Аёл эрининг рухсатисиз хайру садақа қилиши

2

Савол:

Ассалому алайкум. Домла, менда бир савол туғилган эди. Эр-хотин бой бўлишса, хотин ўзининг яқинларига ёрдам бериш ниятида эрнинг олдидан ўтса-ю, эр бунга рози бўлмаса, бундай ҳолатда аёл эридан яшириб яқинларига ёрдам беришининг ҳукми нима бўлади? Жавоб учун олдиндан ташаккур.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Аёл ўз мол-мулкидан яқинлари ёки бошқаларга хайр-садақа қилиши учун эрининг розилигини олиши шарт эмас. Шариатимизда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинган. Аёлнинг мол-мулкига эр хўжайинлик қилиши мутлақо нотўғри. Бу борада уламолар ўртасида ҳеч қандай хилоф йўқ. Бироқ аёлнинг ўз мол-мулки бўлмаса, унда аёл эрининг мол-мулкидан ўз яқинлари ёки бошқаларга хайру эҳсон қилиши уч турга бўлинади:

  • Аёл эрининг мол-мулкидан одатда рухсат сўралиши керак бўлган нарсаларни ундан берухсат садақа қилиб юбориши: бу ҳаромдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл эрининг рухсатисиз унинг молидан ҳеч нарса эҳсон қилмасин” – деганлар (Термизий (670) ривояти).

  • Аёл одатда рухсат сўралмайдиган арзимас нарсаларни эридан берухсат эҳсон қилиши: бу жоиздир. Шундай ҳолатда қилинган эҳсоннинг ярим савоби эрига, қолган ярми эса аёлнинг ўзига бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аёл эри топган мол-мулкдан унинг изнисиз эҳсон қилса, бу нафақанинг ярим савоби эрига бўлади” (Бухорий (5192) ва Муслим (1026) ривояти).

  • Эр олдиндан умумий шаклда рухсат бериб қўйган бўлиши: бундай ҳолатда аёл рўзғор иқтисодига зарар етмайдиган даражада эҳсон қилиши жоиз. Албатта, бу орқали эр ҳам, аёл ҳам шу эҳсоннинг тўлиқ савобига эга бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар аёл уйидаги таомлардан ҳаддан ошмаган ҳолда эҳсон қилса, эҳсон қилгани учун аёлга ҳам, бу пулни топгани учун эрига ҳам, хизматчига ҳам шу эҳсоннинг тўлиқ савоби бўлади, бирор бирларининг савоби бошқасиникини камайтирмайди” (Бухорий (1359) ривояти).

Юқоридаги ҳадисларга назар солсак, эр ўзининг мол-мулкидан аёли эҳсон қилишига рухсат бериши аввало эрнинг ўзи учун савобли иш эканига гувоҳ бўламиз. Қолаверса, аёл ўз яқинларига эҳсон қилишига рухсат бериш аёл учун эҳсон қилиш савобига эришишига имкон бериш билан бир қаторда унда эрига нисбатан янада муҳаббат уйғотади, эр-хотин муносабатларини янада мустаҳкамлайди. Бизнинг урфимизда аёлнинг ўз мол-мулки бўлиши нодир ҳолат саналади. Ҳатто аёллар ўз мол-мулкларини ҳам эрларидан берухсат ишлатишмайди. Шуни инобатга олган ҳолда, хусусан, бой кишилар арзимаган нарсаларга ҳам зиқналик қилмасдан хотинлари эҳсон қилишларига рухсат беришлари ўзлари учун ҳам, хотинлари учун ҳам афзал бўлади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion2 fikr

    • Абу Анас Ҳабибуллоҳ

      Саҳифанинг юқори қисмида қизил рангда “САВОЛ ЮБОРИНГ” ёзуви бор. Шу ердан ўз саволингизни юборишингиз мумкин.

Reply To homid Cancel Reply