Усмонийлар: Низомулмулк

0

Султон Низомулмулк ҳақида имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Вазири аъзам Низомулмулк Қавомуддин Абу Али Ҳасан ибн Али ибн Исҳоқ Тусий доно ва тажрибали сиёсатчи, тақводор ва камтарин инсон бўлиб, давраси қорию олимлар билан обод эди. Бағдод, Нишопур ва Тус шаҳарларида мадрасалар қурган, илмга рағбати баланд, талабаларга ёрдамини аямайдиган, халқ орасида донғи кетган инсон бўлган эди[1].

Турли воқеаларни бошидан кечирган Низомулмулк Аллоҳнинг иродаси ила дастлаб Султон Алпарслонга, у вафот этганидан сўнг эса ўғли Маликшоҳга вазирлик қилди. Вазирлик вазифасини адо этар экан, мамлакатни аъло даражада бошқарди, зулмга қарши курашди, халққа ғамхўрлик қилди, турли-туман вақфлар барпо қилди. У Маликшоҳга тақводор, гўзал хулқли ҳамда шижоатли кишиларни амир ва қўмондон этиб тайинлашни маслаҳат берарди. Ушбу изчил сиёсат кейинчалик ўз таъсир кучини кўрсатди. Нуриддин Маҳмуд (Нуриддин Зинкий)нинг бобоси Оқсунгур Бурсуқий ҳам шу тариқа қўмондон этиб тайинланган эди. Оқсунгур Ҳалаб ва Диёрбакрга волийлик қилган. У ҳақда Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ўтмиши ва хулқи энг гўзал подшоҳлардан бири бўлган”[2]. Оқсунгурнинг ўғли Имодуддин Зинкий салбчиларга қарши жиҳод бошлайди ва у вафот этгач ўғли Нуриддин Маҳмуд бу ишни давом эттиради. Бу оила бошлаган жиҳод Салоҳиддин Айюбий, Зоҳир Бибарс ва Мансур Қаловунлар томонидан салбчиларнинг тор-мор қилиниши ҳамда ислом умматининг тарихида бирлик ва ҳамжиҳатлик саҳифалари очилиши учун қўйилган дастлабки қадам бўлди.

Шунингдек, Оқсунгур Бурсуқий салжуқий Султон Маҳмуднинг ҳам қўмондонларидан бири, Мўсилнинг амири бўлган. Оқсунгур салбчиларга қақшатгич зарба берганлардан бири саналади. У ҳижрий 520 йилда Мўсилдаги катта жоме масжидда намоз ўқиб турганида ботинийлар тарафидан қатл қилинган. У ҳақда Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “У энг яхши турк мамлукларидан бири, уламо ва солиҳ кишиларни яхши кўрадиган, адолатли волийлардан бири бўлган. У беш вақт намозни ўз вақтида адо қилар, кечалари таҳажжуд намози ўқишни қолдирмас эди”[3].

Тарихчи Абу Шома салжуқийларнинг, хусусан, Низомулмулкнинг даври ҳақида шундай ёзади: “Салжуқийлар ҳукмрон бўлишгач хилофатнинг йўқолиб кетган ҳайбатини қайта тикладилар. Хусусан, Низомулмулк ўзининг вазирлик даврида хилофатнинг ҳайбати ва шон-шавкатини энг яхши кўринишга қайтарди”[4].

Давлат ишларини идора этиши

Маликшоҳ ҳокимиятга келгач, қўшин ичида нохуш хатти-ҳаракатлар содир бўла бошлади. Аскарлар давлат тарафидан уларга ажратилган маошнинг кам эканида Низомулмулкни айблашиб, одамларнинг пулларни тортиб олишга ўтишди. Бу ишдан халқ қаттиқ зарар кўрди. Шунда Низомулмулк султонга вазиятни тушунтирди, бу ишлар давлат шаънига яхши бўлмаслиги, шаҳарларда бошбошдоқлик авжига чиқиб, сиёсатга салбий  таъсир қилишини уқдирди. Шунда султон Маликшоҳ унга: “Нимани тўғри деб билсанг, шуни қил” – деди. Низомулмулк бунинг учун султоннинг амри бўлиши зарурлигини айтганида султон уни “отабек” этиб тайинлаб, унга ўз номидан буйруқ бериш ваколатини берди. Шу тариқа Низомулмулк салжуқийлар давлатини идора эта бошлади. У шижоати, хулқи гўзаллиги билан халқнинг меҳрини қозонди. Қуйидаги воқеа унинг халққа қанчалар яхши муомалада бўлганини яққол ёритиб беради: бир куни ночор бир аёл Низомулмулкдан ёрдам сўради. Низомулмулк у билан узоқ гаплашди ва аъёнларидан бирига унинг муаммоларини ҳал этишни топширди. Аъён бу ишни халққа ортиқча эътибор бериш деб баҳолади. Шунда Низомулмулк унга: “Мен сени шу каби бечораларга хизмат қилишинг учун ишга олганман. Амирларнинг сенга эҳтиёжлари йўқ” – деди ва уни ишдан бўшатиб юборди.

Илмга бўлган рағбати

Низомулмулк илмга, хусусан, ҳадис илмига қаттиқ муҳаббат қўйган эди. У ҳадисга бу даражада қаттиқ муҳаббат қўйишининг сабаби ҳақида шундай дейди: “Мен ўзимни ҳадис ривоят қилишга нолойиқ эканимни биламан. Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини нақл қилганлар қаторида бўлишни яхши кўраман”. Низомулмулк Абулқосим Қушайрий, Абу Муслим ибн Меҳрбазд ҳамда Абу Ҳомид Азҳарийлардан ҳадис эшитган, ўн бир ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, шофеий мазҳабини чуқур ўрганган эди. У ҳеч қачон таҳоратсиз юрмас, таҳорат олгач, ортидан нафл намоз ўқишни канда  қилмасди. Азон айтилаётганини эшитса, ҳамма ишини қўйиб, азонга қулоқ солар, азон тугагач намозни ўқимасдан ҳеч ишга қўл урмас, намоз вақти кирганида муаззин азон айтмаса, унга танбеҳ берар эди. Низомулмулкнинг бу ишлари бутун умрини ибодатга бағишлаган одамларнинг энг намунали кўриниши саналади.

Низомулмулк тавозели киши эди, камбағалларни таомига чақирар, улар билан бирга ўтириб таомланар эди. Бир куни укаси Абулқосим ва Хуросон волийси билан бирга кечки овқатга ўтиришганида Хуросон волийсининг ёнига қўли кесилган камбағал бир киши келиб ўтирди. Волий камбағал билан бирга ўтиргиси келмаётганини пайқаган Низомулмулк камбағални чақириб, ўзининг ёнидан жой берди. Ислом умматини бошқариб турган султонларимиз мана шундай тавозели-камтарин бўлишган. Қани энди ҳозирги даврдаги дин ва давлат пешволари ҳам улардан ўрнак олсалар!

Вафоти

Ҳижрий 485 йил 10 рамазон пайшанба куни ифтор вақти эди. Низомулмулк Наҳовандда шом намозини ўқиб бўлганидан кейин атрофидагилар билан бирга дастурхонга ўтирди ва Умар разияллоҳу анҳунинг даврида бу ерни фатҳ қилиш учун форс ва мусулмонлар ўртасида бўлиб ўтган жангларни, бу ерни фатҳ қилиш учун қимматли жонларини Аллоҳ йўлида фидо қилган мусулмонларни эслади ва сўзининг охирида: “Уларнинг йўлидан борганларга жаннат бўлсин!” – деб дуо қилди. Ифтор тугади. Низомулмулк чодири сари йўл олди. Йўлда форс миллатига мансуб дайламлик бир ўспирин ундан ёрдам сўрагандек бўлди-да, қўққисдан унга пичоқ санчди. Бу воқеадан хабар топган султон Маликшоҳ йиғлаб чодирга келди. Низомулмулкнинг баъзи хизматкорларининг сўзларига кўра, у жон беришидан олдин: “Менга суиқасд қилган кишини ўлдирманглар, мен уни кечирдим” – деган ва калимаи шаҳодатни айтиб, бу дунёдан кўз юмган. Аллоҳ таоло уни ўз раҳматига олсин. У ҳаёти давомида бутун мусулмонларга Ислом сиёсати қанчалар адолатли сиёсат эканини кўрсатиб берди. Ҳатто унинг ўлими ҳам бизга дарс бўлди: ботинийларнинг аслида ким эканларини яна бир бор тасдиқлади. Айтилишича, Низомулмулк бадбахт ботинийлар тарафидан суиқасдга учраган биринчи сунний шахс бўлган.

[1] “Сияру аъломин нубало” 19/94.

[2] “Бидоя ва ниҳоя” 12/157.

[3] “Комил” 10/633.

[4] “Ар-равзатон фий ахборид давлатайн” 1/31.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг