Иддаси тугаган аёл собиқ эрининг уйида қолиши

0

 Савол:

Талоқ қилинган аёл иддаси тугагач борадиган жойи бўлмаса эрини уйида қолиши мумкинми? Албатта эр-хотин бўлмасдан яшаса?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Талоқ қилинган аёл иддаси мобайнида эрининг уйида туриши керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Уларни (иддалари асносида) уйларидан чиқариб юборманглар ва улар ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар” (Талоқ: 1). Идда тугаганидан кейин олдинги эри бу аёлга бегона ва номаҳрам саналади. Талоқ қилинган аёл иддаси тугагандан кейин олдинги эрининг уйида туриши бу бегона эркакнинг уйида туриш демакдир. Агар бу уйда маҳрамлари билан турса, унда зарари йўқ. Аёл маҳрамларисиз олдинги эри билан ёлғиз туриши ҳаромдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Эркак киши маҳрамисиз бегона аёл билан асло ёлғиз қолмасин” (Муслим ривояти: 1341). Аёл бегона эркакдан ҳаё қилиши ва уларни шайтон йўлдан уриши бироз қийин бўлиши мумкин. Лекин бир қанча муддат тан маҳрами бўлиб бирга яшаган собиқ эридан бегона эркакдан уялганидек ҳаё қилмаслиги тайин.

Балоғатга етмаган болалар маҳрам деб эътиборга олинмайди. Чунки уларнинг борлиги билан йўқлиги бир хил. Хусусан, собиқ эр-хотин ўз фарзандларидан, бўлиб ҳам, балоғатга етмаган болаларидан ҳаё қилишмайди. Шунингдек, уйда бошқа эркаклар бўлиши ҳам бу ҳукмнинг ўзгаришига етарли эмас. Зеро, бир маҳрамсиз аёл бир гуруҳ эркаклар билан қолиши ҳам шариатимизда ҳаромдир. Шунга биноан, аёл маҳрамсиз собиқ эри билан бир жойда қолиши ҳаромдир. Бироқ аёл бегона жойда ҳеч кимсасиз қолса,  кўчада қолиши унинг ҳаёти учун таҳликали бўлса, унда бу ҳолат зарурат ҳолати бўлгани учун истисноий равишда рухсат берилади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг