Олтинчи қоида: тарбия – эътибор (1)

0

Олтинчи қоида

Тарбия – эътибор

Шуни айтиш мумкинки, тарбия ишида ва умуман ҳар қандай ишда эътибор масаласи энг муҳим инсоний фазилатдир. Шахсий тажрибаларимиз орқали бизга маълумки, ҳар қандай мураккаб масалалар уларга эътибор беришимиз сабабли содда ва осон бўлиб қолади. Айни дамда оддий ва енгил ишлар эътиборсизлигимиз ва ҳал қилишдаги сусткашлигимиз боис қийин ва хатарли масалага айланади. Менимча, фарзандларни тарбиялаш масаласи юксак даражада эътибор, сергаклик ва назорат талаб қиладиган масаладир. Зеро, ён-атрофдаги олам ўзгариб бормоқда. Динимизга ёт бўлган маданиятларнинг фарзандларимизга бўлган таъсири ортиб бормоқда. Фарзандларимизнинг ўзлари ҳам кун сайин улғайиб, бир босқичдан кейинги босқичга кўчиб ўтмоқдалар. Ҳар бир босқичнинг ўзига хос ҳолатлари, эҳтиёжлари ва муаммолари бор. Биз уларнинг барчасини ҳисобга олишимиз ва англаб етишимиз зарур. Уларни англаш, идрок этиш ва шунга яраша муносабат билдиришимиз учун аввало эътибор қаратишимиз лозим. Шу боис “тарбия – эътибордан иборат”, десак муболаға қилмаган бўламиз.  Негаки, чиндан ҳам эътиборсиз тарбия бўлиши мумкин эмас.

Қуйида мазкур муҳим масалага қаратилган айрим қисқа ишораларни айтиб ўтамиз:

  • Ўзгарувчан олам:

Биз “олам ўзгаряпти”, дейишимиз билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди. Чунки олам шундоқ ҳам ўзгаришдан тўхтагани йўқ. Балки биз айтишимиз мумкинки, оламдаги ўзгаришлар “портлаш” даражасига етди. Ўзгаришлар ўз қолипидан чиқиб, кескин тартибсизликларга ўхшаш бир ҳолатга айланди. Ҳозир оламда юз бераётган ўзгаришлар характери – йўналишини англаб етишимиз имкони бор. Бунинг учун  юз бераётган кетма-кет ўзгаришларни кузатиш ва уларни яхши тарбиявий тушунча асосида англаб етиш орқали уларга эътибор бериш хусусиятига эга бўлишимиз зарур.

Ота-оналар шуни англаб етишлари муҳимки, биз бугунги кунда кўплаб қадриятларни ўзгартириш мақсадида кенг миқёсда иш олиб бораётган дунёқараш – оқим соясида яшаяпмиз. Ушбу дунёқараш гўзаллик, куч-қудрат, одамлар эътиборини қаратиш, жозибадорлик, маишатпарастлик, кайфиятни кўтариш, худбинлик ва шахсий ютуқ тушунчаларига алоҳида урғу беради ва бу тушунчаларни олийжаноблик, шарм-ҳаё, камтаринлик, босиқлик, жамоавийлик ва ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш хислатларининг ўрнига қўйишга интилади.

Янги бир авлод етишиб чиқмоқда. Бу авлодни “интернет авлоди”, деб номлаш мумкин. Бу авлод шундай авлодки, телевизор экранларида, интернет оламида юксак қадриятлар, мақтовли одоб-ахлоқларга даъват қилувчи жуда оз маълумотларга дуч келади. Улар ўсмирлик ёшига етганларида уларни соғлом турмуш тарзи ва изчил тараққиёт учун йўналтирадиган айтарли ҳеч қандай эътиқод ва қадриятларга эга эмасликларини кашф этадилар.

Биз глобализация оқимининг маданий ва маънавий муҳитимизда пайдо қилаётган илдам ўзгаришларини кўриш учун кўзларимизни каттароқ очишимиз лозим. Глобализация аслида янгича дунёқарашли муҳит пайдо қилмоқда. Ушбу муҳитда ўзаро борди-келди қилиш, меҳр-оқибат, қўшничилик, оилавий йиғилишлар, қавм-қариндошлар ва ёр-биродарлар билан алоқа қилиш тушунчалари чекиниб, унинг ўрнига инсон холи қолиб, ёпиқ эшиклар ортида эришадиган шахсий кўнгилхушлик тушунчаси устун бўлиб бормоқда. Ғарб ёзувчиларидан бири мазкур ҳолатни сифатлаб шундай дейди: “Бежирим уйлар, кўркам кўчалар, роҳатбахш балконлар. Бироқ одамлардан дарак йўқ!”. Тўғри, биз ҳануз жамоавийлик руҳи ўлиб бўлган бундай даражага етмадик. Бироқ айни пайтда ҳеч кимса жамоавийлик руҳиятига қарши олдинлаб бораётганимизни инкор эта олмайди!

Оламда юз бераётган ўзгаришлардан хабардор мураббий фарзандлари онгида исломий эътиқод ва қадриятларни жонлантиришга интилиши лозим. Буни бутун оила аъзолари ҳамкорликда ташкил қилишган оилавий муҳитда амалга ошириш лозим. Қолаверса, ёш авлодни фазилатли исломий ахлоқ асосида тарбия қиладиган болалар боғчалари ва мактабларга бериш орқали уларда ана шундай исломий дунёқараш ва қадриятларни сингдириш лозим. Акс ҳолда, теварак атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни тўғри англай олмаслик фарзандлар тарбиясида ўрнини тўлдириб бўлмайдиган катта йўқотишларга олиб боради.

Изоҳ қолдиринг