Имом Муслим

0

Исми ва лақаби

Имом Муслимнинг тўлиқ исми – имом ва ҳофиз, мужаввид ва содиқ Абулҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ибн Вард ибн Кўшоз Қушайрий Нишопурий. Имом Муслим ҳижрий 206, милодий 821 йилда таваллуд топган.

Имом Муслим тақволи ва зиёли оилада ўсиб-улғаяди. Отаси Ҳажжож ибн Муслимнинг илм ва илм мажлисларига муҳаббати жуда ҳам баланд бўлган. Имом Муслим илм ўрганишга жуда ҳам эрта киришади, ўн икки ёшида ҳадис илмидан таълим олишни бошлайди. Бу ҳақда имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Биринчи марта ҳижрий 212 йил Яҳё ибн Яҳё Тамимийдан ҳадис эшитган, 221 йил ҳаж қилганида ҳали соқоли ҳам чиқмаган эди”.

Устозлари

Имом Муслим Макка, Мадина, Ироқ, Кўфа ҳамда Миср каби бир қанча диёрларда жами бўлиб икки юз йигирмага яқин устоздан таълим олган. Унинг Маккадаги устози бўлмиш Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабий унинг энг ёши улуғ устози саналади. Имом Муслимнинг энг машҳур устозлари қуйидагилардир: Яҳё ибн Яҳё Нишопурий, Қутайба ибн Саид, Саид ибн Мансур, Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Абу Хайсама Зуҳайр ибн Ҳарб, Абу Курайб Муҳаммад ибн Ало, Абу Мусо Муҳаммад ибн Мусанно, Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳалий, Имом Бухорий, Абдуллоҳ Доримий (Аллоҳ уларнинг барчаларини ўз раҳматига олсин!).

Шогирдлари

Имом Муслимнинг шогирдлари қуйидагилардир: Али ибн Ҳасан ибн Абу Исо Ҳилолий (унинг ёши имом Муслимникидан катта бўлган), Ҳусайн ибн Муҳаммад Қуббоний, Абу Бакр Муҳаммад ибн Назр Жорудий, Али ибн Ҳусайн ибн Жунайд Розий, Солиҳ ибн Муҳаммад Жазара, Абу Исо Термизий, Аҳмад ибн Муборак Мустамлий, Қози Абдуллоҳ ибн Яҳё Сарахсий, Ҳофиз Наср ибн Аҳмад ибн Наср.

Илмий асарлари

Имом Муслимнинг жуда ҳам кўплаб асарлари бор, улардан баъзилари сақланиб қолган, баъзилари эса бизгача етиб келмаган. Имомнинг ёзган илмий асарларидан баъзиларини санаб ўтамиз:

  1. Саҳиҳи Муслим;

  2. Ат-тамйиз;

  3. Ал-адл;

  4. Ал-вуҳдон;

  5. Ал-афрод;

  6. Ал-ақрон;

  7. Суолотуҳу Аҳмад ибн Ҳанбал;

  8. Амр ибн Шуайб;

  9. Ал-интифоъ би уҳубис сибоъ;

  10. Машойиху Молик;

  11. Машойихус Саврий;

  12. Машойиху Шуъба;

  13. Ман лайса лаҳу илло ровин воҳид

  14. Ал-мухадрамийн;

  15. Авлодус саҳоба;

  16. Авҳомул муҳаддисийн;

  17. Табақот;

  18. Афродуш Шомиййин.

Ҳадис илмидаги услуби

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ “Муватто” китобида шаръий ҳукмларга тегишли бўлган асосий ҳадисларни ривоят қилади. Муҳаддислар “Муватто”да ривоят қилинган бу ҳадисларнинг турли хил санадларини ўрганишган. Шунинг учун “Муватто”да бир ҳадиснинг бир неча ровийлардан ривоят қилинган турлича санадларини учратиш мумкин. Ҳатто ҳадиснинг ўзи ҳам маъносига қараб турли бобларда зикр қилинади.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ эса ўзининг “Саҳиҳ”ида саҳиҳлигига ҳамма иттифоқ қилган ҳадисларни ривоят қилади. Агар бир ҳадиснинг бир неча хил кўриниши бўлса, унда шу ҳадиснинг ҳар бир матнини шу матнга тегишли санади билан ўзига тегишли бобларда айтиб ўтади. Бошқача қилиб айтганда, “Саҳиҳи Бухорий”даги ҳадислар бежиз такрорланмаган. Такрорланган ҳадислар бир-биридан ҳам санадда, ҳам матнда фарқ қилади. Бироқ бу ҳадислар китобнинг бир ерида эмас, балки ҳар бир такрорланган ҳадис ўзига тегишли бобларда айтиб ўтилган.

Имом Муслим ҳам ўзининг “Саҳиҳ”ини ёзди. У ҳам имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг йўлини тутиб, саҳиҳлигига иттифоқ қилинган ҳадисларни ривоят қилди. Бу китоб фиқҳий бобларга ажратилган. Шундай бўлсада, у барча саҳиҳ ҳадисларни қамраб олмаган. Шунинг учун баъзи муҳаддислар “Саҳиҳи Бухорий”га ҳам, “Саҳиҳи Муслим”га ҳам “Мустадрак – илова” ёзишган. Имом Муслим бу китобни уч юз минг ҳадис ичидан танлаб, ўн беш йил давомида ўз юртида ёзгани ривоят қилинган.

Уламоларнинг мақтовлари

Ҳофиз Абу Қурайш айтади: “Муҳаммад ибн Башшор шундай деганини эшитганман: “Ҳадис илми борасида дунё ҳофизлари тўртта: Рай шаҳрида Абу Зуръа, Нишопурда Муслим, Самарқандда Абдуллоҳ Доримий, Бухорода Муҳаммад ибн Исмоил (Бухорий)””.

Абу Абдуллоҳ Ҳоким ривоят қилишича, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Фарро шундай деган: “Муслим ибн Ҳажжож инсонларнинг олимларидан ва илм хазиналаридан эди”.

Ҳофиз Абу Али Нишопурий шундай дейди: “Ҳадис илми борасида ер юзида “Саҳиҳи Муслим”дан кўра саҳиҳроқ китоб йўқ”.

Вафоти

Имом Муслим ҳижрий 261, милодий 875 йилда 55 ёшида Нишопур шаҳрида вафот этиб, у ерда дафн қилинди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг