Аёл киши маҳрамсиз оммавий транспорт воситаларига миниши жоизми?

0

Савол: Аёл киши маҳрамсиз ёки танмаҳрамсиз кўчада, маршруткада ёки автобусда юриши жоизми?

Жавоб: Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

Дастлаб шуни айтиб ўтиш лозимки, аёл киши сафарга чиқсагина унга маҳрами ҳамроҳлик қилиши вожиб бўлади. Жумҳур уламолар наздида энг камида тақрибан 80 км масофани кўзлаб сафарга отланган киши шариатда мусофир саналади. Сафарга чиққан аёлга албатта маҳрамларидан бири ҳамроҳлик қилиши зарур. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аёл киши фақат маҳрамининг ҳамроҳлигида сафар қилади” [Бухорий: 1729, Муслим: 2391].

Аёл киши модомики шаръий либосда бўлса кундалик юмушларини бажариш: иш ёки ўқишга бориш ёки дўкондан бирон нарса харид қилиш учун кўчага чиқиши жоиздир. Бунинг учун унга маҳрам ҳамроҳлик қилиши вожиб эмас. Шунингдек, модомики мусофир бўлмаса ёки номаҳрам эркак билан холи қолмаса турли оммавий транспорт воситаларига маҳрамсиз миниши ҳам  жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида ҳам аёллар маҳрамсиз масжидга чиқар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фатво сўраш учун у зотнинг олдиларига борар эдилар. Бундай ҳолатларни, жумладан, Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳонинг “зиҳор” масаласида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига эридан шикоят қилиб боргани ҳақида келган ҳадисда ва унда бошқа ҳадисларда кузатиш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, аслида аёл киши ҳожат бўлмаса уйдан чиқмаслиги, фарзандлар тарбияси ва рўзғор осойишталиги билан машғул бўлиши мақсадга мувофиқдир. Бу борада Аллоҳ таоло аёлларга шундай хитоб қилади: “Ўз уйларингизда ўтиринглар (яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар ва бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги жоҳилият давридаги ясан-тусан каби очиқ-сочиқ ҳолда чиқманглар” [Аҳзоб: 33].

Шунингдек, аёл киши маҳалла-кўй, шаҳар ичида маҳрамсиз кўчага чиқиши жоиз бўлсада, бироқ бозорлар каби фосиқ инсонлар кўп учрайдиган ёки эркаклар билан кўпроқ мулоқот қилишга тўғри келадиган жойларга маҳрамсиз чиқмаслиги афзалдир, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг