Аёл кишининг намозда луқма бериши ҳақида

0

Савол:

Уйимиз масжиддан анча узоқ бўлгани учун эр-хотин бирга намоз ўқиймиз. Турмуш ўртоғим имом бўлиб ўқиётганда қироатда хато қилсалар ёки эсдан чиқарсалар мен уларга луқма ташлаб, эслатишим жоизми?

Жавоб:

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

Аёл киши эри ёки маҳрамларидан бирига намозда луқма бериши жоиз. Бироқ бу ҳолатда унинг овозини эшитадиган бегона эркаклар бўлмаслиги керак. Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “…Кимда ким намозида бирон иш содир бўлса (масалан, имоми хато қилса, ёки бирон кимсани хатардан огоҳлантириш зарурати туғилса ёхуд эшик тақиллаб қолса) тасбеҳ айтсин. Зеро, тасбеҳ айтса, унга эътибор қаратилади. Қарсак чалиш аёлларгагина хосдир” [Бухорий: 652, Муслим: 421].

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Эркаклар аёл кишининг товушини эшитиб хаёли бўлинмаслиги учун аёл ҳар қандай ҳолатда намозда товушини пасайтиришга буюрилган. Шу боис улар намозда тасбеҳ айтишдан қайтарилди. Эркаклар эса қарсак чалишдан қайтарилдилар. Чунки қарсак аёлларга хос ишдир” [“Фатҳул Борий”, 3/77].

Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Айрим уламоларнинг айтишича, аксар аёлларнинг овози майин бўлгани сабаб уларга тасбеҳ айтиш макруҳ саналди ва қарсак чалиш жоиз қилинди. Негаки, кўпинча аёл киши ўз товуши билан бирга намоз ўқиётган (номаҳрам) эркаклар эътиборини жалб қилади” [“Тамҳид”, 21/108].

Заркаший роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар аёл киши (намозда бирон иш содир бўлса) қарсак чалади, дейишган. Шубҳа йўқки, бу ҳукм номаҳрам эркаклар иштирокида ўқилган намозга хос. Шунга кўра, жамоат фақат аёллардан иборат бўлса ёки аёл фақат маҳрамлари билан намоз ўқиса, бу ҳолатда худди уларни ҳузурида овоз чиқариб қироат қилиши жоиз бўлганидек, тасбеҳ айтиши ҳам жоиздир” [“Муғнил муҳтож”, 1/418], валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг