Бешинчи қоида: фарзандларимизни қандай инсон бўлишини хоҳлаймиз? (3)

1
  • Фарзандларимизни қандай инсон бўлишини хоҳлаймиз?

Айтишларича, ота-онадан бошқа ҳеч бир инсон бирон кимсанинг ўзидан афзал бўлишини орзу қилмас экан. Ота-она эса фарзандларининг барча соҳада улардан афзал бўлишини орзу қилар эканлар. Нега дейсизми, чунки фарзандлар ота-онанинг бир бўлаги, уларнинг бир парчасидирлар. Шу боис, ҳар бир инсон ўз фарзандларининг ҳар бир мақтовга сазовор ишда пешқадам бўлишларини орзу қиладилар. Бироқ орзу-умиднинг ўзи кифоя қилмайди. Балки бунга қўшимча фарзандларимиз эришишларини истаган ҳолат ва мартабаларни яхши идрок этишимиз ва шундан келиб чиқиб уларни бу ҳолат ва мартабаларга еткизадиган одоб-ахлоқ ва қадриятлар асосида тарбиялашимиз зарур.

Барча оталар фарзандларининг энг чўққида бўлишларини истайдилар. Лекин фарзандларини ушбу чўққиларга қандай чиқаришни биладиганлар озчиликни ташкил қилади. Бу борада муҳим саналган қуйидаги айрим нуқталарга қисқача ишора қилиб ўтишни маъқул деб топдим:

  1. Биз ота-оналарнинг фарзандларимиздан кутган энг катта умидимиз уларнинг келажакда исломий таълимотлар асосида ҳаёт кечирадиган, Аллоҳ ва Расулини яхши кўрадиган, ислом умматига садоқат ҳис-туйғуси билан суғорилган, умматнинг ғам-ташвиши билан елиб-югурадиган солиҳ фарзандлар бўлиб етишишларидир. Токи фарзандларимиз охиратда нажот топсинлар, Аллоҳ таолонинг розилигига эришсинлар. Албатта, бу бизлардан фарзандларимизга тақво, ибодат ва яхшиликка интилиш бобида ўрнак бўлишни талаб қилади. Хусусан, ота-оналарнинг фарзандларга амалий ўрнак кўрсатиш масаласи ҳозирги замонда алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, глобализация оқими жаҳондаги халқларнинг хоҳиш-истаклари, қадриятлари ва уларнинг муқаддас рамзларини ўзгартириб юбормоқда. Шу боис фарзандларимиз тарбиясида кўзларимизни каттароқ очмасак, ўзимиз сезмаган ҳолда уларнинг тарбиясини қўлдан бой беришимиз ҳеч гап эмас.

  1. Фарзандларимизда ўзлиги билан фахрланиш ва ўз қадрига етиш тўйғусини пайдо қилиш лозим. Бошқача қилиб айтганда, фарзандларимиз шахсиятида мурувват, ғурур, олийжаноблик, паст ва тубан хулқлардан жирканиш хислатларини сингдириш лозим. Токи фарзандларимиз ўзларини ҳурмат-эҳтиромга ҳақли, қўлидан катта-катта ишлар келадиган, жамият тараққиётига беқиёс ҳисса қўша оладиган, ҳар қандай ёвузлик қаршисида матонат билан туриб, ҳийла-найрангларга алданмайдиган ўғлонлар бўлиб вояга етсинлар.

Биз бунинг учун улардан одамларга нисбатан иззатталаб, димоғдор бўлишларини эмас, балки улар ўз қадрига етадиган инсонлар бўлишини ва одамлар томонидан иззат-эҳтиром қилинишлари уларнинг солиҳ ва лаёқатли инсонлар эканидан келиб чиққан табиий натижа бўлишини хоҳлаймиз, холос.

Дарҳақиқат, инсон ўзини ҳурмат қилиши ақлий соғломликнинг негизи, ўзини қадрламаслик эса талай шахсий ва ижтимоий иллатларнинг манбаидир.

Инсоннинг ўз қадрига етиш ёки етмаслиги унинг муваффақиятсизлик ва тушкунликка юз тутишида ҳамда ҳаётда турли оғир босимларга дуч келганида яққол намоён бўлади.  Ўзини қадрлаган инсон бундай ҳолатларда матонатли бўлиб, босимларга бош эгмайди, балки унга қарши курашади. Ўз қадрини билиш кишида жиноятга, зўравонликка, манқуртликка ва тубанликка қарши иммунитет ҳосил қилади.

Бунинг акси ўлароқ, тушкунлик ва ўзни камситиш эса дастлаб инсонни узлатга, совуққонлик ва ўкинч туйғулари сари етакласа, кейинчалик, ота-она, қонун ва жамият ҳукмронлигига қарши ғалаён қилишга ундайди ва охир-оқибат унинг жиноят йўлига қадам қўйишига олиб боради.

Агар чиндан ҳам фарзандларимиз ўзини ҳурмат қилишини истасак, у ҳолда биз ҳам уларга ҳурматли инсонлар сифатида муомала қилайлик. Уларга олийжаноб ишларга интилишни, тубан ва мусулмон кишига нолойиқ бўлган барча ишлардан йироқ туришни таълим берайлик.

  1. Бизда бир гуруҳ асосий қадриятлар борки, бу қадриятлар намунали шахсиятнинг устуни ҳисобланади. Қуйида ана шулардан энг муҳимларини келтиришни маъқул топдим:

А) шуни таъкидлаш лозимки, катаю кичик, ким бўлишидан қатъий назар ҳеч кимсага қадрият ва тамойилларни мажбурдан сингдириб бўлмайди.

Ёш болалар одоб-ахлоқ ва қадриятларни катталарга аралашиши, улардан таъсирланиши ва уларга тақлид қилиши натижасида ўзлаштирадилар. Шундай ота-оналарга гувоҳ бўлганманки, фарзандларига гўзал ахлоқларни сингдиришга уринганлар, уларни мажбурлаш ва босим ўтказиш йўли билан муайян юриш-туриш ва хатти-ҳаракатларга риоя қилишга ундаганлар, ҳолбуки, фарзандлари илк амалий имтиҳонга дуч келишган пайтда мазкур ахлоқ ва қадриятлар бир зумда ер билан яксон бўлган. Шу боис фарзандларни қаноатлантириш ва уларнинг қаноатланиши асосий ва муҳим ишдир. Фарзандларга босим ўтказиш уларга турли йўллар билан фазилат ва қадриятларни эслатиш орқали амалга ошиши зарур. Уларга доимий равишда эслатиш билан бирга мазкур қадриятларнинг амалий ҳаётга чуқур кириб бориши, фарзандларнинг юриш-туришида намоён бўлиши осон иш эмаслигини ҳам тан олиш лозим. Кошкийди, биз ота-оналар баъзан ота-оналик позициясидан чекиниб, фарзандларимиз олдида биз ҳам уларнинг ёшида баъзан гўзал хулқ андозаларига зид ишлар қилганимиз, бироқ тезда ўзимизга келиб, бу ишимиздан пушаймон бўлганимизни тан олсак. Негаки, бу улардаги гуноҳкорлик тўйғусининг оғир юкини енгиллатган ва биз ота-оналар билан фарзандларимиз орасидаги руҳий масофани яқинлаштирган бўлур эди.

Б) биз очиқча эътибор қаратишимиз керак бўлган энг муҳим хулқлардан бири сидқ-ростгўйлик хислатидир. Дастлаб шуни айтиш лозимки, кўпинча ёш болаларнинг ёлғон сўзлари аслида улар рўёбга чиқишини истаган орзулардир. Ёш болалар хаёл оламида яшайдилар. Бу оламда ҳар қандай нарса болалар томонидан ҳақиқат деб эътиқод қилиниши билан чинга айланиб қолаверади. Шу боис улар қасддан ҳақиқатни бузиб кўрсатмайдилар. Чунки уларнинг ростгўйлик тўғрисидаги тушунчаси ва ахлоқий фазилатлар ҳақидаги ҳис-туйғуси ҳануз пишиб етилмаган бўлади.

Ёш болаларнинг онгида ростгўйлик қийматини сингдириш учун уларга ростгўйлик ва ёлғон ҳамда  улардан ҳар бирининг оқибатини кўрсатувчи ҳолатлар тўғрисида улар билан баъзи савол-жавоблар ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Жумладан улардан қуйидаги саволларни сўраш мумкин:

  • Нега ёлғон сўзлаш хато саналади?

  • Мактаб имтиҳонларидан бирида кўзбўямачилик қилишингнинг қандай зарари бор?

  • “Ёлғоннинг умри қисқа” деган мақолнинг маъноси нима?

  • Нега “ростгўйлик яхшиликка етаклайди”?

  • Бир йил мобайнида маълум миқдорда пул жамғарсанг-у, сўнг бир киши келиб, сени алдаб пулингни олиб қўйса, ўзингни қандай ҳис қилган бўлар эдинг?

  • Агар сенга биров катта маблағ эвазига сен ошкор қилмасликка онт ичган сирни фош қилишингни таклиф қилса ва айни пайтда бу сирни фош қилишингнинг бирон кишига зиёни бўлмаса, унинг таклифини қабул қилармидинг?

Фарзандларимиз ўспиринлик ёшига етгач аҳвол ўзгаради. Бу ёшга етгач улардан кўпчилигининг ҳақиқатни сўзлашдан четлаб ўтиш ҳолатлари яққол кўзга ташлана бошлайди. Бу даврда ота-оналар  фарзандларининг ҳар бир хатти-ҳаракатларига диққат-эътибор қаратишлари, каловланиб сўзланган ҳар бир сўзга нисбатан шубҳали ёндашишлари лозим, негаки, болаларга хос софдиллик босқичи аллақачон тугаган бўлади…

В) Жасурлик хислати ҳам биз ота-оналар фарзандларимизга ўргатишимиз лозим бўлган ўта муҳим хулқлардан биридир. Жасурлик дегани ҳақни сўзлаш ва уни ҳимоя қилиш, шунингдек, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга очиқча ва қўрқмасдан фикр билдиришдир. Қолаверса, жасур бола дегани ўртоқлари бирон ножўя ишда уларга шерик бўлишга чақирган пайтда уларнинг босимига қарши кураша оладиган бола демакдир. Жасурлик қийинчилик ва мусибатларга таслим бўлмаслик, бу қийинчиликларни енгиш ҳаракатида бўлиш ва Аллоҳ таоло машаққат ортидан енгиллик ва кенгчилик ато этишига аниқ ишонишдир.

Фарзандларимизга ушбу улуғ хислатни ёритиш ва уларда жасорат туйғусини сингдириш учун биз ота-оналар уларга жасур кишилар ҳаёти ва улар бошдан кечирган ҳикоялардан намуналар ҳамда ўзимиз шижоат кўрсатган шахсий тажрибаларимиздан айтиб беришимиз мақсадга мувофиқдир.

Агар фарзандингиз сизни танқид қилса, унга қулоқ солинг ва уни олқишланг. Танқид услубида хато қилган бўлса, тўғри услубни ўргатинг. Фарзандингизга ташаббускорлик ва таҳликали ишларга қадам қўйиш жасоратга муҳтож эканини, ҳар бир нарсани аниқ ҳисоб-китоб қилавериш охир-оқибат инсонни қўрқоқлик ва ортга тисарилишга олиб боришини таъкидланг. Зеро, чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди.

Г) хайрли ишларни яхши кўриш, ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш ҳозирги замонда, балки ҳар қандай замонда муҳим ижобий хулқ саналади. Биз фарзандлармиз онг ва шуурида ушбу хислатларни сингдириш орқали кибр, худбинлик, совуққонлик ва узлатни севиш каби ҳозирги даврда ҳамма жойда одамлар орасида кенг тарқалган жиддий ахлоқий иллатларга қарши курашган бўламиз. Бунинг учун биз фарзандларимизга ҳаёт – бу одамлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва фидойиликдан иборат экани, одамларнинг энг яхшиси ўзгаларга кўпроқ манфаати тегадиган, қариндош-уруғлар билан кўпроқ борди-келди қилиб, уларга яхшилик қиладиган ва фақир-мискинларга кўпроқ раҳм-шафқат улашадиган кишилар эканини таълим беришимиз зарур.

Ёш болаларни уйга ташриф буюрган меҳмонлар ва қўшниларнинг болалари билан ўйинчоқларини ва уйдаги қанд-қурсларни баҳам кўришга тарғиб қилинг. Шунингдек, болаларни жамоавий ўйинларда иштирок этишга чорланг ва камбағалларга эҳсон қилишга ўргатинг.

Айрим оилалар борки, оилада эҳсон ва садақалар учун алоҳида қути ажратилган бўлиб, унга барча оила аъзолари ўз ҳиссаларини қўшадилар. Қути ҳар уч ойда бир бор очилиб, энг кўп ҳисса қўшган фарзанд учун мукофот берилади. Албатта, бу – фарзандларни хайр-эҳсонга ўргатиш йўлидаги ажойиб услуб ва тажриба.

Д) шунингдек, биз ота-оналар фарзандларимиз кўз ўнгида очиқ муносабат билдиришимиз лозим бўлган масалалардан бири – бу пулга нисбатан муносабат ҳамда меҳнат билан даромад ўртасидаги алоқа.

Маълумки, мол-дунё аслида Аллоҳники бўлиб, у бизнинг қўлимиздаги бир омонат, холос. Шу боис мол-дунё топиш ва уни сарфлаш борасида Аллоҳнинг кўрсатмаларига риоя қилишимиз зарур. Айни пайтда мол-дунё инсон умргузаронлик қилиши учун таянч унсурлардан бири бўлиб, усиз инсон кўп машаққатларга дуч келади. Бироқ мол-дунё барча муаммоларнинг ечими дегани эмас. “Пулсиз одам фақир, ундан ҳам фақирроғи пулдан ўзга нарсаси йўқ одам”, деб бежиз айтишмаган. Чиндан ҳам айрим инсонларнинг фақат пулигина бор бўлади, уларда омонат, сидқ, тақво ва илм деган нарсалардан асорат ҳам бўлмайди. Зеро, ушбу хислатларга муҳтож одам ҳақиқатдан ҳам энг фақир-бечора одамдир.

Мол-дунё топиш билан жиддий меҳнат ўртасидаги алоқа болалар онгида тушунарсиз алоқадир. Шунинг учун уларга буни тушунтириш лозим.

Фарзандингизни фавқулодда ҳолатлар учун пул жамғаришга ўргатинг. Шунингдек, фарзандларимиз ўқишда яхши натижаларга эришган ёки бирон вазифани аъло даражада бажарган чоғларида уларга молиявий мукофотлар тақдим қилишда ҳаддан ошмаслигимиз лозим. Акс ҳолда мол-дунё фарзандларимиз онгида яхши кўриш ва қадрлаш рамзига айланиб қолади ва бу уларнинг мол-дунёга ҳирс қўйишига олиб боради.

Албатта фарзандларимизга очиқ ва ошкор ҳолда тушунтиришимиз лозим бўлган ишлар кўп. Юқорида зикр қилинган ишлар кифоя қилса керак деган умиддамиз, фарзандларимизни тўғри тарбиялашда Аллоҳнинг ўзи барчамизга мададкор бўлсин.

Discussion1 комментарий

Изоҳ қолдиринг