Товар – маҳсулотга тааллуқли шартлар

0

Иккинчидан: товар – маҳсулотга тааллуқли шартлар:

1. Савдо-сотиқ объекти бўлмиш маҳсулотнинг зарурат ҳолатларидан ташқарида ҳам фойдаланиш ҳалол бўлиши. Шунга кўра, агар маҳсулот мусиқа асбоблари ва спиртли ичимликлар каби фойдаланиш ҳаром бўлган нарсалар бўлса, бундай маҳсулотларни сотиш ёки сотиб олиш жоиз эмас.

Шунингдек, маҳсулот зараркунанда ҳашаротлар[1] сингари фойдасиз нарса бўлса ёки зарурат ҳолатларидагина фойдали бўлса, бундай ҳолатда ҳам уни сотиш жоиз эмас. Чунки бирон нарсада савдо-сотиқ қилиш жоиз бўлиши учун, унинг фақат зарурат ҳолатларида эмас, балки мутлақ фойдали маҳсулот бўлиши шарт қилинади. Шунга биноан, ов қилишда фойдаланиш мақсадида овчи итларни сотиш жоиз эмас[2]. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умумий тарзда ит савдосидан қайтарганлар.

2. Сотувчи маҳсулотнинг эгаси ёки маҳсулот эгасининг ўрнида турган киши бўлиши. Шунга кўра инсон бировнинг мол-мулкини сотиши жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, мол-мулкларингизни ўрталарингизда ноҳақ йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз” [Нисо: 29]. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳуга шундай дейди: “Ўзингда йўқ нарсани сотмагин[3].

Маҳсулот эгасининг ўрнида турган кишидан мақсад валий, васий, вакил ва вақф мулкининг нозири каби ўзгалар номидан иш юритуви кишилардир.

 

3. Маҳсулотни харидорга топшириш имкони бўлиши. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “ғарар”[4] савдо-сотиғидан қайтардилар[5]

 

4. Маҳсулотнинг томонлар: сотувчи ва харидорга уни бевосита кўриш ёки сифатлаш орқали аниқ ва маълум бўлиши.

[1] Шунга қарамай, агар маҳсулот фойдали ҳашаротлардан иборат бўлса сотиш жоиздир. Фуқаҳолар “зоб” (эчкиэмарга ўхшаган ҳайвон, илмий номи: Uromastyx) ва типратиканни сотиш жоиз ёки жоиз эмаслигида ихтилофлашганлар. Тўғри фикрга кўра, улар иккисинининг гўштини ейиш ҳалол бўлиб, сотиш ҳам жоиздир. Шунингдек, пилла қурти ва асаларини сотиш жоизлиги хусусида ҳам уламолар ихтилоф қилганлар. Бу борадаги тўғри фикрга кўра, пилла қуртидан ипак толаси ва асаларидан эса асал олинадиган фойдали ҳашаротлар бўлгани боис уларни сотиш жоиздир.

[2] Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, мусулмон киши фақат экинзорларни ёки чорва молларини қўриқлаш учун ҳамда ов қилиш учун ит боқиши жоиздир. Ундан бошқа ҳолатларда, айтайлик, ит боқишга ишқибозлиги сабаб уйида ит боқиши ҳаромдир. Уламолар ит сотиш жоиз ёки йўқлиги хусусида ихтилофлашганлар:

  1. Ҳанафий мазҳабига кўра, мутлақ ит савдоси жоиздир.

  2. Шофеий, ҳанбалий мазҳаби ҳамда моликий мазҳабига мансуб бир фикрга биноан ит савдоси мутлақ ҳаромдир. Бу фикрга кўра, бировнинг итини ўлдирган киши унга тавон тўламайди.

  3. Ҳанафий мазҳаби уламоларидан Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, қопоғон итдан ташқари барча итларни сотиш ва сотиб олиш жоиз.

  4. Моликий мазҳабига мансуб бир фикрга кўра, шариат боқишга рухсат берган итларнигина сотиш жоиз. Улар қўриқчи ва овчи итлардир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жумҳур уламоларнинг фикрича, ит савдоси мутлақ ҳаромдир. Ҳатто бундан шариат боқишга рухсат берган итлар ҳам истисно қилинмайди. Борди-ю, инсон қўриқчи ёки овчи итларга эҳтиёжи туғилса ва бундай итларни ҳеч кимса унга бепулга бермаса, у ҳолда сотиб олади. Бу ҳолатда муҳтож одамга бепулга ит бермай, сотиш ҳаром бўлган нарсани сотган одам гуноҳкор бўлади. Шариат боқишга рухсат берган итларни сотиш жоиз, деган уламолар Насоий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисни далил қиладилар. Мазкур ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ит ва мушукнинг пулидан қайтардилар. Бундан овчи итнинг пули мустасно”, дейилади. Бироқ ҳадисдаги “Бундан овчи итнинг пули мустасно”, деган истиснонинг саҳиҳ ёки заифлигида  ихтилоф бор. Жумҳур муҳаддислар бу истиснони заиф дейишган бўлишса, айрим муҳаддислар саҳиҳ дейишган. Ушбу масаладаги ихтилоф сабаби мазкур истиснонинг саҳиҳ ёки заифлигидаги ихтилофга бориб тақалади. Шундан келиб чиқиб, айрим уламолар овчи итларни, шунингдек, унга қиёсан қўриқчи ёки исковуч итларни ҳам сотиш жоиз дейдилар. Шу боис, шубҳадан йироқ туриш ва ихтилоф доирасидан чиқиш мақсадида, модомики зарурат бўлмаса, шариат боқишга рухсат берган итларни ҳам сотмаслик афзалдир, валлоҳу аълам (Таржимон).

[3] Ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар сабабли саҳиҳ. Абу Довуд (3503), Термизий (1232) ва Насоий (7/289) ривоят қилишган.

[4] “Ғарар” сўзи луғатда “ноқислик”, “хатар” ва “мажҳуллик” маъноларини англатади. Умуман олганда “ғарар” савдо-сотиғи деганда сиртдан қараганда инсонни қизиқтирадиган, бироқ ботини ва оқибати мажҳул бўлган савдо-сотиқлар назарда тутилади. Эгасидан қочган қулни, мавжуд бўлмаган ёки ноаниқ нарсани, харидорга топшириш имкони бўлмаган нарсани, инсон тўла-тўкис қўлига киритмаган нарсани, денгиздаги балиқни, ҳаводаги қушни, елиндаги сутни, ҳайвон қорнидаги ҳомилани ва ҳоказо шунга ўхшаш қўлга киритиш аниқ бўлмаган нарсаларни сотиш “ғарар” савдосига мисол бўла олади.

[5] Муслим (1513), Абу Довуд (3376), Насоий (7/262) ва Ибн Можа (2194) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг