Абу Бакр розияллоҳу анҳу: бошдан кечирган мусибатлари

0

Аллоҳ йўлига даъват қилган шахслар, жамоатлар, халқлар ва давлатлар бу йўлда қаттиқ синовларни бошдан кечиришлари тайин. Бу синовлар билан Аллоҳ таоло Ўз йўлидагиларни саралайди. Саҳобалар бошларидан кечирган синовларига бир назар солайлик, бу синовларга ҳатто тоғлар ҳам бардош бериши қийин эди. Улар Аллоҳ йўлида молу мулклари, ҳатто жонларини қурбон қилдилар. Ислом умматининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги энг афзал кишиси саналган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам худди шундай оғир синовларни бошидан кечирди: бошидан тупроқ сочилди, Масжиди Ҳаромда пойабзаллар билан калтакланди, ҳатто юзи таниб бўлмайдиган даражада бўлиб қолди, чала жон ҳолатида уйига олиб келиб ташланди. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан суҳбатлашиб ўтирганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга даъватни ошкора қилишни таклиф қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биз озчиликмиз” – дея Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу таклифини рад этдилар. Ўша вақтда саҳобаларнинг сони ўттиз саккизта эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъватни ошкора қилишга ундайверди. Охир-оқибат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рози бўлдилар. Мусулмонлар Масжиди Ҳаром атрофига тарқалиб кетишди. Ҳар бир мусулмон ўз қабиласига қўшилиб турди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса одамлар ўртасига чиқиб даъват қила бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса унинг ёнида ўтирар эдилар. Буни кўрган мушриклар дарҳол йиғилиб, Масжиди Ҳаром атрофидаги барча мусулмонларни қаттиқ калтаклай бошлашди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу оёқ остига олиниб қаттиқ дўппосланди. Ярамас Утба ибн Рабиа Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келди ва пойабзали билан унинг юзига уриб, қорнига чиқиб сакради. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзи таниб бўлмайдиган даражага келди. Шунда Бани Тамим, яъни Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қабиласи келиб, унинг олдидан мушрикларни ҳайдаб юборишди ва у кишини бир матога ётқизиб, чала жон ҳолатида уйига олиб бориб ташлашди. Бани Тамим Масжиди Ҳаромга қайтиб келишди ва: “Аллоҳга қасамки, агар Абу Бакр жон берса, биз Уқба ибн Рабиани ўлдирамиз” – дейишди. Чунки улар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг яшашидан умидларини узишган эди. Улар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига қайтишди ва унинг ўзига келишини кутишди. Кун охирлашиб, қуёш ботар чоғида Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзига келди. Ҳушига келган Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг илк сўзи: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима бўлди” – деган сўз бўлди. Бу гапни эшитган Бани Тамим Абу Бакр розияллоҳу анҳуни койий бошлашди ва онаси Уммулхайрга унга бирон егулик беришини тайинлаб чиқиб кетишди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу онаси билан холи қолди ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима бўлди” – дея сўрайверди. “Аллоҳга қасам, мен унга нима бўлганини билмайман”, деб жавоб берди онаси. “Унда Умму Жамил бинти Хаттобнинг олдига бориб, ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўранг”, деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу. Онаси Умму Жамилнинг олдига бориб: “Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳақида сўраяпти” – деди. “Мен Абу Бакрга ҳам, Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ҳам нима бўлганидан бехабарман. Агар хўп десанг, сен билан бориб Абу Бакрни зиёрат қиламан”, жавоб берди Умму Жамил. Улар биргаликда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келишди. Умму Жамил Абу Бакр розияллоҳу анҳуни чала жон ҳолатида ётганини кўриб: “Аллоҳга қасам, сенга озор берганлар фосиқ ва кофирдир. Умид қиламанки, Аллоҳ улардан албатта ўч олади” – дея фарёд қилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умму Жамилдан сўрай бошлади:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима бўлди?

– Онанг гапларимизни эшитиб турибди.

– Зарари йўқ, гапиравер.

– Соғ-омонлар.

– Қаердалар?

– Арқамнинг ҳовлисида.

– Аллоҳга қасам, бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмагунимча ҳеч нарса емайман, ичмайман.

Улар Абу Бакр розияллоҳу анҳуга тасалли бериб, тинчлантиришди. Одамлар тарқалиб, кўчалар тинчиганидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуни қўлтиқлаб олиб чиқишди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб боришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуни кўриб хурсанд бўлганларидан уни қучоқлаб олдилар ва унинг бу ҳолатини кўриб қаттиқ йиғладилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ! Менга ҳеч нарса қилгани йўқ. Бу фосиқ бироз юзимга шикаст етказди, холос. Онам менга қараб турибди. Сиз муборак зотсиз, онамнинг ҳаққига дуо қилинг. Шояд Аллоҳ онамни дўзахдан сақлаб қолишига сабабчи бўлсангиз!” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг онаси ҳаққига дуо қилдилар, уни исломга даъват қилдилар ва у исломни қабул қилди. Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда бу воқеадан олинадиган ибратлар ҳақида сўз юритамиз.

 (Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг