Қайтар дунё: Яҳё алайҳиссаломнинг қотили

0

Ҳофиз Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳофиз Ибн Асокир “Ал-мустақсо фий фазоилил Ақсо” китобида Муовиянинг мавлоси Қосимдан қуйидаги қиссани ривоят қилади:

Дамашқ подшоҳи Ҳаддод ибн Ҳаддор ўғлини Сайдо маликаси бўлмиш жияни Арбелга уйлантиради. Ҳаддорнинг ўғли хотинини уч талоқ қилиб қўяди. Бироз вақт ўтгач бу қилмишига пушаймон бўлиб, хотинини қайтариб олмоқчи бўлади. Бу масалада Яҳё ибн Закарийё алайҳиссаломдан фатво сўраб келганларида Яҳё алайҳиссалом: “Йўқ, бошқа эрга никоҳланиб чиқмагунича сенга ҳалол бўлмайди” – деб жавоб берадилар. Шунда Арбел Яҳё алайҳиссаломга нисбатан адоват қила бошлайди ва онасининг маслаҳатига биноан подшоҳдан Яҳё алайҳиссаломнинг бошини олишини талаб қилади. Бир муддат бу талабни рад этиб турган подшоҳ бироз вақт ўтиши билан ўғлининг талабини бажо келтиришга қарор қилади ва Яҳё алайҳиссаломни ўлдириш учун одам юборади. Яҳё алайҳиссалом масжидда намоз ўқиб ўтирганларида қотил унинг бошини танасидан жудо қилиб, бошни бир товоққа солади ва подшоҳнинг ҳузурига олиб боради. Яҳё алайҳиссаломнинг боши танасиидан жудо қилинган бўлишига қарамай тўхтовсиз: “Ҳалол бўлмайди, бошқа эрга никоҳланиб чиқмагунича ҳалол бўлмайди” – деб такрорлаб тураверади. Арбел Яҳё алайҳиссаломнинг боши солинган товоқни бошига қўйиб, онасининг олдига олиб боради. Товоққа солинган бош эса гапиришдан тўхтамайди. Арбел онасининг олдига кириши билан уни ер юта бошлайди: аввало тўпиқларигача, сўнг белигача. Бу ҳолатни кўрган онаси ва унинг хизматкорлари бақир-чақир қилиб, юзларини чангаллаб дод-вой солишади. Ер Арбелни елкасигача ютганидан кейин онаси (қизидан ажраб қолишига аниқ ишонади ва) қизидан бирон бир хотира қолиши учун унинг бошини олишга буйруқ беради. Арбелнинг боши танасидан жудо қилиниши билан қолган танасини ер чиқариб ташлайди. Шу тариқа улар ўз қизларини ўзлари ўлдириб хор бўладилар…” (“Ал-бидоя ван ниҳоя” (2/51)). Арбел Яҳё алайҳиссаломнинг бошини олишга сабабчи бўлган эди, Аллоҳ таоло унга шу маслаҳатни берган кишининг қўли билан унинг бошини олди. Қайтар дунё, деб шуни айтсалар керак.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг