Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғлига қилган васияти (11)

0

Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғлига қилган васияти

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик. Бир пайт эгнида тугмалари ипакдан бўлган яшил яктак кийиб олган бир бадавий киши келди.  Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлингизким, сизларнинг мана бу биродарларингиз ҳар қандай аслзодаолийжаноб кишиларни пастга урди ва ҳар қандай чўпонзода мартабасини кўтарди”, дедилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: “Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг яктаги ёқасидан олдиларда шундай дедилар: “Мен сенинг эгнингда ақл юритмайдиган кимсанинг либосини, (яъни ипакни) кўряпманми?”. Сўнгра яна шундай дедилар: “Аллоҳнинг пайғамбари Нуҳ алайҳиссаломга ўлим ҳозир бўлгач, ўғлига шундай деди: “Мен сенга васиятни айтиб бермоқчиман. Сени икки нарсага буюраман ва икки нарсадан қайтараман: сени “Ла илаҳа иллаллоҳ”га буюраман. Зеро, етти қават осмонлар ва етти қават ер (тарозининг) бир палласига қўйилса-ю, “Ла илаҳа иллаллоҳ” бир паллага қўйилса, албатта “Ла илаҳа иллаллоҳ” улардан оғир келган бўлур эди. Борди-ю, етти қават осмонлар ва етти қават ерлар ёпиқ бир ҳалқа бўлганида эди, “Ла илаҳа иллаллоҳ” уларни синдирган бўлур эди. Шунингдек, сени “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳ” калимасини айтишга буюраман. Зеро, бу калима барча нарсаларнинг  намози ҳисобланиб, мана шу калима сабабли махлуқотларга ризқ берилади. Мен сени ширк ва кибрдан қайтараман”.

Абдуллоҳ ибн Амр розиёллоҳу анҳумо деди: “Мен дедим (ёки дейилди):

Эй Расулуллоҳ! Ширк нима эканини биламиз, бироқ кибр нима? Кибр дегани бир кишининг чиройли боғичли бир жуфт чиройли оёқ қийими борлигими?

Йўқ.

Кибр дегани бир кишининг киядиган бир тақим кийими борлигими?

Йўқ.

Кибр дегани бир кишини минадиган улови борлигими?

Йўқ.

Кибр дегани бир кишининг зиёрат қилиб турадиган ўртоқлари борлигими?

Йўқ.

Мен айтдим (ёки айтилди):

– Эй Расулуллоҳ! Кибр нима бўлмасам?

– (Кибр дегани) ҳақни тан олмаслик ва одамларни камситишликдир[1].

Ҳадиснинг ровийлар шажараси саҳиҳдир.  

[1]  Саҳиҳ ҳадис, Имом Аҳмад (2/ 169, 225), Бухорий “Ал-Адаб Ал-Муфрад” асарида (548), Байҳақий “Ал-Асмо вас-Сифот” асарида (128-б) саҳиҳ ровийлар шажараси ила ривоят қилганлар. Шунингдек, устозимиз Албоний роҳимаҳуллоҳ “Ас-Саҳиҳа” (134) асарида бу ҳадисни саҳиҳ деганлар.

Изоҳ қолдиринг