Совчи устига совчи қўйиш

0

Совчи устига совчи қўйиш

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Бирон киши ундан олдин совчи қўйган биродари фикридан қайтмагунча ёки унга изн бермагунча унинг совчилиги устига совчи қўймасин[1].

Шунга биноан совчи қўйилган қиз ёки унинг валийси биринчи совчи қўйган йигитга очиқча розилик билдирган бўлса, унинг совчилиги устига совчи қўйиш ҳаром бўлади.

Мавзуга доир мулоҳаза ва эслатмалар:

(1) Айрим ҳолатларда совчи устига совчи қўйиш жоиз, жумладан:

  • Биринчи совчи қўйган кишининг қайтарилганини билса;

  • Ҳадисда айтилганидек, (“ёки унга изн бермагунча”) биринчи совчи қўйган киши кейингисига рухсат берса;

  • Биринчи совчи қўйган кишининг қизга уйланиш фикридан қайтганини билса.

    (2) Агар йигит ундан олдин бошқа бири қизга совчи қўйганидан бехабар совчи устига совчи қўйса гуноҳкор бўлмайди. Аммо киши ўзидан олдин бошқа бири совчи қўйганини билса-ю, бироқ унга қиз ёки унинг валийси розилик билдирдими ёки йўқлигини билмаса, бу ҳолатнинг ҳукми хусусида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Айрим уламолар бундай ҳолатда совчи устига совчи қўйиш жоиз дейдилар. Улар ўз фикрларини исботлаш учун Фотима бинти Қайснинг ҳадисини далил қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муовия, Абу Жаҳм ва Усома ибн Зайд совчи қўйган Фотима бинти Қайсга қарата шундай дейдилар: “Муовияга келсак, у мол-давлати йўқ бир камбағал, Абу Жаҳм эса хотинларни кўп урадиган одати бор, яхшиси сен Усомага турмушга чиқ…[2]. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи совчи қўйган кишидан кейин совчи қўйган иккинчи ва учинчи кишиларнинг ишига эътироз билдирмадилар. Бироқ бу ҳолатдан аёлнинг унга совчи қўйган эркакларнинг ҳеч бирига розилик билдирмаган ҳолати назарда тутилган.

Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, мазкур ҳолатда биринчи совчи қўйган йигитга рад жавоби берилганини аниқламагунча қизга совчи қўйиши жоиз эмас дейдилар. Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу фикрни рожиҳ деб билади. Бу гуруҳ уламолар юқорида келтирилган Фотима бинти Қайснинг ҳадиси далил бўлмаслиги, чунки Муовия ва Абу Жаҳм иккови бир вақтнинг ўзида совчи қўйган бўлиши ёки Абу Жаҳм ундан олдин Муовиянинг совчи қўйганини билмаган бўлиши мумкин, дейдилар.

(3) Айрим уламолар ҳадисда зикр қилинган “Бирон киши ундан олдин совчи қўйган биродарининг совчилиги устига совчи қўймасин”, деган сўздан фосиқ ёки кофирнинг совчилиги устига совчи қўйса бўлаверади, деган фикрга боришган. Негаки, мусулмон билан кофир ўртасида диний биродарлик йўқ бўлса, мўмин билан фосиқ ўртасида тўла маънода иймоний биродарлик ҳам йўқдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Мўмин мўминнинг биродаридир”, дейдилар.

Жумҳур уламолар эса гарчи биринчи совчи қўйган киши фосиқ ёки кофир бўлсада, унинг совчилиги устига совчи қўйиш жоиз эмас, дейдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисдаги “биродарининг совчилиги”, деган сўзларидан аксар ҳолатлар назарда тутилган. Бу ҳақда Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Маълумки, бирон ҳукм аксар ҳолатларни баён қилиш учун муайян бир сифат билан чекланган бўлса, ўша сифат йўқолиши билан ҳукм ўзгариб қолмайди”.

(4) Ҳадисда зикр қилинган “биродарининг совчилиги устига совчи қўйиш” тўғрисидаги қайтариқ умумий бўлиб, уйланиш таклифини очиқча айтиш ёки шунга ишора қилишни ҳам ўз ичига қамраб олади.

(5) Агар қиз ёки унинг валийси биринчи совчи қўйган йигитга розилик билдиргандан сўнг иккинчи йигит совчи қўйса ва қизни никоҳига олса, бундай ҳолатда гарчи иккинчи совчи қўйган гуноҳкор бўлсада, бироқ никоҳи дурустдир. Бу Имом Абу Ҳанифа ва Имом Шофеийнинг фикри ҳамда Имом Аҳмаддан ривоят қилинган икки ривоятнинг биридир. Шунингдек, Ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳ”да мазкур фикрнинг рожиҳ эканини айтади. Имом Молик эса бундай никоҳнинг ботиллигини айтган. Биринчи фикр тўғрироқдир, валлоҳу аълам.

(6) Агар бир аёлга биров совчи қўйса, ҳануз унга розилик билдирмасидан аввал, биринчи совчи қўйган кишидан бехабар бўлган бошқа бир эркакнинг совчи бўлишига рухсат бериши жоизми ёки йўқми?

Юқорида зикр қилинган Фотима бинти Қайснинг ҳадисидан бу ишнинг жоизлиги келиб чиқади. Бироқ аёл биринчи совчи қўйган эркакка розилик билдирса, у ҳолда яна бошқасининг унга совчи қўйишига рухсат бериши жоиз эмас.

(7) Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Шунингдек, мазкур масалада аёлларнинг ҳукми эркакларнинг ҳукмига қиёс қилиниб, мазкур ҳадис аёл киши бошқа аёлнинг совчилиги устига совчи қўйиши ҳаром эканига далил қилинади. Айтайлик, бирон аёлнинг бирон эркакка турмушга чиқиш иштиёқи бўлиб, уни ўзига уйланишга чорласа ва эркак бунга рози бўлса, шу аснода бошқа бир аёл пайдо бўлиб, бу эркакни ўзига уйланишга чақирса, биринчи совчи қўйган аёлдан эркакнинг кўнглини совутишга ҳаракат қилса, бундай ҳолатда иккинчи аёл ҳаром ишга қўл урган бўлади. Уламоларнинг айтишларича, аёлларнинг фозил эркакларга турмушга чиқиш мақсадида уларга совчи қўйиши мустаҳабдир. Бироқ маълумки, бу ҳолатда иккинчи совчи қўйган аёлнинг иши ҳаром бўлиши учун совчи қўйилган эркак фақат битта хотинга уйланишга қарор қилган бўлиши лозим. Акс ҳолда, эркак ҳар икки аёлни ҳам никоҳига олиши жоиз бўлиб, бу ҳолатда иккинчи совчи қўйган аёлнинг иши ҳаром бўлмайди[3].

[1] Бухорий (5142) ва Муслим (1412) ривояти. Шунингдек, шунга ўхшаш ривоятни Муслим Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан (1414) ҳамда Бухорий (5143) ва Муслим (1413) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

[2] Муслим (1480), Абу Довуд (2284), Термизий (1135), Насоий (6/75) ва Ибн Можа (1869, 2035) ривоят қилишган.

[3] “Фатҳул Борий” (9/200).

Изоҳ қолдиринг