Бақара сураси: 11-16 оятлар

0

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ لَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ قَالُوا إِنَّمَا نَحْنُ مُصْلِحُونَ ﴿١١ أَلَا إِنَّهُمْ هُمُ الْمُفْسِدُونَ وَلَـٰكِن لَّا يَشْعُرُونَ ﴿١٢

  1. Агар уларга “Ер юзида фасод қилманглар”, дейилса, “Фақат бизгина ислоҳ этувчилармиз”, дейишади.

  2. Билиб қўйингизким, уларгина фасод қилгувчи – бузғунчидирлар. Бироқ улар буни сезмайдилар.

Мунофиқлар ер юзида фасод қилиш, куфр ва гуноҳ ишларга қўл уриш, шунингдек, мўминларнинг сир-асрорларини душманларига фош қилиш ва кофирларни дўст тутишдан қайтарилсалар “Фақат бизгина ислоҳ этувчилармиз”, дейишади”. Улар ер юзида фасод қилиш билан кифояланмай, балки ўз қилмишларининг фасод эмас, аксинча, ислоҳ эканини даъво қиладилар. Мунофиқлар шу тариқа ҳақиқатни бузиб кўрсатиш, ботил ишларни ҳақ суратида намойиш қилишга уринадилар. Бу – гуноҳнинг ҳаромлигини эътиқод қилиб гуноҳ қилган кишининг жиноятидан кўра каттароқ жиноятдир. Зеро, ҳаромлигини билиб гуноҳ ишга қўл урган киши қилмишидан қайтишини умид қилиш мумкин. Мунофиқлар “Фақат бизгина ислоҳ этувчилармиз”, деган сўзлари билан гуёки ислоҳотчилик фақат уларга хос эканини англатмоқчи бўладилар. Шунингдек, бу сўз замирида мўминлар ислоҳ қилувчилар сафига кирмаслигига ишора қиладилар. Шу боис Аллоҳ таоло уларнинг ботил даъволарини пучга чиқариб: “Билиб қўйингизким, уларгина фасод қилгувчи – бузғунчидирлар”, дейди.

Чиндан ҳам Аллоҳнинг оятларини инкор этган, Аллоҳнинг динига тўсқинлиқ қилган, Аллоҳ ва Унинг дўстларини алдамоқчи бўлган, Аллоҳ ва Расулига қарши курашган кимсаларни ўзига дўст тутган ва буларнинг барчасини ислоҳ деб даъво қилган кимсалардан ҳам бузғунчироқ, бу фасоддан ҳам каттароқ фасод борми?! Мунофиқлар бу хусусда уларга қарши Аллоҳнинг ҳужжати қойим бўладиган, уларда баҳона қолдирмайдиган маълумотга эга бўлсаларда, аммо ўзларига манфаатли бўлган бирон нарсани билмайдилар. Ер юзида гуноҳ ишларни қилиш бузғунчилик саналади. Негаки, куррайи заминдаги жамики офатлар: дон-дун, мева-чева, чорва ва деҳқончиликка етадиган мусибатлар, қаҳатчилик ва тақчиллик сабаби гуноҳлардир. Зеро, ер юзида ислоҳотлар олиб бориш дегани Аллоҳга тоат-ибодат қилиш ва Унга иймон келтириш билан заминни обод қилиш демакдир. Мана шу сабаб Аллоҳ одамзотни яратди, унга ерни маскан қилиб берди ва тоат-ибодат қилиш учун қувват олсин, дея унга турли-туман ризқини тўкиб солди. Кимики бу улуғ ғояга зид равишда ҳаракат қилса, у ҳолда ерда бузғунчилик қилган, ерни яратишдан асл мақсад – уни обод қилиш ўрнига харобага айлантирган бўлади.

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ آمِنُوا كَمَا آمَنَ النَّاسُ قَالُوا أَنُؤْمِنُ كَمَا آمَنَ السُّفَهَاءُ ۗأَلَا إِنَّهُمْ هُمُ السُّفَهَاءُ وَلَـٰكِن لَّا يَعْلَمُونَ ﴿١٣

  1. Агар уларга “Одамлар иймон келтирганидек иймон келтиринглар”, дейилса, “Эси паст кимсалар иймон келтирганидек иймон келтирайликми?!”, дейдилар. Билиб қўйингизким, аслида уларнинг ўзлари эси паст кимсалардир. Бироқ улар буни билмайдилар.

Агар мунофиқларга одамлар, яъни саҳобалар қалб ва тиллари билан иймон келтирганидек иймон келтиринглар дейилса, ўзларининг ботил тушунчаларидан келиб чиқиб “Эси паст кимсалар иймон келтирганидек иймон келтирайликми?!”, дейдилар. Лаънати мунофиқлар бу сўзлари билан саҳобаларга шама қиладилар. Уларнинг фикрича, саҳобаларни иймон келтиришга, ватанларини ташлаб чиқишга ва кофирларни душман деб билишга ундаган нарса – бу улардаги эси пастлик бўлиб, ақллилик буткул бунинг аксини тақозо қилади. Мунофиқлар саҳобаларни эси пастлик билан айблар эканлар, зимдан ўзларининг оқил ва доно эканларини даъво қиладилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг мазкур даъвосини рад этиб, аслида ўзлари чинакам эси паст эканини маълум қилади. Чунки ҳақиқий эси пастлик инсон ўз манфаатини билмаслиги ва ўзига зиён келтирадиган ишлар ортидан юришидир. Бинобарин, ушбу сифат мунофиқларга жуда муносиб сифатдир. Қолаверса, оқиллик ва донолик инсон ўзига фойдали ишларни билиб, манфаатли ишларга интилиши ва зарарли ишларни ўзидан кеткизишга ҳаракат қилишидир. Албатта ушбу сифатлар саҳоба розияллоҳу анҳумлар ва мўминларга мос хислатдир. Демак қуруқ даъво, пуч сўзлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, балки инсонни кимлигини билиш учун унинг сифатига ва далил-исботига қараш муҳимдир.

وَإِذَا لَقُوا الَّذِينَ آمَنُوا قَالُوا آمَنَّا وَإِذَا خَلَوْا إِلَىٰ شَيَاطِينِهِمْ قَالُوا إِنَّا مَعَكُمْ إِنَّمَا نَحْنُ مُسْتَهْزِئُونَ ﴿١٤

  1. Агар улар иймон келтирганлар билан учрашсалар “Биз иймон келтирганмиз”, дейдилар, агар шайтонлари – бошлиқлари билан холи қолсалар “Биз албатта сизлар билан биргамиз, мусулмонларга ўзимизни мўмин қилиб кўрсатиш билан уларни масхара қиляпмиз, холос”, дейдилар.

Мунофиқлар дилида йўқ нарсани тилида сўзлайдилар. Улар мўминлар билан бирга бўлсалар, улар билан бир йўлда эканини ошкор қиладилар. Борди-ю, ўз шайтонлари, яъни фисқу фасод ва ёвузлик борасидаги етакчи – раҳбарлари билан холи қолсалар “Биз аслида сизлар билан биргамиз, ўзимизни мусулмон қилиб кўрсатиб, шунчаки мўминлар устидан куляпмиз”, дейдилар. Мана бу уларнинг ички ва сиртки ҳолати. Ёмон макр-ҳийла инсоннинг ўзига зарар қилади. “Бировга чоҳ қазсанг ўзинг йиқиласан”.

اللَّـهُ يَسْتَهْزِئُ بِهِمْ وَيَمُدُّهُمْ فِي طُغْيَانِهِمْ يَعْمَهُونَ ﴿١٥

  1. Аллоҳ (мунофиқларнинг бу қилмишига муносиб жазо бериш учун) уларни масхара қилади, туғён – куфр ва залолатда янада ҳаддан ошдиради ва улар ҳайрат ва тараддуд ичра қоладилар.

Бу – мунофиқлар Аллоҳнинг бандаларини масхара қилишгани учун уларга берилган муносиб жазо. Аллоҳ уларга бадбахтлик ва ўзларининг тубан ва жирканч ҳолатларини чиройли кўрсатиб қўйиши уларни масхаралашининг бир кўринишидир. Зоҳирда бўлсада мусулмонлигини ошкор этганлари боис жон ва мол-мулклари дахлсиз бўлганини кўрган мунофиқлар ўзларини мўминлар сафидан деб ўйлаб қолдилар. Аллоҳ қиёматда ҳам мунофиқларни масхара қилади. Аслида мўминларгагина берадиган нурни мунофиқларга ҳам беради. Мўминлар ўзларига берилган нур ёғдусида юриб кетсалар, мунофиқларнинг нури ўчиб қолади. Нурдан кейин зулмат қоронғусида ҳайрат ичра туриб қоладилар. Умиддан кейинги жудолик нақадар оғир! “Улар мўминларга “Биз дунёда сизлар билан бирга эмасмидик?!”,  деб нидо қилганларида,  мўминлар дерлар:  “Ҳа,  кўринишда биз билан бирга эдинглар,  лекин сизлар мунофиқлик билан ўзларингизни фитнага дучор қилдинглар ва бизларга бало-офатлар етишига кўз тутдинглар ҳамда исломнинг ҳақ дин эканлиги тўғрисида шубҳаландинглар…” [Ҳадид: 14].

Шундай қилиб Аллоҳ таоло уларни туғёнда, яъни фисқ-фужур ва куфрларида зиёда қилади ва улар ҳайрат ва тараддуд гирдобида қоладилар. Бу ҳам Аллоҳнинг мунофиқларни масхара қилиши, уларнинг устидан кулишининг бир кўринишидир.

Сўнг Аллоҳ таоло мунофиқларнинг ҳақиқий ҳолатини баён қилиб шундай дейди:

أُولَـٰئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الضَّلَالَةَ بِالْهُدَىٰ فَمَا رَبِحَت تِّجَارَتُهُمْ وَمَا كَانُوا مُهْتَدِينَ﴿١٦

  1. Ана ўшалар ҳидоят эвазига залолатни сотиб олган кимсалардир. Уларнинг бу тижорати фойда келтирмади ва улар ҳидоят ҳам топмадилар.

Ана ўшалар, яъни мазкур сифатлар билан сифатланган мунофиқлар худди бирон маҳсулотга қизиққан, унга эришиш йўлида катта маблағларни сарфлашга ҳозир бўлган харидор сингари залолатга ошиқадилар. Бу – бағоят ажойиб ташбеҳ. Аллоҳ таоло энг ёмон нарса бўлмиш залолатни маҳсулотга, энг яхши, бебаҳо нарса – ҳидоятни эса маҳсулот эвазига бериладиган маблағга ўхшатади. Мунофиқлар залолатга ошиққанлари боис уни сотиб олиш учун маблағ сифатида ўзлари юз ўгиришган ҳидоятни берадилар. Мана бу уларнинг тижорати, уларнинг олди-бердиси; қандай ёмон тижорат, нақадар ахмоқона олди-берди!

Агар бир дирҳамга бир динор алмашган инсон зиён кўрган саналса, бир парча олмосни бериб, ўрнига бир дирҳам олган кимсага нима дейиш мумкин?! Ёхуд ҳидоятни сарфлаб, ўрнига залолатни олган, саодатни ташлаб, бадбахтликни танлаган, тубан ишларга ошиқиб, олий ва юксак ишлардан юз ўгирган кимсагачи?! Шубҳасиз, бундай инсон тижоратида фойда кўрмаган, балки мислсиз зарар кўрган саналади. “Албатта зиёнкорлар қиёмат куни ўзларига ҳам,  аҳли оилаларига ҳам зиён қилгувчи (яъни,  ўзи ҳам мушрик бўлиб,  аҳли-оиласини ҳам тўғри йўлдан оздиргани сабабли қиёмат кунида ўзи ва ахли оиласи дўзах азобига гирифтор бўлгувчи) кимсалардир.  Огоҳ бўлингизким,  бу очиқ зиёнкорликдир” [Зумар: 15].

Улар ҳидоят ҳам топмадилар”. Бу сўз билан Аллоҳ таоло мунофиқлар залолатда экани, улар ҳеч қандай ҳидоятга эришмаганини таъкидлайди. Аллоҳ таоло юқорида уларнинг қабиҳ сифатларини айтиб ўтди, энди эса бу сифатларни янада очиқроқ баён қиладиган ташбеҳларни зикр қилади.

Изоҳ қолдиринг