Ойнага қараб намоз ўқишнинг ҳукми нима?

0

Савол:

Ассалому алайкум, домла! Ойнага қараб намоз ўқишнинг ҳукми нима?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Ойнага ёки ишлаб турган телевизорнинг олдида намоз ўқиш намознинг макруҳлари, яъни инсонни чалғитадиган нарсалар қабилидан саналади. Бу иш намозни бузадиган амаллардан эмас. Чунки ойнада кўринадиган нарса хоҳ у намоз ўқувчининг ўзи бўлсин ёки бошқа нарса бўлсин, намоз ўқувчини чалғитадиган ишлардан саналади. Ишлаб турган телевизор ҳам худди шундай. Балки телевизор инсонни йўл-йўл кийимдан бир неча баробар кўпроқ чалғитади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Намоз ўқишда унинг олдида унга қараб ва кўриниб турган аёл ёки эркак бўлиши макруҳдир. Бу ишни Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумолар макруҳ дейишган. Қолаверса, бу иш одатда қалбни машғул қилади. Шунингдек, инсонни чалғитадиган нарсаларга, масалан, йўл-йўл матога ёки осмонга ёки бошқа саҳиҳ ҳадисларда айтилган нарсаларга қараш ҳам макруҳдир”.

Фуқаҳолар намозда кишини чалғитадиган нарсаларга қараш макруҳ эканига Ойша розияллоҳу анҳонинг қуйидаги ҳадисларини далил қилишган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (бир куни) йўл-йўл яктакда намоз ўқидилар ва (намозда) унинг йўлларига кўзлари тушди. Намоз тугаганидан сўнг: “Бу яктакни Абу Жаҳм[1]га бериб юборинглар. Менга Абу Жаҳмнинг анбижоний (чизиқсиз) яктагини олиб келинглар. Бу яктак бироз олдин мени намозда чалғитди” – дедилар” (Бухорий (366) ривояти). Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни чалғитган бўлса, қолган одамлар ҳақида нима деб ўйлаш мумкин, валлоҳу аълам.

Манба: IslamWeb саҳифаси

[1] Абу Жаҳм ибн Ҳузайфа розияллоҳу анҳу машҳур саҳобий бўлганлар. Бу яктакни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга у киши ҳадя қилгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яктакни унга қайтариб бериб, унинг ўрнига бошқасини беришини сўраганлар. Абу Жаҳм розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу яктакни менсимаганлари учун қайтариб бердилар, деган гумонга бормаслиги учун унинг ўрнига бошқасини сўраганлар. Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига ўргатган одобларидан бири бўлади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг