Бисмиллоҳсиз сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейиш ҳақида

0

Савол:

Аллоҳим умрингизни зиёда ва баракали қилсин! Саволим бор эди, Аллоҳни номи билан сўйилмаган ҳайвоннинг гўштини истеъмол қилишнинг ҳукми қандай бўлади. Агар бундай гўштларни истеъмол қилган инсонлар огоҳлантирилган бўлсаларда, унинг ҳаромлигини билсаларда шу ишни қилаверсалар, уларнинг ҳукми қандай бўлади? Бундай гўштларни ейиш жойизми? Аллоҳ рози бўлсин сиздан!

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Аллоҳнинг номи билан сўйилмаган ҳайвоннинг гўштини ейиш динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган ҳайвонларнинг гўштини еманглар. Албатта бу иш гуноҳдир” – деган (Анъом: 121). Шу оятга биноан кофирлар сўйган ҳайвоннинг гўштини истеъмол қилиб бўлмайди. Бироқ аҳли китоблар сўйган гўштлар бундан мустасно. Чунки улар одатда жонлиқ сўйишда Аллоҳнинг исмини айтадилар ва шариатга биноан, яъни ҳайвонни бўйнидан бўғизлаб сўядилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Ва аҳли китобларнинг таомлари сизларга ҳалол, сизларнинг таомларингиз ҳам уларга ҳалолдир” (Моида: 5). Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, бу оят жонлиқ сўйишда Аллоҳнинг исмини айтадиган аҳли китобларнинг таомларига тегишли. Агар аҳли китоблар ҳайвонни бисмиллоҳсиз сўяётганлари ёки ношаръий йўллар билан, масалан, электр токи орқали ёхуд ҳайвоннинг бошини сувга тиқиб, нафас олишини кесиш орқали ўлдиришаётгани маълум бўлса, у ҳолда улар сўйган ҳайвонларнинг гўштлари ҳаром саналади.

Агар баъзи кишилар бисмиллоҳсиз сўйилган ҳайвонларнинг гўштларини еяётганига гувоҳ бўлсак, аввало, уларга бу гўштнинг динимизда ҳаромлигини, қолаверса, ҳаром луқма ейиш қанчалик зарар эканини тушунтириш бизнинг зиммамиздаги вазифамиздир. Ҳаром луқма ейиш инсоннинг бетавфиқ бўлишига ҳамда дуолари ижобат қилинмаслигига олиб борувчи омиллардан бири саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаромдан еб-ичган, ҳаромдан кийинган, қўлларини осмонга кўтариб: “Эй Раббим, эй Раббим!” – деб дуо қиладиган киши ҳақида “Унинг дуоси қаердан ҳам ижобат қилинсин” (Термизий (2989) ривояти) – деганлар. Демак, дуо ижобат бўлиши учун инсоннинг луқмаси ҳалол бўлиши керак. Мавриди келгани боис эслатиб ўтиш лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг худди шу маънода Саъд розияллоҳу анҳуга: “Эй Саъд, луқмангни ҳалолла, дуойинг ижобат бўлади” – деганлари ҳақидаги ҳадис юқоридаги маънони қўллаб-қувватласа-да, лекин санади жиҳатдан заифдир.

Ҳаром гўштни ҳаром эканини била туриб еяверган киши агар бу ишни ҳалол санаб қилаётган бўлса, у ҳолда кофир бўлади. Чунки Аллоҳ ва Расули ҳаром деган нарсани ҳалол санаган киши диндан чиқади. Агар беэътиборлик қилиб, нафс балосига учиб қилаётган бўлса, унда фосиқ бўлади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг