Аёл кишига ҳажнинг фарз бўлиши шартлари

0

Аёл кишига ҳажнинг фарз бўлиши шартлари

Аёл кишига ҳаж қилиш фарз бўлиши учун олдин айтиб ўтилган ҳажнинг фарз бўлишига доир умумий шартларга қўшимча унга сафар давомида ҳамроҳлик қиладиган маҳрам бўлиши ҳам шарт қилинади. Агар аёл кишининг бирга сафар қиладиган маҳрами бўлмаса, у ҳолда шаръий нуқтаи назардан ҳаж қилишдан ожиз ҳисобланади.

Аёл киши ҳажга бориши учун маҳрам бўлиши шарт эканига қуйидаги ҳадис далил бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аёл киши фақат маҳрам ҳамроҳлигида сафар қилиши мумкин. Шунингдек, унинг ҳузурига маҳрамсиз бегона эркаклар кириши мумкин эмас”. Шунда бир киши сўради: “Эй Расулуллоҳ, мен фалон қўшинга қўшилиб жангга чиқмоқчиман, хотиним бўлса ҳаж қилмоқчи?”. “(Хотининг ҳаж қилиши учун) у билан бирга чиқ” – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам[1].

Айрим мулоҳазалар:  

1. Аёл кишига ҳамроҳлик қиладиган маҳрамдан мақсад унинг эри ёки насаб-қариндошлик, эмиш ёки турмуш қуриш сабабли уларга абадий турмушга чиқиши ҳаром бўлган эркак кишилардир.

Насаб-қариндошлик сабабли маҳрам эркаклар еттита: (1) ота, (2) ўғиллар, (3) ака-укалар, (4) ака-укаларнинг ўғиллари, (5) опа-сингилларнинг ўғиллари, (6) амакилар ва (7) тоғалар.

Эмиш сабабли маҳрамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига кўра маҳрамлиги собит бўлган кишилардир: “Насаб сабабли кимлар маҳрам бўлса, эмиш сабабли ҳам ана ўшалар маҳрам бўладилар[2].

Турмуш қуриш сабабли маҳрам бўлган эркаклар тўртта: (1) қайнота, (2) ўгай ўғил, (3) куёв (булар учаласи никоҳ ақди – шартномаси тузилиши билан маҳрамга айланадилар) ва (4) ўгай ота (онаси билан жинсий яқинликдан сўнггина маҳрамга айланади).

Шу ўринда алоҳида эслатиб ўтиш лозимки, эрнинг ака-укалари, яъни қайин ака-укалар, эрнинг амаки ва тоғалари аёлга маҳрам бўлмайдилар. Шунингдек, аёлнинг опа-сингилларининг эрлари, яъни куёв ёки поччалари ҳамда аёлнинг амакивачча ёки тоғаваччалари ҳам унга маҳрам эмаслар.

2. Аёлга маҳрам бўлган кишининг балоғат ёшига етган ва эс-ҳушли бўлиши шартдир. Шунингдек, унинг мусулмон бўлиши ҳам шарт бўлиб, кофир эркак муслима аёлга маҳрам бўлолмайди.

3. Агар аёл киши ҳажга бориш учун моддий имкониятга эга бўлса-ю, бироқ унга ҳамроҳлик қиладиган маҳрами йўқлиги сабаб ҳаж қилмай вафот этиб кетса, қолдириб кетган мол-мулкидан ҳаж қилишга етарлик маблағ ажратиладими ёки йўқми? Бу масалада уламолар икки хил фикр билдиришган.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билган фикрга кўра, у қолдириб кетган меросдан ҳажга етарлик маблағ ажратилади. Негаки, бу аёлнинг ҳолати ҳаж вожиб бўлиш талабларига жавоб беради. Маҳрам шарт қилинишидан мақсад сафар мобайнида аёлни асраб-авайлашдир”[3]. Бу шофеий ва ҳанбалийлар мазҳабларининг фикри бўлиб, шу фикр рожиҳдир. Бироқ бу ҳолатда аёл ҳаж қилмагани учун гуноҳкор бўлмайди. Негаки, у узрли сабабга биноан ҳаж қилмаган.

4. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ ҳаж қилмаган аёл ҳақида шундай дейди: “Бундай аёл эридан ҳаж қилиш учун рухсат сўрайди. Эри рухсат берса, яхши, акс ҳолда, бирон маҳрами билан ҳаж сафарига отланади. Зеро, ҳаж Аллоҳ фарз қилган амаллардан бири, бу борада эрининг рухсати шарт эмас[4].

Бироқ аёл маҳрамсиз сафар қилишни хоҳлаши каби аёлнинг ҳолати ҳаж талабларига жавоб бермаса, у ҳолда эри уни сафардан ман қилишга ҳаққи бор. Бу ҳукм фарз ҳажга тегишли ҳукм, нафл ҳажда эса эр хотинини мутлақ ман қилишга ҳақлидир.

Ибнул Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен билган барча уламолар эр хотинини нафл ҳажни адо этиши учун сафарга чиқишидан ман қилишга ҳаққи борлигига ижмо қилганлар[5]. Бироқ аёл ҳаж қилишни назр қилган бўлса, у ҳолда эри уни сафардан ман қилишга ҳақи йўқ, чунки назрга вафо қилиш вожиб бўлгани боис назр қилинган ҳаж фарз ҳажга ўхшайди[6].

5. Агар эр аёлига нафл ҳаж қилиш учун рухсат берган бўлса, модомики аёли эҳромга кирмаган бўлса, рухсатидан қайтишга ҳаққи бор. Борди-ю, аёл эрининг рухсатисиз нафл ҳаж сафарига отланган бўлса, у ҳолда гарчи эҳромга кирган бўлса ҳам уни эҳромдан чиқаришга ҳаққи бор. Бундай ҳолатда аёлнинг ҳукми “муҳсар” – бирон сабаб туфайли Маккага етиб бора олмаган кишининг ҳукми билан баробар бўлади.

6. Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Эри ўлган аёл идда асносида ҳаж сафарига чиқмайди. Буни Имом Аҳмад сўзма-сўз зикр қилган. Агар аёл эрига қайтиш имконияти бўлмаган идда сақлаётган бўлса, у ҳолда ҳаж сафарига чиқиши мумкин. Ражъий идда сақлаётган аёл ҳануз эрининг измида – унга хотин саналгани боис эридан берухсат сафарга чиқиши жоиз эмас. Борди-ю, бундай аёл ҳаж сафарига чиққач, эри вафот этса, у ҳолда агар уйидан кўп узоқлашмаган бўлса, ортга қайтиб, уйида идда сақлайди. Борди-ю, уйидан анча узоқлашиб кетган бўлса, у ҳолда йўлида давом этаверади[7].

Маълум бўлишича, Умар розияллоҳу анҳу идда асносида ҳаж ёки умра қилиш учун сафарга чиққан аёлларни сафардан қайтарган[8].

Шунга биноан ражъий талоқ иддасида ўтирган аёл ҳаж сафарига чиқиш учун эридан рухсат олиши шарт.

7. Эр гарчи бой-бадавлат бўлсада шариат нуқтаи назаридан аёлининг ҳаж қилиш харажатларини кўтариши вожиб эмас. Шундай бўлсада имкони бор кишилар хайр-эҳсон бобидан аёлига ҳаж қилдириши яхши амалдир[9].

[1] Бухорий (1862), Муслим (1341) ва Ибн Можа (2900) ривоят қилишган.

[2] Бухорий (2646), Муслим (1444), Абу Довуд (2055), Термизий (1147) ва Насоий (6/98) ривоят қилишган.

Айтайлик, бир қиз чақалоқлигида бир аёлни эмган бўлса, ўша аёлнинг эри унга эмакдош ота (1), ўғиллари эмакдош ака-укалар (2), эмакдош ака-укаларининг ўғиллари эмакдош жиянлар (3) (яъни уларга амма бўлади), аёлнинг қизлари томонидан бўлган ўғил неваралари эмакдош жиянлар (4) (яъни уларга хола бўлади), аёлнинг қайин ака-укалари эмакдош амакилар (5) ва ниҳоят аёлнинг ака-укалари эса эмакдош тоғалар (6) бўлиб қолади. Шунингдек, бир аёл бирон ўғил болани чақалоқлигида эмизса, ўша чақалоқ аёлга эмакдош бола (7) саналади.

[3] “Ал-муғний” (3/237).

[4] Саҳиҳ. Ибн Абу Шайба ривояти (3/339).

[5] “Ал-ижмоъ” (16-бет).

[6] Қаранг: “Ал-муғний” (3/240).

[7] “Ал-муғний” (3/240-241).

[8] Ибн Абу Шайба ривояти (3/326). Асар ровийлари ишончли кишилар.

[9] Қаранг: Саудия Доимий Фатво Қўмитасининг 1071-сонли фатвоси.

Изоҳ қолдиринг