Али розияллоҳу анҳу: ташқи кўриниши ва исломни қабул қилиши

0

Ташқи кўриниши

Али розияллоҳу анҳунинг ташқи кўриниши ҳақида Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Али розияллоҳу анҳунинг шакл-шамойили ҳақида мен учратган энг яхши маълумотларга кўра, у бироз калтадан келган ўрта бўйли, катта кўзли, юзи тўлин ойдек чиройли, қорни катта, кенг елкали, чайир, бўйни худди кумуш кўзага ўхшаган, тепакал, қалин соқолли, елка суяклари худди йиртқич ҳайвонларникидек йўғон, бирдек йўғонлигидан билаги билан қўл мушакларини ажратиб бўлмайдиган, юрса мағрур юрадиган, бировнинг қўлидан ушласа нафас олдирмай қўядиган даражада маҳкам ушлайдиган, бироз семиздан келган, қўл ва билаклари бақувват, доим жангга шай турадиган, аъзолари жой-жойида, бақувват ва шижоатли бўлган”.

Исломни қабул қилиши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келишидан олдин Қурайш бошига қаттиқ очарчилик тушган эди. Абу Толиб камбағал, айни вақтда серфарзанд киши эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга бу қийинчиликлар ўтиб кетгунича Абу Толибнинг фарзандларидан баъзиларини ўз қарамоқларига олишни таклиф қилдилар ва Аббос розияллоҳу анҳу бу таклифни қабул қилди. Улар Абу Толибнинг олдига келиб унга: “Бу қийинчиликлар ўтиб кетгунига қадар баъзи фарзандларингизни биз ўз қарамоғимизга олайлик” – дедилар. Абу Толиб бу таклифга рози бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳуни, Аббос розияллоҳу анҳу эса Жаъфар розияллоҳу анҳу ўз қарамоқларига олдилар. Шу тариқа Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида тарбия топди. Қурайшнинг бошига тушган бу кулфат Аллоҳ таолонинг Али розияллоҳу анҳуга ато этган энг катта неъматларидан бирига айланди. Негаки, у хулқи Қуръон бўлган энг яхши устознинг, яъни Расули Акрамнинг қўлларида тарбияланди, ваҳий келганида биринчилардан бўлиб исломни қабул қилиш бахтига муяссар бўлди, ёшлигиданоқ исломнинг дастлабки тарихига гувоҳ бўлди. Жаъфар розияллоҳу анҳу ҳам исломни қабул қилиб, ўз кунини ўзи кўрадиган даражага етгуни қадар амакиси Аббос розияллоҳу анҳунинг қарамоғида қолди. Кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толибнинг қилган яхшиликларини жавобсиз қолдирмадилар. Абдулмутталиб вафот этганидан кейин Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз қарамоғига олганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам унинг бошига қийинчилик тушганида унга бу яхшиликнинг жавобини қайтардилар.

Уламолар Хадича розияллоҳу анҳодан кейин исломни биринчи қабул қилган шахс ким экани ҳақида ихтилофлашганлар. Баъзи уламолар Абу Бакр розияллоҳу анҳу дейишса, баъзилари Али розияллоҳу анҳу дейишган. Бу ихтилофнинг хулосаси ҳақида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Хулоса шуки, биринчи бўлиб исломни қабул қилган аёл Хадича розияллоҳу анҳо, биринчи бўлиб исломни қабул қилган қул Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу, биринчи бўлиб исломни қабул қилган бола Али розияллоҳу анҳу бўлган. Чунки машҳур ривоятга кўра, Али розияллоҳу анҳу ўша вақтларда балоғатга етмаган ўспирин бўлган. Юқоридагилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилалари бўлишган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса биринчи бўлиб исломни қабул қилган ҳур эркак ҳисобланади. У кишининг исломга кириши юқоридагиларникидан кўра ислом учун фойдали бўлган. Чунки Абу Бакр розияллоҳу анҳу қавмида орасида улуғ, Қурайш ичида ҳурматга сазовор ва бой кишилардан бўлиб, исломга даъват қилувчи, одамлар қалбида меҳр-муҳаббат қозонган, Аллоҳ ва Расулининг тоати учун мол-давлатини авайламай сарфлар эди”.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг