Ер юзидаги тирик жонзотлардан на катта ва на кичик нарсалар, бирон нарса тирик қолмаган.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: “Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, у кофирлар билан бирга қолмагин!”. У деди: “Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб оламан”. (Нуҳ) айтди: “Бугун Аллоҳнинг амридан сақлагувчи йўқдир,  магар Ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)”.  (Шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб қолди” [Ҳуд: 42-43]; Нуҳ алайҳиссаломнинг бу ўғли ножўя амал қилган кофир кимса эди. У ўз дини ва йўналишида отасига хилоф иш тутган  бўлиб, шу боис ҳалок бўлганлар қатори у ҳам ҳалок бўлган эди. Дарҳақиқат, отаси Нуҳ алайҳиссаломга насаб жиҳатидан қариндошлиги бўлмаган етти ёт бегона инсонлар дин ва йўналишда унга мувофиқ бўлганлари сабаб нажот топдилар. Нуҳ алайҳиссалом деди: “Менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўмин кишиларга нажот бергин” [Шуаро: 118].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Сўнгра): “Эй ер, сувингни ютгил, эй само,  ўзингни тутгин (яъни, “ёғишни бас қил”), дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда: “Золим қавмга халокат бўлғай”, дейилди” [Ҳуд:44]; Яъни, ер аҳолисидан халос бўлингач, унда Аллоҳдан ўзга нарсаларга сиғинадиган бирон кимса қолмагач, Аллоҳ таоло ерни сувини ютишга, осмонни эса ёмғирини тўхтатишга буюрди. Сув олдингига нисбатан камайди. Нуҳ қавми бошига Аллоҳ таоло азалий тақдирда битган муносиб азоб-уқубат тушди. Бу қавм зиёнига қудрат тили билан нидо қилиниб: “Улар раҳмат ва мағфиратдан даф бўлсинлар” – дейилди.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас, уни ёлғончи қилдилар. Шунда Биз уни ва у билан бирга бўлган (унга иймон келтирган) зотларни кемада қутқардик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни ғарқ қилиб юбордик. Чунки улар (қалб кўзи) кўр бўлган қавм эдилар” [Аъроф: 64], “Сўнгра уни (Нуҳни) ёлғончи қилишгач, Биз унга ва у билан кемада бирга бўлган кишиларга нажот бердик ва уларни дунёга бирин-кетин келиб кетадиган авлодлар қилиб яратдик. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилдик. (Эй Муҳаммад), мана (кофирликлари учун дўзах азоби билан) қўрқитилган кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!” [Юнус: 73], “Унга Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавмдан мадад-нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Шундай қилиб, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилиб юбордик” [Анбиё:77], “Биз унга ва у билан бирга бўлган кишиларга (одамлар, ҳайвонлар ва паррандалар билан) лиқ тўла бўлган кемада нажот бердик. Сўнгра (уларга нажот берганимиздан кейин) қолганларни ғарқ қилдик. Албатта бунда (яъни Нуҳ ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар” [Шуаро: 119-121], “Сўнг Биз (Нуҳ)га ва кема(даги) ҳамроҳларига нажот бердик ва  (тўфон балосини) барча оламларга оят-ибрат қилиб қўйдик” [Анкабут: 15], “Сўнгра бошқаларни (яъни Нуҳни ёлғончи қилган кимсаларни) ғарқ қилиб юбордик” [Соффат: 82], “Дарҳақиқат, Биз у (тўфон балоси)ни бир оят-ибрат қилиб қолдирдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?! Бас,  Менинг (пайғамбарларимни ёлғончи қилган кимсаларга кўрсатган) азобим ва огоҳлантириш қандоқ бўлди?! Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?” [Қамар: 15-17], “Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб,  дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Аллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни сиғинган бут-санамлари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар). Нуҳ айтди:  “Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен агар уларни (ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар” [Нуҳ: 25-27].

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг дуосини мустажоб қилди. Оқибатда, унинг кофир қавмидан бирон тирик зот қолмади.

Хулоса шуки, Аллоҳ таоло кофирлардан ҳеч кимсани қодирмай ҳалок қилди. Шундай экан, қандай қилиб айрим муфассирлар Авж ибн Унуқ (Ибн Аноқ ҳам дейилади) Нуҳ алайҳиссаломдан илгари замонлардан то Мусо алайҳиссалом замонасига қадар мавжуд бўлган эди, деб даъво қиладилар?!

Уларнинг айтишларича, Авж исёнкор кофир ва қайсар зўравон бўлган! Яна уларнинг айтишларича, у валади зино ҳисобланиб, онаси Унуқ бинти Одам уни зинодан орттирган. У бўйи ниҳоятда узунлигидан денгизлар тубидаги балиқларни овлаб, уларни қуёш гардиши тафтида пиширар экан.  У кемада кетаётган Нуҳ алайҳиссаломга қараб: “Бу сенинг косачанг нимаси?” – дея масхара қилган экан. Айтишларича, унинг бўйи уч минг уч юз ўттиз уч газ ва бир газнинг учдан бир улуши миқдорича бўлган экан. Бу ва бундан бошқа талай бемаъни сўз ва ҳикоялар қатор тафсир ва тарих китобларида мавжуд бўлмаганида, биз уларни ҳикоя қилиб ўтирмаган бўлур эдик. Зеро, бунингдек сўзлар бўлмағур ва нотўғри бўлиши билан бир қаторда, ақл ва Қуръону ҳадис далолатига ҳам зиддир.

Бу сўзларнинг ақл далолатига зидлиги шундаки, қандай қилиб Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғлини, гарчи унинг отаси умматнинг пайғамбари, иймон аҳлининг йўлбошчиси бўлсада кофирлиги сабаб ҳалок қилиб, муфассирларнинг ўзлари айтишганидек, куфр ва зулмда ҳаддидан ошган Авж ибни Унуқни ҳалок қилмай қолдириши мумкин?!

Мазкур ҳикоянинг Қуръон ва ҳадис далолатига зидлигига келсак, бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сўнгра бошқаларни (яъни Нуҳни ёлғончи қилган кимсаларни) ғарқ қилиб юбордик” [Соффат: 82], “Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин” [Нуҳ: 26].

Қолаверса, Авжнинг бўйи тўғрисида бу муфассирлар зикр қилган нарса “икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да келган ҳадисга зиддир. Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло Одамни яратди. У пайтда унинг бўйи олтмиш газ эди. Шундан сўнг то ҳозирга қадар Одам боласининг хилқати кичрайиб келмоқда”. Бу – ҳаводан келиб чиқиб сўзламайдиган ростгўй, хатодан холи ва у зотга фақат рост сўзлар ваҳий қилинадиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган бир ваҳийдир” [Нажм: 4]. Бу ҳадисдан шу нарса тушуниладики, одамларнинг бўйлари Одам алайҳиссалом давридан тортиб, то мана шу ҳадис сўзланган вақтга қадар, шунингдек, то қиёматга қадар қисқариб боради. Бундан чиқди Одам алайҳиссалом зурриётида ундан кўра узунроқ киши вужудга келмаган.

Ахир қандай қилиб оят ва ҳадислар далолати ташланиб, улардан ғафлатда қолиниб, Аллоҳ таоло нозил қилган муқаддас китобларни ўзгартирган, уларни ўринларини алмаштирган ва турли бўлмағур ва нотўғри изоҳлар билан тўлдирган аҳли китоблардан бўлмиш кофир ва ёлғончи кимсаларнинг сўзларини олиш мумкин?! Ундан ҳам баттари фақат уларнинг ўзларигина нақл қилган ва сўзлаган маълумотларни улардан олишга нима дейсиз?! Ваҳоланки, улар хиёнатчи ва каззоб кишилар бўлсалар?! Уларга то қиёматга қадар Аллоҳнинг кетма-кет лаънатлари бўлсин! Менимча, Авж ибн Аноқ тўғрисидаги бу маълумотларни аҳли китоблар ичидаги айрим пайғамбарлар душмани бўлмиш худосиз ва мараз кимсалар тўқиб чиқарган бўлсалар керак, валлоҳу аълам[1].

Сўнгра Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг фарзанди хусусида Унга қилган мурожаати ва масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ундан фарзандининг ғарқ бўлиши ҳақида сўраганини зикр қилди. Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолодан сўради: “Албатта, Сен менга оиламни мен билан бирга нажот топажагини ваъда қилган эдинг. Ҳолбуки, ўғлим оиламдан бўлсада ғарқ бўлдику?!”.

Нуҳ алайҳиссаломга фарзандининг нажот топиши ваъда қилинган оиласидан эмаслиги хабар қилинди: “Дарҳақиқат, Биз сенга оилангни ҳам нажот топишини, бироқ улардан тақдири азалда кофирлиги битилган кимсалар бунга кирмаслигини ҳам айтган эдик. Оқибат, бу фарзандинг кофирлиги сабаб ғарқ бўлажак кимсалардан бўлиши тақдирда битилган кишилардан бўлди. Шу боис, қисмат уни иймон аҳли доирасидан ўзини четга олиш сари етаклади, куфр ва туғён аҳлидан иборат ўз жамоатига қўшилиб ғарқ бўлди”.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло деди: “(Шунда) айтилди: “Эй Нуҳ, Бизнинг тинч, саломат сақлашимиз билан ва ўзингга ҳамда сен билан бирга бўлган кишиларнинг зурриётларига бўладиган хайр-баракалар билан (кемадан ерга) тушгин. (Яъни, сен ва сенга иймон келтирган кишиларга Биз томондан тинчлик-омонлик ва файзу баракалар етар). Яна бошқа (яъни, кофир) жамоалар ҳам келурки, Биз уларни ҳам озгина фойдалантирурмиз, сўнгра эса уларни Биз томондан аламли азоб тутар” [Ҳуд: 48]; Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга ер юзидаги сув ерга сингиб, ерда юриш ва қарор топиш имконияти туғилгач, кемадан тушишга буюрди. Кема узоқ сафардан сўнг Жудий тоғи устида қарор топган эди. Жудий тоғи Араб Ярим Оролидаги машҳур тоғдир. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни соғ-саломат, унга ва кейинчалик ундан туғилажак умматларга хайр-баракалар ёғилган ҳолда кемадан тушишга буюрди. Зеро, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом билан бирга бўлган мўминлардан бирон фарзанд-насл қолдирмади. Фақат Нуҳ алайҳиссаломдангина насл қолди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Унинг зурриётини (қиёматга қадар) боқий қолгувчи кишилар қилиб қўйдик” [Соффат: 77]; Шундай қилиб, ҳозирда ер юзида мавжуд барча башарият ирқларининг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг уч фарзанди: Сом, Ҳом ва Ёфасга бориб тақалади.

[1] Муаллиф Авж ибн Унуқ тўғрисидаги хабарни рад қилиб жуда яхши иш тутган. Дарҳақиқат, мен бу масалани батафсил ёритиб, “Таъвили мухталафил ҳадис” асарига ёзган изоҳларимда (524-526-бетлар) бу ҳадиснинг ёлғон ва тўқима ҳадис эканига ҳадис уламоларининг иттифоқ қилганини айтиб ўтганман. Истасангиз мазкур асар шарҳига мурожаат қилинг.

Изоҳ қолдиринг