Иккинчи ҳадис: (9) пайғамбарларга иймон келтириш

0

Пайғамбарларга иймон келтириш

“пайғамбарларига…иймон келтиришингдир”:

Иймон рукнларидан бири пайғамбарларга иймон келтиришдир. Шуни билиш лозимки, пайғамбарларга баъзан расул, баъзан набий дейилади, бу икки сўзнинг маъноси бир хилми?

Жавоб шуки, Қуръони Каримда зикр қилинган ҳар бир набий расулдир. Бироқ набий ва расулнинг маъноси бир-биридан фарқ қилади. Бу борадаги тўғри фикрга кўра, набий дегани унга муайян шариат нозил қилиниб, шу шариатга амал қилишга буюрилган, бироқ уни бошқаларга етказишга буюрилмаган пайғамбарга айтилади. Демак набий сўзи “хабар берилган киши” маъносини англатади. Айтайлик, башарият отаси Одам алайҳиссалом набий бўлган, расул эмас. Негаки, дастлабки расул Нуҳ алайҳиссаломдир. Одам алайҳиссалом эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисларида келганидек, фақат набийдир.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: нега Одам алайҳиссалом расул қилиб юборилмади?

Жавоб шуки, одамлар у вақтда озчиликни ташкил қилган ягона уммат эдилар. Уларнинг ўрталарида ҳеч қандай ихтилофлар йўқ эди. Ҳануз дунё кенгаймаган, инсоният ер юзида тарқалиб кетмаган эди. Одамлар динда ҳамфикр бўлиб, оталарида кўрган тоат-ибодатларга эргашишлари кифоя эди. Кейинчалик улар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлиб, одамлар ер юзига ёйилгач, расулга эҳтиёж сездилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Одамлар ягона уммат эдилар. Сўнгра улар ўртасида турли ихтилофлар пайдо бўла бошлагач, Аллоҳ итоаткор бандаларга жаннат башоратини берувчи, осийларни дўзахдан огоҳлантируви набийларни юборди” [Бақара: 213].

Яна савол туғилиши мумкин: Одам алайҳиссаломдан кейин ўзига нозил қилинган шариатни бошқаларга етказишга буюрилмаган набий юборишдан нима фойда бор?

Бунга жавобан айтамизки, бундай набий юборишдан фойда – одамларга унутиб юборган шариатларини эслатиш. Чунки бу ҳолатда одамлар шариатдан буткул юз ўгирмаган ва шу сабаб расулга муҳтож эмасдилар. Балки уларга собиқ шариатни эслатадиган набий келиши кифоя эди. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта,  Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз.  Аллоҳга бўйсунувчи бўлган пайғамбарлар  яҳудийларга у билан ҳукм қиладилар”  [Моида: 44]. Пайғамбар юборишдан фойда шу. Негаки, чиндан ҳам “рисолатсиз юборилган набийдан нима фойда?”, деган эътироз ўринли эътироздир. Жавоб юқорида айтганимиз. Мусо алайҳиссаломдан кейин келган анбиёлар унга нозил қилинган Таврот билан, яъни собиқ шариат билан яҳудийларга ҳукм қилганлар. Шу боис заиф бир ҳадисда шундай дейилади: “Умматимнинг уламолари Бани Исроилнинг анбиёларига ўхшайдилар[1]. Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш жиҳатидан заиф бўлсада, бироқ маъноси тўғридир.

Дастлабки расул Нуҳ алайҳиссалом бўлса, охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Шуни билиш лозимки, баъзи тарих китобларида Идрис алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломдан олдин ўтгани, шунингдек, Шис алайҳиссалом ҳам ундан олдин ўтганлиги зикр қилинади. Бироқ бу маълумотларнинг барчаси ёлғон, ҳақиқатдан йироқдир.

Шак-шубҳа йўқки, Идрис алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломдан кейин ўтган. Айрим уламоларнинг айтишича, Идрис алайҳиссалом Бани Исроил пайғамбарларидан бўлган. Чунки у ҳар доим Бани Исроилга оид қиссалар асносида ёд қилинади. Бироқ шуни аниқ биламизки, Идрис алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломдан олдин ўтмаган. Қуйидаги оятлар шунга далолат қилади: “(Эй Муҳаммад), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик” [Нисо: 163], “Қасамки, Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда пайғамбарлик ва Китобни (яъни, Таврот, Инжил,  Забур ва Қуръонни) ҳам икковининг зурриётларига ато қилдик” [Ҳадид: 26]. Демак Аллоҳ таоло Нуҳ ва Иброҳим алайҳимассаломни расул қилиб юбориб, қолган пайғамбарларни улар иккисининг зурриётидан юборди ва илоҳий китобларни ҳам уларга нозил қилди. Ким Идрис алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломдан олдин пайғамбар қилиб юборилган деса, Қуръони Каримни ёлғонга чиқарган бўлиб, бу эътиқоддан Аллоҳга тавба қилиши лозим бўлади.

Пайғамбарлар – Аллоҳ таоло инъом этган инсоният табақаларининг энг афзали саналадилар. Аллоҳ таоло айтади: “Кимда ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъом этган зотлар — пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлурлар” [Нисо: 69].

Анбиёлар деганда уларнинг ичига расуллар ҳам киради. Расуллар анбиёлардан афзалдир. Расулларнинг энг афзали “Улул-азм” – даъват йўлида алоҳида матонат кўрсатган азм ва қатъият эгалари бўлмиш бешта пайғамбардир. Мазкур бешта пайғамбар Қуръони Каримнинг икки жойида: Аҳзоб ва Шўро сураларида зикр қилинганлар. Аллоҳ таоло айтади: “Эсланг, Биз барча пайғамбарлардан ва хусусан сиздан, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо ибн Марямдан аҳду паймонларини олгандик” [Аҳзоб: 7], “(Эй мўминлар), Аллоҳ сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга ваҳий қилган нарсани, шунингдек, Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани шариат қилди: “динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!” [Шўро: 13]. Во ажаб, Аллоҳ таолонинг аввалгилар-у охиргиларга қилган васиятига қаранг: динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!

Пайғамбарларнинг энг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Бу ҳақда у зотнинг ўзлари шундай дейдилар: “Мен Одам алайҳиссалом фарзандларининг саййиди – энг аълосиман[2]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исро ҳодисасида пайғамбарлар билан учрашган пайтда уларга намозда имом бўлдилар, ҳатто ботилдан юз ўгириб ҳаққа интилганлар – “ҳунафо”ларнинг имоми бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ҳам у зотнинг ортларида намоз ўқидилар. Маълумки, намозда қавм ичидаги энг афзал киши имомга ўтади. Демак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “улул-азм” пайғамбарларнинг энг афзалидирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги мартабадаги энг афзал пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломдир. У ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ Иброҳимни ўзига “халил” – яқин дўст тутди” [Нисо: 125]. Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни шундай оғир синовлардан ўтказдики, унга фақат “улул-азм” пайғамбарларгина бардош бериши мумкин.

Иброҳим алайҳиссаломнинг бошига тушган оғир синовлардан бири – у зот кексайган чоғида фарзандлик бўлди. Маълумки, инсон узоқ муддат фарзанд кўрмай, кексайган чоғида унга яккаю-ёлғиз ўғил насиб қилса, унинг фарзандига бўлган муҳаббати бўлакча бўлади. Иброҳим алайҳиссаломнинг якка ўғли Исмоил отасига эргашиб юрадиган ёшга етгач, ўғлига бўлган муҳаббати, боғлиқлиги янада ортди. Зеро, бу ёшда фарзанд кўздан четда, эътиборсиз ёш бола ҳам эмас, айни дамда отасининг ортидан эргашмай, балки ўзи мустақил иш юритадиган ўсмирлик ёшида ҳам эмасди. Яккаю-ёлғиз жигарбанди шу ёшга етганида Аллоҳ Иброҳим алайҳиссалом бошига оғир имтиҳон солди. Иброҳим алайҳиссалом туш кўрди, тушида ўғлини сўяётган эмиш. Маълумки, пайғамбарларнинг рўёси Аллоҳ томонидан берилган ваҳий ҳисобланади. Иброҳим алайҳиссалом ўғлига деди: “Мен тушимда сени сўяётган эмишман, шунга нима дейсан?”. У ўғлига муддаосини очиқ сўзламади, балки аввал уни синамоқчи бўлди. Ақлли ва фаросатли ўғил бениҳоят итоаткорона жавоб берди: “Отажон, буюрилган ишингизни қилинг”. Исмоил: “Отажон, мени сўяверинг” – демади, балки бу ишни Аллоҳнинг амрига бўйсуниб қилаётганига ишора қилиш учун “Отажон, буюрилган ишингизни қилинг. Кўрасиз, мен иншааллоҳ сабр қилувчилардан бўламан”, деди. У қатъий равишда сабр қилишини айтмасдан, балки буни Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилди. Зеро, келажакда содир бўладиган ишлар учун “иншааллоҳ”, дейиш лозимдир: “Бирон нарса ҳақида: “Мен албатта эртага қилгувчиман”,  демасдан,  балки “иншааллоҳ – Аллоҳ хоҳласа”, денг” [Каҳф: 23-24]. Шундай қилиб ота-бола Аллоҳнинг амрига бўйсунишга иттифоқ қилдилар. Ота-бола Аллоҳнинг амрига таслим бўлишиб, Иброҳим алайҳиссалом ўғлини пешонаси билан ерга ётқизди. У ўғлининг бўйнига пичоқ тортар  экан кўзлари ўғлининг кўзларига тушмаслиги учун, ўзига ҳам, ўғлига ҳам осон бўлиши учун уни ана шундай юз тубан ётқизди. Уни пешонаси билан ётқизиб, энди пичоқ тортай деганда, Аллоҳ томонидан мусибатни аритувчи ечим келди: “Биз унга нидо қилдик: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен кўрган тушингни ижро этиб тасдиқладинг”. Албатта, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз” [Соффот: 104-105].

Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғлига бўлган кучли муҳаббатига қарамасдан ушбу синовдан муваффақиятли ўтиши, Аллоҳнинг фармонига батамом бўйсуниши унинг қалбидаги Аллоҳга бўлган муҳаббат ўғлига бўлган муҳаббатдан устун эканига далолат қилади. Шу боис у Аллоҳнинг халили бўлишга лойиқ бўлди. Халиллик муҳаббат турларининг энг кучлисидир. Зеро, муҳаббат турлари ўнта, баъзиларнинг айтишича, еттитадир. Бироқ нима бўлганда ҳам уларнинг энг олийси халилликдир. Шу маънода шоир маъшуқасига шундай дейди:

Севгинг танамдаги руҳ-ла қоришди,

Халил деб номланди, шу сабаб халил.

Зеро, шоирнинг маъшуқасига бўлган севги-муҳаббати унинг руҳи, томирлари, суяклари, мияси, қўйингки, унинг бутун вужудига сингиб-қоришиб кетган. Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ Иброҳимни ўзига “халил” – яқин дўст тутди” [Нисо: 125], деган сўзи Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг ҳузурида энг суюкли банда мақомида туришига далолат қилади. Шунингдек, бу оятдан Аллоҳнинг муҳаббат сифати борлиги чиқади.

Аллоҳ таоло яхши кўрмайди, Унинг муҳаббат сифати йўқ”, дея Аллоҳнинг сўзини ўзгартирувчи кимсалар оятдаги “халил” сўзи арабча “хиллатун” сўзидан олинган бўлиб, “фақирлик” маъносини билдиради, дейдилар. Уларнинг фикрича, оятнинг маъноси “Аллоҳ Иброҳимни Ўзига “халил” – фақир қилди”, демакдир!! Албатта, бу оят маъносини “буриш”дан ўзга нарса эмас. Уларнинг фикрича, ҳар бир инсон Аллоҳнинг халилидир. Негаки, барча инсонлар Аллоҳга фақир – муҳтождирлар.

Бироқ тўғри фикрга кўра, халил дегани муҳаббатда энг олий даражага етган кишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни халил қилиб олганидек, мени ҳам халил қилиб олди. Борди-ю, умматимдан бирон кишини халил қилиб олганимда Абу Бакрни халил қилган бўлардим[3].

Халқ орасида “Иброҳим халилуллоҳ, Муҳаммад ҳабибуллоҳ, Мусо калимуллоҳ”, деган гап кенг тарқалган. Шубҳасиз, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳабибуллоҳ – Аллоҳ суйган зот. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳни суйган ва Аллоҳ ҳам у зотни суйган бандадир. Бироқ ҳабиб сифатидан кўра олийроқ сифат бор – у халил сифатидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам халилуллоҳ – Аллоҳнинг халилидирлар. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, “Муҳаммад ҳабибуллоҳ” деган васф билан чекланган одамлар қайсидир маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққини тўла-тўкис адо этмаган бўладилар. Негаки, ҳабиблик халилликдан қуйи васфдир. Шунинг учун ҳам биз башарият ичида бор-йўғи иккита халилни биламиз: Иброҳим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳимо ва саллам. Аллоҳ яхши кўрган – ҳабибуллоҳ бўлган бандалар эса кўпчиликни ташкил қиладилар. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ “муҳсинлар” – тоат-ибодатларни энг мукаммал тарзда адо этувчи ва халққа хайр-эҳсон қилувчиларни яхши кўради” [Бақара: 195], “Аллоҳ Ўзининг йўлида саф тортиб жанг қилувчиларни яхши кўради” [Саф: 4].

[1] Шавконий “Ал-фавоидул мажмуа” (286) ва Албоний “Аз-заифа”да (466) зикр қилишган.

[2] Муслим ривояти (2278).

[3] Муслим ривояти (532, 23).

Изоҳ қолдиринг