Пайғамбар уйида бир кеча: ўн биринчи аёлнинг ҳикояси (2)

1

Абу Зарнинг онаси

Абу Зарнинг онаси, танимайсиз сиз уни” – дея сўзини давом эттиради Умму Зар. Умму Зар қайнонаси ҳақида сўз юритмоқда. Одатда келинлар қайноналари ҳақида доим салбий фикр билдиришади. Бироқ Умму Зар Абу Зарни қаттиқ севгани учун уни дунёга келтирган инсонни ҳам мақтаб, ундан миннатдор эканини айтмоқда. Чунки “севгилимнинг севгилиси менинг севгилим”дир.

Умму Зар қайнонаси ҳақида шундай дейди: “Каттадир сандиқлари, кенгдир уй-ҳовлилари”, яъни Умму Зар қайнонасининг уйдаги озиқ-овқатларни солиб қўядиган сандиғи катта бўлган. Сандиқларнинг катта экани ва ҳовлининг кенг бўлиши оила турмуш даражасининг юқорилигидан, фаровон ҳаёт кечиришидан даракдир. Чунки озиқ-овқат солинадиган сандиқлар катта бўлиши учун озиқ-овқат ҳам кўп бўлиши керак.

Абу Зарнинг ўғли

Умму Зар бу оиладаги ҳаммани бирма бир мақтай бошлади. Навбат Абу Зарнинг ўғлига келди. У ҳақда Умму Зар шундай деди: “Абу Зарнинг ўғлини, билмайсизда сиз уни”. Умму Зар Абу Зарнинг ўғлини мақташ билан бирга Умму Зардан олдин бошқа аёл билан турмуш қурганини билдириб кетмоқда. “Хурмо шохи унинг ётоғи, уни тўйдирар эчки туёғи” – дея Умму Зар сўзини давом эттиради. Бу Абу Зарнинг ўғли ҳам озғин, ҳам бақувват эканидан киноя. Чунки хурмо пўстлоғи ингичка бўлади. Тўшакнинг ингичкалиги унда ётадиган шахснинг озғинлигини билдиради. Озғин бўлиш билан бирга мускуллар бақувват ва чайир бўлиши эркак киши учун мақтов саналади. Абу Зарнинг ўғлидаги мақтовга лойиқ сифатлардан яна бири шуки, у овқатга муккасидан кетмаган. Бу ҳам эркаклар учун мақтовли сифатлардан саналади.

Абу Зарнинг қизи

Энди навбат Абу Зарнинг қизига келди. У ҳақда Умму Зар шундай дейди: “Абу Зарнинг қизини, танитай сизга уни: ота-онасига итоатли”, яъни Абу Зарнинг қизи жуда ҳам одобли эканини айтмоқда. “Тўлдириб турар кийимини, куйдирар жон қўшнисини” – тўлишганлик аёллар учун чирой саналади. Ўта озғин аёллар одатда мақталмайди. Абу Зарнинг қизи тўладан келган, чиройли бўлгани учун кундошлари унга рашк қилишар экан. Умму Зарнинг “жон қўшниси” деган сўзидан кундош назарда тутилган. Демак Абу Зарнинг куёви кўпхотинли бўлган.

Кундошни қўшни деб аташ одобдандир. Чунки одатда қўшнилар бир-бирлари билан иноқ, бир-бирларига сирдош бўлишади. Салафи солиҳларимиз кундошларни жон қўшни деб аташгани ривоятларда келган. Умар розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга Ойша онамизни назарда тутиб: “Сен ўзингни Ойшага қиёс қилиб алданма. Қўшнинг сендан кўра чиройлироқ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суюклироқдир” – деганлар.

Абу Зарнинг чўриси

Умму Зар Абу Зарнинг барча оила аъзоларини мақтаб чиқди. Ҳатто навбат Абу Зарнинг чўрисига келди. Бу эса Умму Зар Абу Зарни қанчалик яхши кўришини янада ёритиб беради. Абу Зарнинг чўриси ҳақида Умму Зар шундай дейди: “Абу Зарнинг чўриси, танимайсиз сиз уни. Тарқатмагай сиримизни”, яъни у ишончли, оилада бўлиб ўтган воқеаларни қўни-қўшниларга тарқатмайди. Бировнинг сирини бировга айтмаслик, хусусан, аёлларда жуда ҳам нодир ҳолат. “Исроф қилмас озуқамизни” – дея мақтовини давом эттиради Умму Зар. Абу Зарнинг чўриси хулқи яхши бўлиши билан бирга рўзғор ишларида ҳам ҳеч нарсани исроф қилмайдиган, жуда тежамкор аёл бўлган. Агар хизматкор оиладаги сирни бошқаларга айтмаса, ҳеч нарсани исроф қилмаса, устига-устак тозакор бўлса, унга ҳеч ким тенг кела олмайди. Унинг тозакорлиги ҳақида Умму Зар шундай дейди: “Қуш ини қилмас уйимизни”. Сирингизни бировларга айтмайдиган, тежамкор ва тозакор аёлни қанча мақтасангиз ҳам кам. “Саҳиҳайн”дан бошқа ривоятларда Умму Зар ҳатто Абу Зарнинг итини ҳам мақтагани айтилади. Умму Зар шу даражада қаттиқ севган бу эридан қандай қилиб ажралгани ҳақида келгуси мақоламизда сўз юритамиз, иншааллоҳ.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

  1. Pingback: Пайғамбар уйида бир кеча: ўн биринчи аёлнинг ҳикояси (1)

Изоҳ қолдиринг