Пайғамбар уйида бир кеча: ўн биринчи аёлнинг ҳикояси (1)

2

Охирги аёл бу ҳадис қаҳрамони бўлиб, унинг исми Умму Зардир. Шу боис биз ўрганаётган ҳадис “Умму Зар ҳадиси” номи билан танилган. Умму Зар эри ҳақида гап бошлар экан, шундай дейди: “Абу Зар эрим мени, билмайсизда сиз уни”. Умму Зар тингловчиларнинг диққатини тортиш ва ҳикоясига бўлган қизиқишларини орттириш мақсадида сўзини ана шундай сўзлар билан бошлади. Зеро, бу сўзни эшитган тингловчиларда “энди нима деркин”, деган савол туғилади ва ҳикоянинг давомини диққат билан тинглашади.

Осди қулоғимга сирға, тўлди билагим ёққа” – дея гапини давом эттирди Умму Зар. Эътибор берган бўлсангиз Умму Зар эрини мақташ асносида биринчи навбатда унга тилла тақинчоқлар олиб берганини айтмоқда. Чунки зебу зийнат аёлларнинг кўнглини олишда муҳим рол ўйнайди. Шунинг учун доноларимиз: “Тилла билан ипак аёлларни ақлдан оздиради” – деганлар.

Мақтади менга мени, ошиқ бўлдим ўзимга” – дея Умму Зар эрини мақташда давом этади. У бу гапи билан эрининг қанчалар ширин сўз эканини айтмоқда. Эри унга мурожаат қилганда “азизам”, “гўзалим” ҳамда “маликам” каби ширин сўзларни ишлатар ва “дунёда сендан гўзали йўқ” каби гаплар билан унинг кўнглини олар экан. Умму Зар бу гапларни кўп эшитгани туфайли ўзини чиндан ҳам шу даражада чиройли, деб ўйлаб қолган экан. Шунинг учун: “Ошиқ бўлдим ўзимга” – деди.

Умму Зар аслида, яъни Абу Зарга турмушга чиқишидан олдин ўзининг қай ҳолатда экани ҳақида шундай дейди: “Тоғ бағрида турар эдим, озғин қўйлар боғар эдим”. Яъни у шу даражада қийин аҳволда бўлганки, ўзи тугул, қўйлари ҳам озиб кетган. Баъзи ривоятларда: “Машаққатли яшар эдим, озғин қўйлар боқар эдим” – дейилади. Абу Зарга турмушга чиққанидан кейинги ҳолати ҳақида сўз юритиб, шундай дейди: “Мени у ердан олиб, ўз қавмига олиб келди. Улар от ва туяли, янчиб, элаб ер эди”. От ва туя араблардаги энг қимматбаҳо уловлардан саналган. Янчиб ейиш эса уларнинг деҳқон эканларини билдиради. Чунки экинни ўриб олгач, уни совуриш, донини ажратиб олгач, уни янчиш – бу деҳқоннинг иши. Умму Зар эрининг оиласи унни элаб ейишганини айтмоқда. Араблар элак нима эканини билишмаган. Чунки уларнинг элаб ейдиган даражада буғдойлари бўлмаган. Элак фақат ўта бой табақада бўлган. Бу сўзлари билан Умму Зар эри қай даражада бой бўлганини баён қилмоқда.

Умма Зарнинг эри бой ва ширинсўз бўлиши билан бирга хотинини жуда қаттиқ ҳурмат қилган ва у эрининг эркаси бўлган. Бу ҳақда Умму Зар шундай дейди: “Гапирсам мен олдида, деёлмас: бас, ҳеч кимса. Ухлайман қуёш чиққунча, ичаман то тўйгунча”. Бошқача қилиб айтганда, Абу Зар ўта ҳурматли бўлгани учун одамлар унинг хотинини ҳам ҳурмат қилишган. Ҳатто унинг ёнида туриб Умму Зар ҳар қанча гапирса ҳам, ҳеч ким унга “жим бўл” ёки “бўлди қил” дейишга журъат қила олмаган. Албатта бунинг учун Абу Зар уни қаттиқ ҳурмат қилган бўлиши керак. Зеро, эри ҳурмат қилмаган аёлни бошқалар ҳам ҳурмат қилмайди. Умму Зар эрининг шу даражада эркаси бўлганки, хоҳлаган вақтигача ухлар, уни ҳеч ким уйғотмас ҳамда хоҳлаган нарсасини ер, истаган нарсаси муҳайё бўлган.

 (Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion2 fikr

  1. Ummu Zaynab

    Assalomu alaıkum va rohmatulloh
    Ummu Zarnıng hıkoyasını davomı chıqganmı? Saytdan topa olmayapman

    • Абу Анас Ҳабибуллоҳ

      Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ! Ҳозирча чиққани шу, қолгани энди қўйилади, иншааллоҳ.

Reply To Абу Анас Ҳабибуллоҳ Cancel Reply