Пайғамбар уйида бир кеча: ўн биринчи аёлнинг ҳикояси (3)

1

Абу Зардан ажралиб қолиши

Ўтган мақолаларимизда Умму Зар Абу Зарни қанчалик яхши кўргани, ҳатто унинг уйидаги итларга ҳам муҳаббати тушиб қолганини айтиб ўтган эдик. Хўш, Умму Зар ўзининг маҳбубидан қандай қилиб ажралиб қолди? Келинг, бу ҳақда Умму Зарнинг ўзидан эшитайлик:

Куви пишилаётганида Абу Зар кўчага чиқди, арслондек икки ўғлонли бир соҳибжамолни кўрди”. Умму Зар айтаётган бу воқеа баҳор вақтида содир бўлган. Чунки баҳорда кўп ёмғир ёғади, ўт-ўлан кўпаяди. Ўт-ўлан кўпайиши билан чорва ҳайвонларининг сути ҳам кўпаяди. Сут кўпайиб, оилада сутни ичиб тугатиб бўлмайдиган ҳолат келганида куви пишилади. Умму Зар соҳибжамол аёлнинг болаларини “арслондек” деганидан уларнинг ғоятда келишган фарзандлар эканини тушуниш мумкин. Умму Зар сўзини давом эттиради: “Икки арслон кириб аёл биқинидан, ўйнашар эди анордек икки кўкраги билан”.  Бу воқеани кузатиб турган Абу Зар эс-ҳушини йўқотди ва аёлга уйланишни қасд қилди. У аёлга уйланибгина қолмай, Умму Зарни талоқ қилиб юборди. Бу ҳақда Умму Зар шундай дейди: “У аёлга уйланиб, мени талоқ қилди”.

Начора, ҳаёт шу экан, деб Умму Зар тақдирга тан берди ва бошқа бир кишига турмушга чиқди: “Шундан кейин бир бой билан турмуш қурдим. У қўлида тутиб найза, зотдор от от минар эди”. Эркак кишининг қимматбаҳо от миниб, қўлига найзасини кўтариб юришини бир тасаввур қилинг-а, бениҳоят ҳайбатли ҳолат. Кўп от минган кишига отнинг кибрга ўхшаган баъзи сифатлари юқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди шу маънода: “Манмансираш ва кибр бақироқ ва бадавий отбоқар ва туябоқарларда, хокисорлик эса қўйбоқарларда бўлади” – деганлар (Бухорий (3301) ривояти). Энг янги моделдаги қимматбаҳо автомобил миниб юрадиган баъзи биродарларимиз: “Биз динни тушунишимиздан олдин ўзимиз қимматбаҳо автомобил миниб юрганимиз сабабли одамларга ҳам миниб юрган автомобилларига қараб муомала қилар эдик” – дейишарди. Бу нарсани ҳозирги кундаги руҳшунослар ҳам таъкидлашади.

Умму Зар иккинчи эри ҳақида шундай дейди: “Менга ҳар турли яхшиликни қилган эди. Ҳар турли чорвадан бир жуфтдан берган эди. “Булардан егин тўйиб-тўйиб, оилангга ҳам бер” – дер эди”. Бундай эрда ҳеч қандай камчилик йўқ. Тасаввур қилинг, бугунги кунимизда қимматбаҳо автомобил миниб юрган, ёнида қуроли борлиги учун ҳеч кимдан қўрқмайдиган, аксинча, ҳамма ундан ҳайиқадиган бир эркак бор. У хотинига жуда ҳам саховатли. Ҳатто хотинининг оила аъзоларига ҳам ҳадя улашиб туради. Бундай эркак бугунги кунимиздаги хотин-қизлар орзу қиладиган эр ҳисобланади. Лекин Умму Зар у ҳақда: “Менга берган ҳамма нарсаси Абу Зарнинг энг кичик идишига ҳам тенг келмайди” – деди. Хўш, шундай эркак нега Умму Зарга хуш келмади, деб ўйлайсиз? Бу эркакнинг Абу Зардан нима фарқи бор? Фарқ шундаки, Умму Зар Абу Зарнинг муҳаббатини ҳис қилар эди. Иккинчи эрида эса мана шу муҳаббатни топа олмади. Шунинг учун унинг шунча яхшиликлари Умму Зарнинг кўзида арзимас бўлиб кўринди.

Аёлнинг қалбини мол-мулк билан сотиб олиб бўлмайди. Агар уйингизда ипидан игнасигача ҳамма шароит қилинган бўлса ҳам, кўрганлар сизга ҳавас қиладиган бўлса ҳам, аёл ўзини сизнинг қалбингиздан ўрин олганини ҳис қилмаса унга бу шароитлар бекор. Аёл қулай шароитга эмас, сизнинг бир оғиз ширин сўзингизга муҳтож. Агар эр рўзғорда ҳамма нарсани муҳайё қилса-ю, хотинига: “Мана, ҳамма нарсани олиб келдим, ёрилиб кетгунингча ейвер” – деса, бу билан у хотинини янада ўзидан узоқлаштиради. Агар у хотинига бир оғиз ширин сўз гапирмаса, уни ўзига мойил қилиш учун сарфлаган шунча мол-давлати беҳуда кетган ҳисобланади. Аксинча, агар эр уйига арзимаган нарса олиб келса-да, уйга келганида икки оғиз ширин сўз билан хотинининг кўнглини кўтариб қўйса, шунинг ўзи кифоя. Агар ҳеч нарса олиб кела олмаса ҳам хотини ундан ранжимайди. Негаки, аёлга меҳр-муҳаббат керак. Абу Зар билан Умму Зарнинг иккинчи эри орасидаги фарқ ҳам шунда.

Қолаверса, Абу Зар Умму Зарнинг биринчи эри эди. Аёл агар биринчи эрини севса, унга бўлган муҳаббати аёлнинг қалбидан асло чиқмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга бокираларга уйланишни маслаҳат берганлар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бокираларга уйланинглар. Чунки улар тили ширин, кўп туғадиган ва озгинасига ҳам рози бўладиган бўлишади” – деганлар (Табароний “Муъжамул кабир”да (10244) ривоят қилган). Жобир розияллоҳу анҳу ғазотдан шошилиб қайтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан сўрадилар:

– Нега шошилдинг?

– Эй Расулуллоҳ, мен яқинда уйланганман.

– Кимга уйландинг?

– Мадинадаги бир бева аёлга?

– Бокирага уйлансанг бўлмасмиди, бир-бирингиз билан дилхушлик қилардингиз?!

– Эй Расулуллоҳ, отамдан тўққизта ёш қиз қолди. Мен (ёш қизга уйланиб) уларнинг сонини ўнта қилгим келмади. Бу аёл ишимга ёрдамчи ва ҳамфикр бўлади, деб ўйладим, – деб жавоб берди.

Яъни, Жобир розияллоҳу анҳу олдин бола тарбия қилиб кўрган бева аёлга уйланганининг сабаби, бу аёл Жобир розияллоҳу анҳунинг ёш сингилларига оналик қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жобир розияллоҳу анҳунинг бу жавобини эшитиб: “Тўғри қилибсан” – дедилар.

Бугунги кунимиздаги янги оилаларга етишмаётган нарса ҳам шу: улар оила мустаҳкам бўлиши учун нима керак эканини билмайдилар. Турмушга чиқаётган қизлар ёш, уларнинг тажрибалари йўқ, дейишимиз мумкин. Лекин уларнинг ота-оналарига нима бўлганига тушуна олмайсан. Улар қизларига совчи юборган йигитни “иши бор”, “қимматбаҳо автомобили бор” ёки “уйи бор” деб мақташади. Бу иш оммавийлашиб кетгани боис куёв болалар ҳам оиладаги жанжалларнинг сабаби нима эканини топа олмай қийналишади. – Ахир уй-жойим, автомобилим, ҳамма нарсам бўлса, рўзғорда камчилик бўлмаса, хотинимга нима етишмас экан, деб, ўйлаб ўйига етолмайди. Оилада хотинларга меҳр ва ширин сўз етишмайди. Уларга сизнинг топган пулингиз-у, рўзғорни мўл-кўл қилишингизнинг аҳамияти йўқ. Бу ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга энг катта ўрнак бўладилар. Биз ўрганаётган мақоламиздаги бу ҳикояларни аслида Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун умматнинг ташвиши билан юрган бўлишларига қарамай, кечалари таҳажжуд намозларини қолдирмаганларига қарамай, тун ярмигача Ойша розияллоҳу анҳонинг шу ҳикояларини тингладилар. Тинглаганда ҳам, кўзни яримта очиб эмас, эътибор бериб тингладилар. Чунки Ойша розияллоҳу анҳо ҳикояни тугатганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳикоя қаҳрамони ким эканини топиб: “Биз худди Абу Зар билан Умму Зардекмиз. Лекин мен сизни талоқ қилмайман” – деганлар. Мана буни аёлга бўлган эътибор ва меҳр-муҳаббат, деса бўлади ва бугун бизнинг янги оилаларимизда айнан шу нарса етишмайди. Шунинг учун биз бу мақолани “ўн бир аёл қиссаси” эмас, балки “пайғамбар уйида бир кеча” деб номладик. Шу билан бу мақоламиз якунига етди. Аллоҳ таолодан ўқиган ва ўрганган илмимизни бизларга манфаатли қилишини сўраймиз. Рисоладагидек эр ва рисоладагидек хотин бўлишни ҳаммамизга насиб қилсин. Барча мусулмон оилаларни тинч-тотув яшашларини Аллоҳдан тилаб қоламиз.

(Бу мақолани ёзишда шайх Абу Исҳоқ Ҳувайний ҳафизаҳуллоҳнинг “Пайғамбар уйида бир кеча” номли дарсларидан фойдаланилди)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 dona sharh

  1. Pingback: Пайғамбар уйида бир кеча: ўн биринчи аёлнинг ҳикояси (2)

Изоҳ қолдиринг