Эҳтикор (монополия) ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Инсон пахта, буғдой ва шу каби молларни сотиб олиб, қиммат бўлганидан кейин сотса бўладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Динимизда жамият манфаати шахсий манфаатдан устун ҳисобланади. Шунинг учун якка шахс учун фойдали бўлса-да, сутхўрлик, порахўрлик каби жамият учун зарарли бўлган савдо кўринишлари ҳаром қилинган. Шунингдек, бозорда озиқ-овқатни нарх-навоси ошган вақтда сотиб олиб, уни сақлаш ва бозорда унинг нархи тобора ошиб боришига сабабчи бўлиш шариатимизда эҳтикор деб аталади ва бу иш ҳаром саналади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким эҳтикор қилса у гуноҳкордир” – деганлар (Муслим (1605) ривояти). Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса: “Ким мусулмонларнинг зарарига уларнинг таомларини эҳтикор қилса Аллоҳ таоло уни моховлик ҳамда бечораҳоллик билан балолайди” – деганлар (Ибн Можа (2155) ривояти, шайх Аҳмад Шокир бу ҳадисни саҳиҳ деганлар).

Уламоларимиз эҳтикорни турлича таърифлашган. Бироқ бу таърифларнинг барчаси битта маънони, яъни жамиятга зарар берадиган шаклда бозордаги нархни қимматлаштиришни ифодалайди. Аксар олимларнинг фикрларига кўра, инсон ўзи етиштирган маҳсулотини нарх қиммат бўлиши учун сотмай туриши ёки озиқ-овқатларни мавсумида сотиб олиб, мавсум тугаганидан кейин сотиши эҳтикор ҳисобланмайди. Масалан, кузда ҳамма деҳқонлар буғдойни йиғиштирганлари сабабли буғдой арзон бўлади. Шу вақтда буғдойни сотиб олиб, қишда одамларда буғдой қолмай, бозорда буғдойнинг нархи ошган вақтда сотиш эҳтикор саналмайди. Шунингдек, ҳанафий ва шофеий мазҳабларида озиқ-овқатдан бошқа нарсаларни сақлаб, нархини ошириш эҳтикор саналмайди. Бу ҳақда имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Уламоларимизнинг айтишларича, ҳаром қилинган эҳтикор фақат озиқ-овқатларда бўлади. Унинг сурати қуйидагича: тижоратчи озиқ-овқатни қимматчилик вақтида тижорат мақсадида сотиб олади ва уни дарҳол сотмай, нархи кўтарилгунича сақлаб туради. Агар озиқ-овқатни ўз қишлоғидан олиб келса ёки арзончилик вақтида сотиб олиб сақласа ёки ейиш ниятида қимматчилик вақтида сотиб олса ёки шу заҳоти сотиш ниятида олса, унда бу эҳтикор саналмайди ва ҳаром ҳам бўлмайди…” (“Саҳиҳи Муслим”нинг шарҳи, 11/43).

Демак, саволда айтилган озиқ-овқатлар арзончилик вақтида ҳамда мавсум тугаганидан кейин сотиш ниятида сотиб олинган бўлса, унда эҳтикор деб эътиборга олинмайди, валлоҳу аълам!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг