Иккинчи ҳадис (10) Охират кунига иймон келтириш

0

Охират кунига иймон келтириш

ва охират кунига …иймон келтиришинг”:

Охират куни қиёмат кунидир. Бу кун одамзот ва бошқа мавжудотлар ҳаётидаги охирги босқич бўлгани боис охират деб номланди. Зеро, одамзот учун тўрт босқич бор: онасининг қорни, дунё, барзах ва ниҳоят қиёмат куни.

  • Охиратга иймон келтириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

Биринчидан: қиёмат қойим бўлиши ва Аллоҳ таоло қабрларда ётган инсонларни қайта тирилтиришига иймон келтириш. Сур чалинган вақтда одамлар қайта тирилиб, оламлар Раббисининг ҳузурида тўпланадилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Сўнгра сизлар албатта қиёмат куни қайта тирилажаксизлар” [Мўъминун: 16]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қиёмат кунида одамлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда маҳшаргоҳга тўпланурлар[1]. Қиёмат қойим бўлишида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларда хабар берганлар. Кўпинча Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтириш билан охират кунига иймон келтиришни кетма-кет зикр қилади. Негаки, охират кунига иймон келтирмаган кимса амал қилмайди, чунки у бир кун келиб ҳисоб-китоб бўлишига ишонмайди.

Иккинчидан: охиратда содир бўлиши ҳақида Аллоҳ таоло китобида зикр қилган ва саҳиҳ ва ишончли ҳадисларда келган барча нарсаларга иймон келтириш. Айтайлик, одамларнинг бу кунда ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда ва ҳеч вақосиз маҳшаргоҳга тўпланишлари каби ишларга иймон келтирамиз. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Дастлаб қандай яратган бўлсак, ўша ҳолга қайтарурмиз” [Анбиё: 104].

Учинчидан: охират куни тўғрисида зикр қилинган ҳовуз, шафоат, сирот кўприги, жаннат ва дўзах каби нарсаларга, жаннатнинг роҳат-фароғат диёри, жаҳаннамнинг эса аянчли азоб диёри эканига иймон келтириш.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ “Ал-ақидатул воситийя” китобида шундай дейди: “Охират кунига иймон келтириш дегани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлимдан кейин содир бўладиган ишлар ҳақида хабар берган барча нарсаларга иймон келтиришдир. Бунга қабрда юз берадиган савол-жавобни мисол қилиш мумкин. Албатта одамлар қабрларида имтиҳон қилинадилар, уларга: “Раббинг ким, дининг нима ва Пайғамбаринг ким?”, деган саволлар берилади.

Тўртинчидан: қабр ҳузур-ҳаловати ва азобига иймон келтириш. Чунки бу Қуръон, суннат ва салаф уламоларнинг ижмоси билан собитдир.

Шу ўринда баъзи одамлар оғзидан эшитадиган ёки газеталарда кўзимиз тушадиган бир иборага эътибор қаратмоқчиман. Бирон инсон вафот этса ва одамлар у ҳақда гапирсалар ёки ёзсалар “сўнгги манзилига сафар қилди”, деган иборани ишлатадилар. Албатта бу катта хато, биз бу иборани ишлатган кишининг мақсадини билмаганимизда эди, “бу одам қайта тирилишни инкор этяпти”, дейишимиз мумкин эди. Чунки қабр инсоннинг сўнгги манзили, дейиш зимнида қайта тирилишни инкор этиш ётади. Демак, бу хатарли масала. Бироқ кўпчилик одамлар эргашувчандир: одамлар ҳар қандай сўзни гапирсалар, унинг маъно-моҳияти ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмай ишлатиб кетаверадилар.

[1] Муслим (56, 2859) ривояти.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг