Шукр қилиш

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у кишининг оила аъзолари ва саҳобаи киромларига салавоту саломлар бўлсин! Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларига назар солсак, бу неъматларнинг сон-саноғига ета олмаймиз. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасанглар, бу неъматларнинг саноғига ета олмайсизлар” – дейди (Наҳл: 18). Бу неъматларни бизга ато этган зот айни вақтда шу неъматларга шукр қилишни ҳам зиммамизга юклаган. Шундай экан, келинг, ушбу мақоламизда шукр ҳақида сўз юритайлик.

Шукр – Аллоҳ таоло ато этган неъматларни ҳис қилиш, уларни берган зотга ҳамд айтиш ҳамда бу неъматларни Аллоҳнинг розилигига эришиш йўлида ишлатиш демакдир. Шукр қилиш учун инсон ҳам қалби, ҳам тили, ҳам бошқа аъзолари билан амал қилиши керак бўлади. Шунинг учун салафи солиҳларимиз “шукр – диннинг ярми”, дейишган. Шукр қилиш учун инсон аввало бу неъмат Аллоҳ тарафидан эканини қалбидан ҳис қилиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир ёққанида унинг Аллоҳ таоло тарафидан берилган неъмат эканини тан олган бандаларни “шукр қилувчилар” деб атаганлар (Муслим ривояти). Инсон унга берилган неъматларнинг Аллоҳ тарафидан эканини қалби билан ҳис қилганидан кейингина уларнинг эвазига Аллоҳга ҳамд айтиши лозим. Шунинг учун Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Раббингиз берган неъматларни (бошқаларга эслатма бўлиши учун доим) айтиб юринг” – деган (Зуҳо: 5). Шукрнинг учинчи рукни эса неъматларни Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида ишлатишдир. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом оиласига: “Эй Довуд оиласи, шукр қилиш учун солиҳ амал қилинглар” – деганининг боиси ҳам шу (Сабаъ: 13). Бу ҳақда Абу Абдураҳмон Ҳубалий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Намоз шукрдир, рўза шукрдир, Аллоҳ йўлида қилган ҳар бир амалинг шукрдир. Шукрнинг энг афзали эса ҳамд айтишдир” (Тафсири Табарийдан).

Аллоҳ таоло Ўзини Шакур деб атагани шукр қилиш қанчалар муҳим эканини янада ёритиб беради. Шукр қилиш барча пайғамбарларнинг сифатлари бўлган. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом ҳақида шундай дейди: “Эй Нуҳ билан бирга биз кемага миндирган кишиларнинг фарзандлари, шак-шубҳасиз, Нуҳ ўта шукр қилгувчи банда эди” (Исро: 3). Иброҳим алайҳиссалом ҳақида эса Парвардигоримиз шундай деб марҳамат қилади: “Албатта Иброҳим бир уммат эди. У Аллоҳга ибодат қиладиган, ботилдан юз ўгирган эди ва мушриклардан эмас эди. У Аллоҳнинг неъматларига шукр қилувчи эди. Аллоҳ уни танлаб олди ва тўғри йўлга ҳидоят қилди” (Наҳл: 120-121). Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечалари узун намоз ўқиганларидан икки оёқлари шишиб кетарди. У кишидан бу ишнинг сири ҳақида сўралса: “Шукр қилувчи банда бўлмайми, ахир?!” – деб жавоб берардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир неча ўринда нафақат бизларни, ҳатто пайғамбарларни ҳам шукр қилишга буюрган. Жумладан:

  1. Мени зикр қилинглар, Менга шукр қилинглар ва Менга нонкўрлик қилманглар” (Бақара: 152).

  2. Эй иймон келтирганлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар ва агар фақат Аллоҳга ибодат қиладиган бўлсангизлар, Унга шукр қилинглар” (Бақара: 172).

  3. Эй Мусо, Мен сени пайғамбарлик ва Мен билан гаплашиш неъматлари ила барчадан афзал қилиб танладим. Шундай экан, сенга берган оятларимни ол ва шукр қилувчилардан бўл” (Аъроф: 144).

  4. Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан олдинги пайғамбарларга ҳам: “Агар ширк келтирсангиз, барча амалингиз бекор бўлади ва аниқки, зиён кўрувчилардан бўласиз. Шундай экан, Аллоҳга ибодат қилинг ва шукр қилувчилардан бўлинг” – деб ваҳий қилдик” (Зумар: 65-66).

Шукр қилиш мўминларга хос сифатлардан саналади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мўминнинг ишига ҳайратланаман, унинг барча иши яхшилик. Бу фақат мўминларга хос. Агар унга яхшилик етса шукр қилади ва бу унинг ўзи учун яхшилик бўлади. Агар унга ёмонлик етса сабр қилади, бу ҳам унинг ўзи учун яхшилик бўлади” (Муслим ривояти). Шукрнинг бундан бошқа яна бир неча фойдалари бор. Биз уларнинг баъзиларини санаб ўтамиз:

  • Шукр Аллоҳнинг розилигига етишга сабаб бўладиган амаллардан саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар шукр қилсангизлар, Аллоҳ сизлардан рози бўлади” (Зумар: 7).

  • Шукр Аллоҳнинг азобидан сақлайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Агар сизлар шукр қилиб, иймон келтирсангизлар Аллоҳ сизларни азоблаб нима қилади?!” (Нисо: 147). Бу оятнинг тафсирида Қатода роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аллоҳ таоло шукр қиладиган ва иймон келтирган кишини азобламайди” (“Тафсири Табарий”, 9/342).

  • Шукр қилиш Аллоҳнинг неъматлари зиёда бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Раббингиз шундай деб эълон қилади: “Агар шукр қилсангизлар, Мен яна зиёда қиламан”” (Иброҳим: 7). Шунинг учун баъзи салафларимиз: “Неъматлар “ёввойи” бўлади. Агар уларни шукр билан “боғлаб” қўймасангизлар, қочиб кетади” – дейишган экан.

Шукр ҳақида шунчалар буйруғу қизиқтиришларни эшитганимиздан кейин ҳам Аллоҳ таолонинг бизга ато этган беҳисоб неъматларига шукр қилмаслигимиз ҳақиқий нонкўрлик бўлса керак. Нонкўрликнинг оқибати нима бўлишини билмоқчи бўлсангиз қуйидаги оятларга бир назар солинг: “Сабаъ қабиласининг турар жойлари улар учун бир мўъжиза эди: уларнинг ўнг томони ҳам, чап томони ҳам боғу роғ эди. Биз уларга: “Раббингиз берган ризқдан баҳраманд бўлинглар ва унга шукр қилинглар. Сизларнинг бу шаҳарларингиз покиза, сизларга бу неъматларни ато этган Аллоҳ мағфирати кенг Рабдир” – деб айтган эдик. Улар Аллоҳга шукр қилишдан бош тортдилар ва биз уларга тўғон селини юбордик (яъни тўғонни очиб юбордик ва у ерда йиғилган сув сел бўлиб, бутун қабилани ғарқ қилди). Биз уларнинг (ўнг ва чап тарафларидаги) икки боғларини тахир мевали ва тиканли дарахтли, юлғунзорли, яккам-дуккам бутазорли “боқ”қа алмаштириб қўйдик. Улар кофир бўлганлари сабабли биз уларни мана шу тариқа жазоладик. Биз фақат кофирларга (мана шундай) жазо берамиз” (Сабаъ: 15-17).

Қандай қилиб шукр қиламан, дейсизми? Аллоҳга шукр қилиш учун аввало инсонларнинг қилган яхшиликларига шукр қила олиш лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонларнинг яхшиликларига шукр қила олмаган киши Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қила олмайди” – деганлар (Термизий ривояти). Шунингдек, шукр қилиш учун Аллоҳдан тақво қилиш лозим. Аллоҳ таоло: “Мендан тақво қилинглар, шояд шукр қилсангизлар” – дейди (Оли Имрон: 123). Шукр қилиш учун Аллоҳ таолонинг берганига қаноат қилиб, тақдирга рози бўлиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қаноатли бўл, шунда энг шукр қилувчи банда бўласан” – деганлар (Ибн Можа ривояти).

Азиз ўқувчи, сиз олдин шукр қанчалар муҳим эканини билмаган, шукрнинг фойдаларидан бехабар бўлишингиз мумкин. Бироқ энди сиз шукрнинг қанчалар муҳим экани ва нонкўрликнинг жазоси қанчалар оғир эканини билиб олдингиз. Шундай экан, бугундан бошлаб шукр қилишга киришинг. Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилувчи бандалари қаторида қилсин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг