Бир сўз билан уч талоқ айтишнинг ҳукми

0

Савол:

Бир киши аёлини бирданига етти талоқ қилибди. Баъзи домлалар унга олтмишта мискинни тўйдириш кераклигини ва ҳеч қандай талоқ тушмаслигини айтишибди. Шунинг ҳукми қандай бўлади? Жазакумуллоҳу хойрон!

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Шариатимизда эркак киши хотинига икки марта талоқ айтиб, сўнг қайтиб олиши мумкин. Агар учинчи марта талоқ айтса, унда хотини бошқа эрга никоҳланиб чиқмагунича талоқ қилган эрига ҳалол бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “(Эр хотинини қайтариб олиши мумкин бўлган) талоқ икки мартадир… Борди-ю, эр хотинини (учинчи) марта талоқ қилса, энди у хотин бошқа эрга никоҳланмагунича собиқ эрига ҳалол бўлмайди” – деган (Бақара: 229-230).

Агар эр хотинига оятда айтилганидек эмас, балки бир айтишда уч ёки ундан ортиқ талоқ айтса, яъни эр хотинига “Сен уч (ёки ундан кўп) талоқсан” ёки “Сен талоқсан, сен талоқсан, сен талоқсан” – деса, бунинг ҳукми нима бўлиши ҳақида уламоларимизнинг икки хил фикрлари бор. Жумҳур уламолар, жумладан, аксар саҳоба ва тобеинлар, тўрт мазҳаб имомлари бу кўринишда айтилган талоқ уч талоқ ҳисобланади, деганлар. Шунингдек, Саудия Арабистони Катта Уламолар Ҳайъати ҳам жумҳур уламоларнинг фикрини қабул қилган.

Бошқа бир гуруҳ олимлар эса, жумладан, Ибн Таймия, Ибн Қаййим, Шавконий, замондош олимлардан аллома Ибн Усаймин, муҳаддис олим Мустафо Адавий ва бошқа бир қанча уламолар бу кўринишда айтилган талоқ бир талоқ ҳисобланади, деганлар. Шавконий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Найлул автор” китобларида бу фикрни Абу Мусо, Али ва Ибн Аббос каби саҳобалардан, Товус, Ато ва Жобир ибн Зайд каби тобеинлардан ривоят қилинганини айтиб ўтганлар.

Биз бу масалада жумҳур уламоларнинг фикрига мойил бўлсак-да, шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, аксар мусулмон диёрларидаги маҳкамаларда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган асарга биноан бир сўз билан айтилган уч ёки ундан ортиқ талоқ бир талоқ деб эътиборга олинади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, эр хотинини уч мартагача талоқ қилиши мумкин. Шу сабабли эр аёлига бир сўз билан учтадан кўп талоқ айтиши, масалан, ўн талоқ ёки юз талоқ дейиши бемаънилик ва Аллоҳнинг ҳукмларига нисбатан беҳурматлик саналади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг