Аллоҳни зикр қилмай ўрнидан қўзғалиш хусусида

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳни зикр қилмасдан ўринларидан қўзғалган қавм эшак ўлимтиги каби нарса устидан қўзғалган бўладилар ва бу уларга (қиёмат куни) ҳасрат бўлади” ҳадисини бизга кенгроқ тушунтириб берсангизлар. Баъзида “Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони зикр қилмадикмикин”, деб бир оз қалбга ғашлик тушади. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.

Жавоб:

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

 Дастлаб шуни айтиш лозимки, мазкур ҳадисни Абу Довуд “Сунани”да (4855), Имом Аҳмад “Муснад”да (10413) ва Насоий “Кубро”да (10236) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ва ҳадисни Шайх Албоний саҳиҳ деган. Айрим муҳаддис уламоларнинг айтишича, ушбу ҳадисдаги “эшак ўлимтиги каби нарса устидан”, деган ибора Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари сифатида саҳиҳ эмас. Негаки,  мазкур ривоятларнинг ҳар бирида ушбу иборани заифга чиқарувчи “иллат” мавжуд бўлиб, ҳадиснинг ишончлироқ бошқа ривоятларида ушбу ибора зикр қилинмаган. Бу уламоларнинг фикрича, ҳадисдаги мазкур ибора Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари сифатида собит бўлмасада, бироқ саҳобийнинг сўзи сифатида собитдир. Имом Бухорий “Ал-адабул муфрад” асарида (1009) мазкур иборанинг Қурра Ал-Музаний розияллоҳу анҳудан собит эканини ривоят қилади.

Ҳадисда мажлислардан Аллоҳни ёд қилмасдан тарқалган қавмни эшак ўлимтиги устидан тарқалган кимсаларга ўхшатилиши бу ишнинг ниҳоят хунук иш эканига  далолат қилади. Негаки, одатда итлар эшак ўлимтиги устида йиғилишади ва унинг ўлимтигини еб тарқалишади. “Айрим уламоларнинг айтишича, мажлисда содир бўладиган хато сўз ва камчиликлар Аллоҳнинг зикри билан ёпиб юборилмас экан, бу хато-камчиликлар худди инсон жирканадиган ўлимтик сингари қолиб кетади. Ҳадисда ўлимтиклар ичидан эшакнинг ўлимтиги танланиши мажлис аҳлининг ақли заиф эканига ишорадир” (Муновий, “Файзул Қадийр”).

Умуман олганда, мазкур ҳадис ва бошқа бир қанча ҳадислар мажлис ва суҳбатларни Аллоҳ зикри билан обод қилишга чорлайди, шунингдек, мажлисларни қиёматда ҳасрат ва надоматга сабаб бўладиган беҳуда гаплар билан ўтказишдан эҳтиёт бўлишга чақиради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким бирон жойга ўтириб, у жойда Аллоҳни зикр қилмаса, (қиёмат куни) унга ҳасрат ва надомат бўлади. Ким бирон жойда ёнбошлаб, у жойда Аллоҳни зикр қилмаса, (қиёмат куни) унга ҳасрат ва надомат бўлади” (Абу Довуд, 4856). Ушбу ҳадиснинг Термизий ривоятида шундай дейилади: “Қайси бир қавм бирон мажлисда ўтириб, унда Аллоҳни зикр қилмасалар ва Пайғамбарларига салавот айтмасалар, (қиёмат куни) бу мажлис уларга ҳасрат ва надоматга айланади. Аллоҳ хоҳласа уларни азоблайди, хоҳласа мағфират қилади” (Термизий, 3380, ҳасан ҳадис).

Уламолар юқорида зикр қилинган ҳадисларга таянишиб, мажлисларнинг Аллоҳ зикридан холи бўлиши макруҳ эканини айтганлар. Қиёмат кунида ҳасрат ва надомат бўлиши фақат фарз ёхуд вожиб амаллар тарк қилингани боис бўлавермайди, балки жаннатдаги даражаларни кўтарилишига сабаб бўладиган мустаҳаб амаллар тарк қилингани учун ҳам бўлиши мумкин. Шунга қарамай ҳадисдаги “Аллоҳ хоҳласа уларни азоблайди, хоҳласа мағфират қилади”, деган иборанинг зоҳири ҳар бир мажлисда Аллоҳни зикр қилиш ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш вожиблигига далолат қилади. Негаки, азоб ва мағфират гуноҳ ишга қўл уриш: ё вожибни тарк қилиш ёки ҳаром ишни қилиш сабабли бўлади. Бироқ аксар уламоларнинг фикрига кўра, зикр ва салавот намоздан ташқарида умр давомида бир марта вожиб бўлиб, ундан ортиғи суннат ёхуд мустаҳабдир. Шунга кўра ҳадисдаги “Аллоҳ хоҳласа уларни азоблайди, хоҳласа мағфират қилади”, деган ибора ҳар мажлисда Аллоҳни зикр қилиш муҳим эканини таъкидлаш учун муболаға тарзида айтилган ёки мажлисда ўтирганлардан содир бўлиши мумкин бўлган, азоб-уқубатга дучор қиладиган сўз ёки хатти-ҳаракатларга тааллуқлидир. Аллома Мулла Али Қорий роҳимаҳуллоҳ “Мирқотул мафотеҳ” асарида ҳадисдаги мазкур иборани шарҳлаб шундай дейди: ““Аллоҳ хоҳласа уларни азоблайди”, яъни уларнинг собиқ гуноҳлари ёки бўлажак хато-камчиликлари сабабли азоблайди”.

Мажлисда Аллоҳни зикр қилиш ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш муайян бир кўринишда чекланмаган. Аллоҳни зикр қилиш бениҳоят кенг тушунча бўлиб, Қуръон тиловат қилиш, ҳадис ўқиш, бирон оят ёки ҳадис мазмунини ўрганиш ва муҳокама қилиш, турли муносабатлар билан айтиладиган зикр ва дуоларни қилиш, “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ” ва “Аллоҳу акбар” каби зикрларни айтиш, шунингдек, Аллоҳдан истиғфор сўраш каби тоат-ибодатлар билан рўёбга чиқиши мумкин. Аллома Муновий “Файзул Қадийр” китобида шундай дейди: “Аллоҳни зикр қилиш ва Пайғамбарга салавот айтиш мажлисдан қўзғалиш пайтида айниқса таъкидлироқ бўлади. Зикр ва салавот айтиш амали ҳар қандай сўзлар билан ҳосил бўлаверади. Шундай бўлсада, зикрнинг энг мукаммали “Субҳаанака Аллоҳумма ва биҳамдик, Ашҳаду аллаа илааҳа илла ант, астағфирука ва атубу илайк”дир. Пайғамбар алайҳиссаломга айтиладиган салавотнинг энг мукаммали эса намознинг қаъдасида  айтиладиган (“Аллоҳумма солли ала…”, деб бошланадиган) салавотдир”.

Муновий роҳимаҳуллоҳ ишора қилган зикр “каффоратул мажлис” деб аталади. Бу ҳақда бир неча ҳадислар келган, шулардан энг мукаммали қуйидагича: “Субҳааналлоҳи ва биҳамдиҳ, Субҳаанака Аллоҳумма ва биҳамдик, Ашҳаду аллаа илааҳа илла ант, астағфирука ва атубу илайк”. Ким бу сўзларни зикр мажлисида айтса, бу сўзлар унга босилган муҳр каби бўлади. Ким бу сўзларни лағв – беҳуда гаплар айтилган мажлисда айтса, унга каффорат бўлади[1].

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳар қандай мажлис ёки давраларда Аллоҳни зикр қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш мустаҳаб, мажлисларнинг зикр ва салавотдан холи бўлиши макруҳдир. Шунинг учун мўмин киши қиёмат кунида ҳасрат ва надомат бўлмаслиги, унинг жаннатдаги даражалари янада юксалиши учун имкон қадар мажлисларни зикр билан обод қилиши, беҳуда сўзлардан четланиши лозим экан, валлоҳу аълам.

[1] Табароний (1/79/2) ва Ҳоким (1/537) Нофеъ ибн Жубайр ибн Мутъимдан ва у отасидан марфуан ривоят қилишган ва ҳадисни Албоний саҳиҳ деган. Шунингдек, “каффоратул мажлис” зикри келган ҳадисларни Абу Довуд (4859) Абу Барза Ал-Асламийдан, Термизий (3433) Абу Ҳурайрадан, Насоий “Амалул явми вал лайла”да (397) Ойша розияллоҳу анҳодан ва бошқалар ривоят қилишган. Айтиб ўтиш лозимки, “каффоратул мажлис” зикри ривоят қилинган ҳадислар хусусида муҳаддислар ихтилоф қилишган. Мутақаддим уламоларнинг аксари ҳадисни заиф дейишган бўлсалар, мутааххир уламолардан айримлари уни саҳиҳ ва баъзилар ҳасан дейишган.

Изоҳ қолдиринг