Дурузлар пешвоси

1

Бу тоифа убайдийлар халифаси Ҳоким Биамриллаҳни худо деб даъво қилган Муҳаммад ибн Исмоил Даразийга эргашганлари учун дурузлар номини олганини ўтган мақоламизда ҳам айтиб ўтган эдик. Муҳаммад ибн Исмоил Даразий асли форс миллатига мансуб бўлиб, Наштакин лақаби билан танилган. У Мисрга келиб, убайдийлар халифаси Ҳоким Биамриллаҳнинг хизматига кирган. Наштакин Ҳокимни худо деб эълон қилган биринчи шахс бўлади. Ушбу бузуқ ғояни илгари суришда форс миллатига мансуб Ҳамза ибн Али Завзаний исмли яна бошқа бир бадбахт Наштакинга кўмаклашган. Бу бадбахт кейинчалик дурузларнинг ривожига катта ҳисса қўшган, балки уни дурузларнинг асосчиси ва пешвоси десак муболаға бўлмайди[1].

Даразий ўзининг бузғунчи ғоя билан суғорилган китобини ёзиб бўлгач, Қоҳирадаги энг машҳур жойга, яъни Ал-азҳар жоме масжидига келиб, одамларга китобини ўқиб беради. Мисрликлар бундай бузуқ эътиқодни тинглашга тоқат қила олишмайди ва Даразийни ўлдирмоқчи бўлишади. Шу сабабдан Даразий Қоҳирани тарк этиб, Ливан тоғларига қочиб кетади ва ҳижрий 410 йилда қатл қилингунига қадар ўша ерда ўзининг куфр эътиқодини тарқатади[2]. Шу тариқа Тайм шаҳрида Даразийнинг издошлари пайдо бўлади. Улар Даразийни ўзларига пешво деб билар эдилар. Лекин бугунги дурузлар Даразийни лаънатлашади ва Ҳамза ибн Алини ундан устун деб билишади. Сабаби, Ҳамза билан Даразий ўртасидаги келишмовчилик бўлса керак. Чунки Даразий ёлғиз ўзи имом бўлишни хоҳлар эди. Қолаверса, Ҳамза Ҳокимни худо деб эълон қилишнинг вақти келмаганини таъкидлаб турган бир вақтда Даразий ўз китобини ҳижрий 407 йилда одамлар орасида эълон қилади. Ҳамза эса бу ишни бир йил сўнг, яъни ҳижрий 408 йилда бошлайди. Бугунги кундаги дурузлар ушбу йилни ўзларининг илк ривожланиш йиллари деб билишади.

Аслини олганда Ҳокимни худолаштириш ҳаракати ҳижрий 400 йилларда махфий равишда бошланган. Бу куфр эътиқодни ўйлаб топган бадбахтлар 7-8 йил мобайнида ўзларини етарли кучга эга деб билишганларидан сўнг бу фикрни одамлар орасида тарқата бошлашган. Бу фикрни биринчи бўлиб Наштакин ўзининг икки шериги Ҳамза ва Ҳайдар Фарғонийларга билдирмай эълон қилади. Наштакин бу билан Ҳокимга ўзини яхши кўрсатмоқчи бўлади. Бу учаласи исмоилий тариқатиниг шайтонларидан бўлишган. Улар Ҳокимнинг бошини айлантириб, унга мажусийлик эътиқодини, яъни ҳокимларни худо деб билиш эътиқодини сингдиришган.

Наштакин қочиб кетишга мажбур бўлганидан кейин бу фикрни Ҳамза ёқлаб чиқади ва Ҳоким Биамриллаҳнинг ҳимояси остида уни бутун халққа худо деб танитади. Ҳамза халққа Ҳокимни худо деб танитиш асносида ўзини ҳам бенасиб қўймади. У ўзини халқ орасида ҳатто пайғамбарлар ўзига раво кўрмаган Оятулкубро, Оятуттавҳид, Оятулкашф, Ирода, Зумаъаҳ, Ҳодилмустажийбийн, Имомуззамон, ҳамда Қоимуззамон каби лақаблар билан танитар эди. Бу ҳам етмаганидек, вақтлар ўтиши билан ўзини Салмон Форисий эканини, Ҳоким Биамриллаҳнинг даврида Ҳамза бўлиб қайтадан дунёга келганини, Салмон Форисий бўлиб дунёга келган вақтида Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзи нозил қилганини даъво қилди. Ҳоким вафот этганидан сўнг Ҳамза умрининг охиригача беркиниб яшади ва ҳижрий 430 йилда вафот этди. Бу қилмишлари учун Аллоҳ таолодан қиёмат кунида унга муносиб жазо беришини сўраб қоламиз!

[1] “Дурузлар тоифаси” 106-бет.

[2] “Дурузлар тоифаси” 77-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

Изоҳ қолдиринг