Қўли гипс қилинган киши қандай ғусл қилади?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ! Домла қўли гипсдаги одам уйқусида жунуб бўлиб қолса, гипс қўлига сув теккиза олмаса, қандай ғусл олади?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ! Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин! Аввало, Аллоҳ таолодан барча беморларимизга шифои комил ато этишини сўраб қоламиз.

Мусулмон киши жунуб бўлганида ғусл қилишга буюрилган. Бу ҳақда Парвардигори олам шундай дейди: “Агар жунуб бўлсанглар покланинглар – ғусл қилинглар” (Моида: 6). Бироқ инсон мушкул ҳолатларга тушиб қолганида шариатимиздаги баъзи ҳукмлар ҳам ўзгаради, зеро динимиз машаққат ва қийинчиликдан эмас, енгиллик ва қулайликдан иборат. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “(Аллоҳ) сизларга динда ҳеч қандай қийинчилик қолдирмади” (Ҳаж: 78). Жунуб бўлган киши касаллиги ёки яраси борлиги ва ҳоказо сабаблар туфайли танасига умуман сув теккиза олмаса, унда таяммум қилади. Бу ҳақида Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди: “Агар бетоб ёки сафарда бўлсангизлар ёхуд ҳожатга чиқиб ёки аёлларингизга яқинлик қилиб, (ғусл қилишга) сув топа олмасангизлар, унда покиза тупроқ билан таяммум қилингизлар” (Нисо: 43).

Демак, агар инсон танасининг баъзи жойларига сув теккиза олмаса ва шу аъзоларга сув теккизмаган ҳолда ғусл қилиш имкони бўлса, унда шу жойга сув теккизмасдан ғусл қилади ва жароҳат ўрнига масҳ тортади. Агар бунинг иложи бўлмаса, у ҳолда таяммум билан кифояланади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг