Оқава сувларни қайта ишлаш ҳақида

0

Савол:

Ҳозирги кунда одамларнинг уйларидаги ҳожатхона, ошхона ҳамда ҳаммомлардан оқиб чиқаётган оқава сувлар қайта тозаланиб, одамларнинг уйларига қайтадан узатилмоқда. Бу ҳол бутун дунёда кенг тарқалган. Шундай сувлар таҳоратга яроқлими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Бу борада Саудия катта уламолар ҳайъати тарафидан фатво чиққан. Биз қуйида шу фатвонинг матнини келтирамиз:

“Аллоҳ таолога ҳамду санолар, сўнг Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг оиласи ҳамда асҳобларига салавоту саломлар бўлсин!

Кейптаун шаҳридан чиқадиган “Муслим нюз” газетасининг бош муҳаррири тарафидан Ислом олами робитаси ташкилотига савол йўлланган экан. Саволнинг мазмуни шундан иборатки, у ердаги мусулмонлар катта бир муаммога дуч келибдилар. Сабаби, у ерда оқава сувлар қайта ишланиб, аҳоли истеъмоли учун узатилаётган экан. Мусулмонлар бу сувларни қайта тозаланганидан кейин ундан таҳорат олиш мақсадида фойдаланиш ҳақида савол йўллашибди. Ислом олами робитасининг таъсис кенгаши Робитага келган бу савол борасида фатво сўраб, Катта уламолар ҳайъатига мурожаат қилди ва Ҳайъатдан мавзуга оид тадқиқот ўтказиб, шунга биноан қарор чиқаришини илтимос қилди. Бу илтимосномага биноан мазкур ҳайъат ҳижрий 1398 йил, шаввол ойининг иккинчи ярмида Тоиф шаҳрида ўзининг ўн учинчи навбатдаги йиғилишини ўтказди.

Бу йиғилишда кенгаш ушбу мавзуга оид Илмий тадқиқотлар ва фатво доимий қўмитаси томонидан тайёрланган тадқиқот ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 30.05.1398 санадаги 1/1299 рақамли ёзма мурожаатини кўриб чиқди. Изланиш, муҳокама ва музокаралардан сўнг кенгаш қуйидагича қарор қабул қилди:

Бу сувларни тозалаш натижасида таъми, ранги ёхуд ҳидида ҳеч қандай ўзгариш асорати қолмайдиган даражада эски ҳолатига қайтса, кенгаш бу сувларни тоза деб санайди ва улардан нажосатларни тозалаш, таҳорат олиш яхуд ичиш учун фойдаланиш жоиз.

Зеро, уламоларнинг сўзларига кўра, нажосат аралашгани туфайли ўзгарган кўп сувлар ўз-ўзидан ёки унга тоза сув қўшиш орқали ёки узоқ вақт туриб қолиши, қуёш, шамол ва ҳоказолар таъсири остида эски ҳолатига қайтса тоза бўлади. Чунки сувни нажосатга чиқарган иллат сабаб кетса, шу сабабга таяниб чиқарилган ҳукм ҳам кетади.

Шунингдек, сувларни бир неча усуллар орқали нажосатдан тозалаш мумкин. Сувни замонавий илмий усуллар орқали нажосатдан тозалаш энг самарали услублардан биридир. Чунки бу усулда сувни нажосатдан тозалаш учун унга кўп миқдорда кимёвий моддалар қўшилади. Буни шу соҳанинг ишончли ва тажрибали мутахассислари тасдиқлашган.

Бироқ бу сувларни ичиш соғлиқ учун зарарли бўлса, у ҳолда бу сувлар нажосат саналгани учун эмас, балки соғлиқни асраш ҳамда зарарли нарсалардан четланиш учун бундай сувларни ишлатмаслик керак. Мажлис бу қарорни қабул қилар экан, шуни ҳам таъкидлаб ўтадики, соғлиқни эҳтиёт қилиш ва зарарли нарсалардан сақланиш, қолаверса, инсон табъи тортмайдиган ишлардан йироқ туриш учун имкон бўлганида бу сувларни ичмаган афзалдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у кишининг оила ва асҳобларига салавоту саломлар бўлсин!”

Катта уламолар ҳайъати

Исломий тадқиқотлар журнали (17/40, 41).

Манба: IslamQA саҳифаси

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг