Қодиёнийлар пешвоси (давоми)

0

Маълумоти

Мирзо Ғулом ўз уйида Фазл Илоҳий, Фазл Аҳмад каби баъзи шахслардан мантиқ, диний ва адабий бошланғич илмларни таҳсил олган. Мирзонинг отаси моҳир табиб бўлиши билан бирга устаси фаранг фолбин ҳам бўлган. Мирзо қадимий табобатни отасидан ўрганган. Мирзо илмга қаттиқ қизиқар ва бу йўлда тинмай ҳаракат қиларди. Бироқ унинг ислом дини ҳақидаги маълумотлари жуда ҳам нотўғри эди. Буни унинг ўз китобларида баён қилган фикрларидан тушуниб олиш мумкин.

Мирзо 1864 йилда Покистондаги Сиялкот шаҳридаги маҳкамаларнинг бирида иш бошлади. 1868 йилга қадар у 15 рупий ойлик эвазига шу ишни давом эттирди. Бу унинг ҳаётидаги дастлабки иши эди. Мирзо Ғулом шу тўрт йилдан унумли фойдаланди: инглиз тилини ўрганди, ҳуқуқ факултетида ўқишни бошлади, лекин имтиҳонларни муваффақиятли топшира олмади. 1868 йил ишдан бўшади. Кўриб турганингиздек, Мирзо Ғулом ҳаётида мана шундай қийинчилик даврларини бошдан кечирган. У ўзининг китобларида бу ҳақда кўп сўз юритган. Шулардан баъзиларини намуна сифатида айтиб ўтамиз:

1) “Эй ислом уламолари, уммат фуқаҳолари! Ўзини Аллоҳ тарафидан юборилган пайғамбар деб даъво қилаётган киши (бу билан у ўзини назарда тутмоқда) ҳақида менга фатво беринглар… у ҳаётининг илк чоғларида нотанишлар оламида бўлиб, уни ҳеч ким танимас, ҳеч ким у ҳақда гапирмас, гапига ҳеч ким қулоқ солмас, ҳеч ким уни ҳурмат қилмас, одамлар орасида у ҳақда шов-шув хабарлар тарқамас эди. Одамлар уни ҳеч ким санамас, донолар йиғинларида у ҳақда гап очилмас эди”.

2) “Мени ҳеч ким танимас эди. Охир-оқибат, Раббим: “Мен сени танладим”, деб ваҳий қилди… унга қадар мен одамлар қувғин қилган кишидек яшар эдим”.

Бироқ у қодиёнийлик оқимини ўйлаб топганидан кейин одамлардан унга турли хил ҳадялар кела бошлади. У ўз китобларида бу ҳадялар ҳақида ҳам сўз юритган ва бу ҳадяларнинг келиши Аллоҳнинг унга берган фазли ҳамда унинг чинакам пайғамбар эканига далил бўлишини таъкидлаган. Қуйида унинг бу мавзуга оид баъзи сўзларини келтириб ўтамиз:

1) Сўнг Аллоҳ таоло бу бандани (ўзини назарда тутмоқда) ўз ваъдасига мувофиқ турли хил неъматлар билан қўллаб-қувватлади. Бир гуруҳ толиблар пул ва совғалар ва кўзни қувонтирадиган нарсалар олиб келишди. Ҳатто уларни қўйгани жой торлик қилиб қолди”.

2) “Менга денгиз тўлқинларидек тўхтовсиз ҳадялар келиб туради. Бу Аллоҳнинг мўъжизаларидандир”.

3) “Инсонлар турли ерлардан менинг ҳузуримга ҳадялар ва (пайғамбарга беришга) лойиқ нарсалар олиб келишади. Мана бу улуғворлик соҳиби тарафидан – осмондан келган ваҳийдир. Бу тўқима гап эмас”.

Шу тариқа Мирзо Ғулом Аҳмад бойиди ва бойликка берилиб кетди. У турар жой ва еб-ичиш, кучли маст қилувчи ичимликлар ва қувват берувчи қимматбаҳо малҳамларга кўп пул сарфлар эди. Унинг турмуш тарзи сиёсатчи бошлиқларникидан фарқ қилмай қолди. Ҳатто аксар издошлари унинг бу ишларидан, улар қийналиб яшаётган бир вақтда Мирзо ва унинг оиласи беҳисоб исроф қилаётганидан бир неча маротаба шикоят қилишган.

Мирзо Ғулом турли хил хасталикларга мубтало бўлди: у қанд касалига чалиниб, қонда шакар миқдори кўтарилиб кетгани учун гоҳ-гоҳида ҳушидан кетиб қолар, доимий боши оғрир эди. Аллома Мавдудий ва Надавий (Аллоҳ у иккисини Ўз раҳматига олсин) Мирзо Ғулом ва унинг издошларининг китобларига таяниб шу каби хабарларни нақл қилишган.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг