“Тармоқли маркетинг” ва “пирамидасимон савдо” ҳақида

0

Савол:

“Amway” ҳамда “Oriflame” каби пирамида шаклига асосланган фирмаларда ишлаш жоизми?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Аввало шуни айтиб ўтиш лозимки, мазкур савдо тури турлича номлар билан машҳур. Жумладан, унинг  “Пирамидасимон савдо”,  “Тўрсимон бозор”,  “Тармоқли маркетинг” (сетевой маркетинг), “кўп қўлли бозор” ва ҳоказо номлари мавжуд. Ушбу савдо турининг хулосаси шундан иборатки, унда харидор бошқаларни ҳам ўзи сотиб олган маҳсулотни сотиб олишга қониқтириши эвазига фирмадан маълум миқдорда фойда олиб туради. Унинг фирмадан оладиган фойдаси мижозларни кўпроқ жалб қилиши эвазига ортиб боради. Одатда бу фирмага аъзо бўлган киши асосан таниш-билишлар, қариндош-уруғлар ичидан мижозлар жалб қилади. Бу турдаги фирмаларда ишлаш ёхуд одамларни уларнинг тузоғига туширишга ҳисса қўшиш ҳаром саналади. Сабаби бу каби фирмалардан келадиган фойда одамларнинг пулини ботил йўл билан ейиш ҳамда ноаниқликка асосланган. Бунинг изоҳи қуйидагича:

Бу каби фирмалар ривожланиши учун зиён кўрувчи табақа бўлиши шарт. Ҳар қандай ҳолатда ҳам энг қуйи табақа зарар кўриб, энг ёқори табақа фойда кўради. Акс ҳолда, юқори табақадагиларнинг мўмай даромадлари амалга ошмайди. Бу ингилизларнинг “Zero sum” қоидасига асосланган. Бу эса одамларнинг пулини ботил йўл билан ейиш саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ўрталарингизда пулларингизни ноҳақ йўл билан еманглар ва била туриб одамларнинг пулларини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида ҳокимларга пора берманглар” (Бақара: 188).

Бу каби фирмалар харидорни келадиган фойдага шерик қилиш учун ундан аъзолик бадали сифатида маълум миқдорда пул талаб қилади. Ваҳоланки, келадиган фойда ноаниқ. Негаки, харидор тўлаган пули эвазига қанча миқдорда фойда олиши ёхуд умуман фойда олиш-олмаслиги ноаниқ. Баъзи фирмалар харидордан аъзолик бадали сифатида пул талаб қилмаса-да, харидор товарни муҳтож бўлгани учун олмайди. Аксинча, фирманинг фойдасига шерик бўлиш мақсадида сотиб олади ва бу пулни беришда кўзлаган мақсади амалга ошиш-ошмаслиги номаълум бўлади. Бундай мавҳумликка асосланган савдо-сотиқлар шариатимизда ҳаром саналади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг