Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Мусаввир исмининг маъноси

0

Мусаввир исмининг маъноси

Аллоҳ таолонинг “Мусаввир” (тасвирловчи) исми араб тилидаги “тасвирлади” маъносини ифодалайдиган “саввара” феълидан олинган. Имом Табарий  роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг ушбу исмини таърифлаб шундай дейди: “Мусаввир – яратган нарсаларига ўзи хоҳлаганидек шакл берувчидир”. Аллоҳ таолонинг бу исми Қуръони Каримда бир ўринда зикр қилинган: “У Аллоҳ Холиқ, Бореъ ва Мусаввирдир” (Ҳашр: 24). Мазкур оятнинг тафсирида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Яъни У зот бирон нарсани хоҳласа, унга “бўл” дейди ва у нарса Аллоҳ истаган шакл ва суратга киради. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “У сени Ўзи хоҳлаган суратида яратди” – дейди (Инфитор: 8). Шу боис Аллоҳ таоло Ўзини Мусаввир деди, яъни У зот хоҳлаган нарсасини хоҳлаган кўринишда яратади[1].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мусаввир – бандалари бир-бирлари билан танишишлари учун уларни турли суратда яратган зотдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “У зот сизларни Ўзи хоҳлаган суратда яратди ва кўринишингизни гўзал қилди” – дейди (Ғофир: 64). Аллоҳ таоло инсонни онасининг қорнида яратиши уч босқичдан иборат. Инсон онасининг қорнида аввало лахта қонга, сўнг бир парча гўштга айланади. Шундан сўнг Аллоҳ таоло унга шакл, яъни уни бошқалардан ажратиб турадиган кўриниш ато этади…[2].

Аллоҳ таоло инсонга Ўзи хоҳлаганидек сурат берганини бир неча оятларда маълум қилади. Қуйида ана шундай оятлардан намуналар келтирамиз:

1)                    “У зот сизларга оналарингизнинг қорнида вақтингизда Ўзи хоҳлаганидек кўриниш ато этади” (Оли Имрон: 6).

2)                    “Биз сизларни (яъни отангиз Одамни) яратдик ва унга Ўзимиз хоҳлаганимиздек кўриниш ато этдик. Сўнг фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар” – дедик” (Аъроф: 11).

3)                    “У зот сизларни Ўзи хоҳлаган суратда яратди ва кўринишингизни гўзал қилди” – деган (Ғофир: 64).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бутун борлиқни Ўзи яратганини айтган. Бу ҳақда Яратган зот шундай марҳамат қилади: “Айтинг, Аллоҳ барча нарсани яратган зотдир..” (Раъд: 14). Бошқа бир оятда эса шундай дейди: “Аллоҳдан бошқа яратувчи ҳам борми?!” (Фотир: 3). Аллоҳ таолодан бошқа ҳар қандай нарса азалий эмас. Тўғри, унинг яратилганига узоқ вақт ўтган бўлиши мумкин, лекин бундан унинг азалий экани келиб чиқмайди. Чунки Аллоҳ таоло барча нарсани, бутун борлиқни Ўзи яратганини айтмоқда. Демак, бу нарсалар Аллоҳ таоло уларни яратишидан олдин йўқ бўлган. Баъзи файласуфлар “олам азалийдир”, деган фикрни олға суришган. Лекин бу фикр Қуръонга, барча пайғамбарларнинг айтган сўзларига тескаридир.

Инсонларга бу кўринишни берган зот Аллоҳ таолодир. Шундай экан бирон кишининг ташқи кўринишидаги нуқсонлари туфайли унинг устидан кулиш Аллоҳ таоло яратган суратнинг устидан кулиш демакдир. Чунки ҳеч ким ўз суратини ўзи танламаган. Балки ҳар бир инсон онасининг қорнидалик вақтда унинг суратини Аллоҳ таоло яратган.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, Аллоҳ таоло руҳли мавжудотларнинг суратини чизишни ёки ҳайкалини ясашни ҳаром қилган. Бу иш билан шуғулланганларга қиёмат кунида қаттиқ азоб бўлиши бир неча ҳадисларда баён қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида энг қаттиқ азобланадиганлар тасвирчилардир” – деганлар (Бухорий, (5950) ва Муслим, (2019) ривояти). Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ тасвирчиларни уч қисмга ажратган:

1)                    Ибодат қилинадиган бут ва санамларни ясаш ёки чизиш. Бу ишни қилган киши кофир бўлиб, қиёмат кунида энг қаттиқ азобланадиганлардан бири бўлади;

2)                    Чизган сурати ёки ясаган ҳайкали билан ўзини Аллоҳ таолога ўхшатиши, “мен ҳам ярата оламан”, деган эътиқодда бўлиши. Бундай инсон ҳам кофир бўлади;

3)                    Бут ва санамлардан бошқа нарсаларни чизиш ёки ясаш ва бу иш билан ўзини яратувчанлик ва тасвирлаш сифатида Аллоҳга ўхшатмаслик. Бундай инсон шу қилмиши сабабли диндан чиқмаса-да, гуноҳи кабирани қилган бўлади.

 Биз бутун борлиққа шундай гўзал кўриниш ато этган зот бизни нима учун яратганини унутмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизга бу гўзаллик ва чиройни бошқаларга кўз-кўз қилиш ёхуд бошқаларни камситиш учун ато этмаган. Бизни яратишдан кўзланган асосий мақсад ибодатдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен инсу жинларни менга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан ризқ талаб қилмайман ва мени таомлантиришларини ҳам истамайман” (Зориёт: 56-57). Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳеч кимни асл мақсаддан – У зотга ибодат қилишдан адаштирмасин!

[1] “Тафсири Ибн Касир” (4/344).

[2] Байҳақийнинг “Эътиқод” китоби, 56-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг