Мазийнинг ҳукми

0

Еттинчидан: мазий

Мазий – жинсий яқинлик тўғрисида хаёл қилган пайтда ёки жинсий яқинлик олдидан чиқадиган шаффоф шилимшиқ суюқлик. Мазий манийдан фарқли ўлароқ, инсон авратидан отилмай чиқади ҳамда унинг чиқиши билан танада бўшашиш юзага келмайди. Эҳтимол, инсон унинг чиққанлигини сезмаслиги ҳам мумкин. Мазий ҳар икки жинс: эркак ва аёллардан ҳам чиқиши мумкин.

 Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кўп мазий кўрадиган киши эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёвлари бўлганим сабаб, у зотдан мазий ҳақида сўрашдан уялиб, бир кишини сўрашга буюрдим. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда сўраганида: “Таҳорат олиб, олатингни юв[1], дедилар”. Бошқа бир ривоятда: “Олати ва моякларини ювсин[2], дедилар.

Саҳл ибн Ҳаниф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мазийдан покланаман деб кўп машаққат чекар, мазий сабаб кўп ғусл қилардим. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мазий ҳақида сўрадим. У зот: “Мазийдан покланиш учун таҳоратни ўзи кифоя қилади”, дедилар. Мен: Эй Расулуллоҳ, кийимимга текканини нима қилай?”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир ҳовуч сув олиб, мазий кийимингнинг қаерига теккан бўлса, ўша жойига сепишинг кифоядир”, дедилар”[3].

Юқоридаги икки ҳадис мазийнинг нажосат экани ва уни қуйидаги тарзда сув билан тозалаш зарур эканига далолат қилади:

А) мазийдан тозаланиш учун олат ва мояклар сув билан ювилади.

Б) кийимга теккан мазийни тозалаш учун унга бир ҳовуч сув олиб сепиш кифоя.

[1] Бухорий (269), Муслим (303), Абу Довуд (206, 208), Термизий (114), Насоий (1/96) ва Ибн Можа (504)  шунга ўхшаш лафзлар билан ривоят қилишган.

[2] Саҳиҳ, Абу Довуд (208), Аҳмад (1/124) ва Ибн Ҳиббон (1170)

[3] Ҳасан. Абу Довуд (210), Термизий (115), Ибн Можа (506), Ибн Ҳиббон (1103) ва Доримий (1/184) ривоят қилишган. Ҳадисни Термизий ҳасан саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг