Қуёш тутилиши ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум. Ёсин сурасининг 40-оятида “Қуёш учун Ойга етишиш йўқ”, деган мазмун бор. Кундузи Қуёш билан Ой тутилади-ку, шунга иккита фикр билдириш тўғрими? Яъни, Қуёш билан Ой кундузи тутилади, ҳеч қачон кечаси куёш билан ой тутилмаган. Бошқача қилиб айтганда, Ой Қуёшни олдига келди, Қуёш Ойни олдига боргани йўқ. Оятда: “Қуёш учун Ойга етишиш йўқ”, дейилган, “Ой учун Қуёшга” дейилмаган. Иккинчиси: балким биз кўзимиз билан кўриб турган ҳодиса Қуёш билан Ой тутилиши эмас, балки асли бошка нарсадир, фан ривожланиши, яъни астрономия ривожланиши билан бу ойдинлашар. Балким бу қандайдир фазовий жисмларнинг туташишидир, Қуёш билан Ойники эмасдир. Шундай жавоб бериш тўғрими? Олдиндан жазакаллоҳу хойрон!

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Ёсин сурасининг 40-оятида: “Қуёш Ойга етиб олиши ва ёхуд кеча кундуздан ўзиб кетиши мумкин эмас. Уларнинг (яъни Қуёш, Ер, Ой ва юлдузларнинг) барчаси фалакда сузиб юради” – дейилган. Бу оятда Қуёш билан Ой тутилмаслиги назарда тутилмаган. Балки ҳар иккиси ҳам доим ҳаракатда бўлишига қарамай, бир-бири билан тўқнашиб кетиши мумкин эмаслиги айтилган. Бу Аллоҳ таолонинг илми ва қудратининг қанчалар чексиз эканини янада изоҳлаб беради. Бу сайёралар қанчалар улкан бўлиши, Аллоҳ таоло коинотни яратганидан тортиб, то қиёмат кунига қадар доимий ҳаракатланиб туришига қарамай бир-бири билан тўқнашмайди. Чунки уларни ҳамма нарсага қодир ва барча нарсадан бохабар Зот бошқариб туради. Шунга кўра бу оятни Қуёш тутилиши билан тафсир қилиш дуруст эмас. Агар бу оятдан Қуёш тутилиши назарда тутилганида эди, у ҳолда саволда айтилган кўринишда тафсир қилишга уринишимиз тўғри бўларди. Шунинг учун Қуръони Карим оятларини ўзимиз билганимизча эмас, балки салафи солиҳларимиз, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобаи киромлар ҳамда тобеинлар тафсир қилганларидек тафсир қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолса, ўзимиз билиб-билмаган ҳолда Қуръон оятларини бошқа маънога буриб юборишимиз мумкин, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг