Инсон ички аъзоларини бошқаларга кўчириш

0

Савол:

Донорлик қилиш ёхуд инсон ўз ички аъзоларини бошқаларга улашиши жоизми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Замонамиз мўътабар уламоларининг барчаси инсон тириклик чоғида ёки вафотидан сўнг ўз аъзоларидан бирини сотиши жоиз эмас, деган фиркни билдиришган. Чунки инсоннинг танаси унинг шахсий мулки бўлмай, балки Аллоҳ таолонинг унга берган омонатидир. Шариатимиз инсон ўз мулки бўлмаган нарсани сотишидан қайтарган. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ўзингда бўлмаган нарсани сотма[1]”, яъни ўзинг эга бўлмаган нарсани сотма.

Бироқ инсон тириклик чоғида ўз аъзоларидан бирини бошқа бир инсоннинг жонини сақлаб қолиш учун беминнат, яъни бирон моддий эвазсиз бериши хусусида замондош уламолар турли фикр билдиришган. Улардан баъзилари бу ишни жоиз эмас, деганлар.

 Малайзияда бўлиб ўтган халқаро ислом коференсияси[2], Ислом фиқҳи академияси[3], Саудия Арабистони катта уламолар ҳайъати[4], шунингдек, Иордания, Қувайт, Миср ва Жазоир фатво қўмиталарининг уламолари инсон бошқа бир инсонга ўз аъзоларидан бирини эвазсиз бериши қуйидаги шартлар асосида жоиз бўлади, деб фатво беришган.

  1. Аъзоси олинадиган инсонга бирон зарар етмаслиги.

  2. Аъзоси олинадиган инсоннинг балоғатга етган, эс-ҳушли ва мусулмон бўлиши.

  3. Аъзоси олинадиган инсоннинг рози бўлиши.

  4. Хасталикни даволашнинг бундан ўзга чораси бўлмаслиги.

  5. Аъзони кўчириш амалиёти муваффақиятли якунланиш эҳтимоли юқори бўлиши.

“Ислом фиқҳи академияси[5]” уламоларининг фикрича, тирик мусулмонга майитнинг аъзоларидан бирини кўчириш жоиз бўлиши учун қуйидаги шартлар талаб қилинади:

  1. Майитнинг ўлимидан олдин бу ҳақда васият қилиши ёки унинг ота онаси, яқин қариндошлари ёки валийсининг розилиги. Агар майитнинг кимлиги номаълум бўлса, у ҳолда мусулмон раҳбарнинг рози бўлиши талаб қилинади.

  2. Майитнинг аъзосини кўчиришга эҳтиёж ва зарурат бўлиши.

  3. Аъзонинг моддий эвазсиз берилиши.

Хулоса қиладиган бўлсак, инсон тириклик чоғида ўз аъзоларидан бирини бошқа бир мусулмоннинг жонини сақлаб қолиш учун моддий эвазсиз бериши юқоридаги шартлар асосида жоиздир. Шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, албатта мусулмон киши бу ишга ишончли ва моҳир мутахассис шифокорлар тавсиясидан келиб чиқибгина қадам қўйиши керак. Зеро, ҳар қандай инсоннинг аъзолари бошқа бир инсонга мос келмаслиги мумкин, валлоҳу аълам.

[1] Аҳмад (3/402), Абу Довуд (3503) ва Термизий (1232) ривояти. Шайх Албоний “Ирвоул ғалил” (1292) китобида саҳиҳ санаган.[2] 1969 йил апрель ойида Малайзияда бўлиб ўтган халқаро ислом конференсияси баёнотида шундай дейилади: “Зарурат туғилганда инсон аъзосини бошқа бир инсонга кўчириш жоиз, бироқ аъзоларни сотиш ҳаромдир”.
[3] Маккаи Мукаррама шаҳрида ҳижрий 1406 йил, 28 рабеул охир – 7 Жумодил-увло (милодий 1985 йил, 19 – 28 январ) оралиғида бўлиб ўтган “Ислом фиқҳи академияси”нинг навбатдаги қурултойида уламолар шундай қарор қиладилар: “Инсон аъзоларини бошқа бир инсонга кўчириш тўрт шарт билан жоиз бўлади: 1. Аъзоси олинадиган инсонга бирон зарар етмаслиги. 2. Аъзоси олинадиган инсоннинг розилиги. 3. Хасталикни даволашнинг ўзга чораси бўлмаслиги. 4. Аъзони кўчириш амалиёти муваффақиятли якунланиш эҳтимоли юқори бўлиши”.
Мазкур қурултой аъзоси Доктор Шайх Бакр Абдуллоҳ Абу Зайд бу масалада бир тўхтамга келмаганини маълум қилган. Шунингдек, Доктор Шайх Солиҳ ибн Фавзон майитнинг аъзосини тирик инсонга кўчиришни жоиз эмас, деган фикрни билдирган.
[4] “Саудия Арабистони катта уламолар ҳайъати” қуйидагига иттифоқ қилган: “Тирик мусулмон ёки зиммий инсоннинг бирон аъзоси ёки унинг бир қисмини ўзининг бошқа бир ерига кўчиришга ҳожат туғилса ва уни кўчиришда  хатар бўлмаса ҳамда муваффақиятли ўрнатиш эҳтимоли юқори бўлса, у ҳолда аъзони кўчириш жоиздир”. Шунингдек, Ҳайъатнинг аксар аъзолари: “Тирик мусулмон кишига майитнинг бирон аъзоси ёки унинг бир бўлагини кўчириш зарурати туғилиб, майитдан мазкур аъзони олишга унинг яқинлари норози бўлмасалар ва кўчириш амалиёти муваффақиятли якунланиш эҳтимоли юқори бўлса, майитнинг бирон аъзоси ёки бир бўлагини тирик инсонга кўчириш жоиз”, деб қарор қабул қилишган. Қолаверса, ҳайъат уламолари: “Инсон бирон аъзога ўта муҳтож бўлган мусулмон кишига ўша аъзосини бериши жоиз”, деб қарор қабул қилишган. 11/6/1402 ҳижрий йил, 99-сонли қарор.
[5] Ислом фиқҳи академиясига оид тадқиқотлар, “Инсон тирик ёки майит инсоннинг аъзоларидан фойдаланиши”, 8-бет, Доктор Абдуссалом Довуд Ал-Аббодий.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг