Қайин сингил маҳрам саналадими?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ. Аёлимнинг туғишган синглиси менга маҳрам бўладими ёки йўқми? Илтимос, далилларини ҳам айтсангиз.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Эркак киши никоҳланиши ҳаром қилинган аёллар икки турга бўлинади. Бири опа-сингил, хола, амма каби буткул уларга никоҳланиш ҳаром қилинган аёллар, иккинчиси эса қайин сингил, бировнинг никоҳидаги аёл каби вақтинчалик никоҳланиш ҳаром қилинган аёллар.

Биринчи турдаги аёллар, яъни уларга никоҳланиш мутлақ ҳаром қилинган аёллар эркак кишининг маҳрамлари саналади. Эркак улар билан холи қолиши, маҳрам сифатида уларни сафарга олиб чиқиши мумкин. Улар Нисо сурасининг 22-23-оятларида санаб ўтилганлар: “Оталарингиз уйланган аёлларни никоҳингизга олманглар. Бироқ олдин ўтганларини Аллоҳ авф этар. Албатта бу иш хунук, жирканч ва ёмон йўлдир. Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, сизларни эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз ҳамда сизлар яқинлик қилган хотинларингиздан бўлган, қарамоғингиздаги ўгай қизларингизга никоҳланиш ҳаром қилинди. Агар хотинларингизга яқинлик қилмаган бўлсангиз, (у ҳолда хотинларингизни талоқ қилиб, унинг қизига уйланишингизнинг) сизларга ҳеч қандай гуноҳи йўқ. Яна ўз пушти-камарингиздан бўлган фарзандларингизнинг хотинлари (яъни келинларингиз) ҳамда опа-сингилни бир вақтда ўз никоҳингизга олишингиз ҳам ҳаром қилинди. Бироқ (бу оят нозил бўлишидан) олдин ўтган ишларни Аллоҳ мағфират қилгай. Зеро, Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон зотдир”. Маҳрамлар ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун “Маҳрамлар ҳақида”ги фатвога мурожаат қилишингиз мумкин.

Иккинчи турдаги аёллар эса эркакка маҳрам саналмай, балки эркак киши маълум бир сабабларга кўра вақтинча  уларни ўз никоҳига олиши ҳаромдир. Мазкур сабаб кетиши билан эркак уларни ўз никоҳига олиши мумкин бўлади.  Умуман олганда эркак кишининг бирон аёлга шаръан уйланиши жоиз эмаслигидан ҳар доим ҳам у аёлнинг ўша эркакка маҳрам экани келиб чиқавермайди. Масалан, эркак киши бировнинг никоҳидаги аёлга уйланиши ҳаром. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Яна эрлик аёллар ҳам сизларга ҳаром қилинди” (Нисо: 24). Лекин аёл эридан ажрашиб, иддаси тугаса, унга бошқа бир эркак уйланиши жоиздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Агар эр хотинини (учинчи марта) талоқ қилса, энди у бошқа эрга никоҳланиб чиқмагунича олдинги эрига ҳалол бўлмайди” (Бақара: 230) Яна бошқа бир мисол, тўртта хотини бор эркак бошқа бир аёлни бешинчи хотин қилиб никоҳига олиши ҳаром. Лекин бу дегани унга дунёдаги бошқа барча аёллар маҳрам дегани эмас, албатта.

Шундан келиб чиқиб, вақтинча уйланиш ҳаром бўлган қайин сингил поччасига маҳрам бўлмайди. Бунга далил унинг маҳрам эканига далил йўқ эканидир. Зеро, эркак ва аёл ўртасида маҳрамлик собит бўлиши учун далил лозим. Шундай бўлса-да, баъзи авом кишилар юқорида зикр қилинган (бир вақтнинг ўзида опа-сингилни никоҳга олиш жоиз эмаслиги тўғрисидаги) оятни нотўғри тушуниб, уни қайин сингил маҳрам бўлишига далил қилишади. Албатта бу нотўғри тушунчадир. Эҳтимол, опа-сингилнинг бир вақтда бир эркакнинг никоҳида бўлиши ҳаром экани юқоридаги оятда маҳрамлар қаторида зикр қилиниши уларда мазкур шубҳани пайдо қилган бўлиши мумкин, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг