Бароат кечаси

0

Дарҳақиқат, шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасининг фазилати тўғрисида, шунингдек, бу кечани намоз ёки муайян ибодатлар билан ўтказиш хусусида бир қанча ҳадислар келган. Мазкур кечани намоз ёки муайян ибодатлар билан ўтказиш хусусида келган ҳадисларнинг биронтаси саҳиҳ бўлмай, балки уларнинг барчаси тўқима ва ботил ҳадислардир. Бир гуруҳ уламолар ушбу ҳадисларга ботил деб ҳукм қилганлар. Қуйида ана шундай уламолардан айримларини келтириб ўтамиз:

  1. Ибн Жавзий “Мавзуот” китобида (2-жилд, 440-445-бетлар, 1010-1014-ҳадислар).

  2. Байҳақий “Шуаб”да (3841-ҳадис).

  3. Абул Хаттоб ибн Диҳя “Адои мо важаб”да (79-80-ҳадислар).

  4. Ибн Қаййим “Ал-манор ал-маниф”да (174-177-ҳадислар).

  5. Абу Шома Шофеий “Ал-боис ала инкор ал-бидаи вал ҳаводис”да (124-137-бетлар).

  6. Ироқий “Эҳёи улум ад-дин” китобининг тахрижида (582-ҳадис).

  7. Шайхулислом Ибн Таймия “Иқтизо ас-сирот ал-мустақийм” китобида (28/138) ушбу ҳадисларнинг ботил эканига иттифоқ қилинганини нақл қилади.

Ҳадис соҳасида мутахассис бўлган уламоларга махфий эмаски, шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида алоҳида намоз ўқиш тўғрисида на бирон саҳиҳ, на ҳасан ва на заифлиги енгилроқ бўлган бирон заиф ҳадис келган. Аксинча, бу борада келган ҳадисларнинг барчаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам номидан тўқилган ҳадислардир.

Бироқ шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасининг умумий фазилати ҳақида келган ҳадислар хусусида қадимда ҳам, ҳозирда ҳам уламолар ихтилоф қилганлар. Кўпчилик ҳофиз – муҳаддислар ушбу ҳадисларнинг ривоят йўлларини жамлаганлар, айрим уламолар бу тўғрида алоҳида асарлар ёзишган. Шулардан бири Абу Абдуллоҳ ибн ад-Дубайсийдир (ҳижрий 637 йилда вафот этган).

 Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасининг умумий фазилати ҳақидаги ҳадислар Муоз ибн Жабал, Ойша, Абу Саълаба ал-Хушаний, Усмон ибн Абул Ос, Абу Мусо Ашъарий, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Амр, Авф ибн Молик, Убай ибн Каъб, Абу Умома, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган. Шунингдек, бу борада улардан бошқалардан мурсал ҳадислар ҳам ривоят қилинган.

Мақоламизда мазкур марфуъ ҳадисларнинг ривоят йўллари ва улардаги иллатлар тўғрисида атрофлича сўз юритиш имконсиз. Шунга қарамай, бу ҳақда буткул сўзламаслик ҳам ҳақни ёритмаслик ва рўёбга чиқармасликка олиб боради. Шу боис қуйида ушбу ҳадисларнинг энг машҳур ривоят йўллари ҳақида сўз юритишимиз мақсадга мувофиқдир. Қолган ғоятда заиф бўлган ривоят йўлларининг ҳолати эса биз зикр қилажак, нисбатан заифлиги оз бўлганларига солиштирилса маълум бўлади, иншааллоҳ.

  1. Муоз ибн Жабал ривояти. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида бандаларига қарайди ва барча бандаларининг гуноҳларини мағфират қилади. Бундан мушрик ва қалби ҳасад ва адоватга тўла бўлган кимса мустаснодир” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳи”да (5665) ва бошқалар ривоят қилишган. Шунингдек, Албоний “ас-Саҳиҳа”да (1144) зикр қилган).

Мазкур ҳадис санадида “изтироб” бор. Негаки, ҳадис бир ўринда Абу Саълаба ал-Хушанийдан, бошқа ўринда мурсал ҳолатда Абу Идрис ал-Хавлонийдан, Касир ибн Муррадан, Макҳулдан ривоят қилинган. Барча ривоят йўллари ана шундай изтиробли бўлган биргина санадга бориб тақалади. Буни Дорақутний “Ал-илал” китобида (6-жилд, 50-51-бетлар, 970-ҳадис) жуда очиқ тарзда баён қилган. У китобнинг бошқа бир жойида (6-жилд, 323-324-бетлар, 1169-ҳадис) Абу Саълаба разияллоҳу анҳу ҳадисининг турли ривоят йўлларини келтириб ўтгач, ҳадиснинг “музтариб, собит эмас”лигини айтган.

Шунингдек, “”жарҳ ва таъдил” илми устунларидан бири бўлмиш Абу Ҳотим ар-Розий ўзининг “Ал-илал” китобида (2012-ҳадис) Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис тўғрисида “Бу санад билан мункар ҳадис”, дейди.

Маълум бўладики, Муоз ва Абу Саълаба разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ушбу ҳадис ўта заиф ҳолатда бўлгани боис, ҳадис мазмуни ёки санадини қўллаб-қувватловчи бошқа ривоятларга қўшилиши билан кучайишга яроқсиздир.

  1. Ойша разияллоҳу анҳо ривояти. Ойша разияллоҳу анҳо кечалардан бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшакларидан туриб кетганини билиб қолади ва у зотни излаб кўчага чиқади. Ва ниҳоят у зотни Бақеъда топади. Ҳадис давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Албатта Аллоҳ таоло шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида дунё осмонига тушади ва Бани Калб қабиласи қўй-эчкиларининг тукларидан кўра кўпроқ кишиларнинг гуноҳларини мағфират қилади” (Имом Аҳмад (6/238), Термизий (739) ва Ибн Можа (1389) ривояти. Термизий ҳадис ортидан шундай дейди: “Ойшанинг ҳадисини фақат шу йўлдан: Ҳажжож (ибн Артоа)нинг йўлидангина биламиз. Муҳаммад (яъни Имом Бухорий)нинг ушбу ҳадисни заиф деганини эшитдим. Бухорий айтди: “Яҳё ибн Касир Урвадан, Ҳажжож эса Яҳёдан эшитмаган”).

  Демак, ҳадиснинг санади заиф. Имом Бухорийнинг сўзидан ҳадиснинг барча ривоят йўлларини заифга чиқарганини тушуниш мумкин. Негаки, Бухорий фақат санадни эмас, балки ҳадисни заифга чиқарган.

Шунингдек, Дорақутний “Ал-илал” китобида (5-жилд, 51-бет) Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ушбу ҳадиснинг иллатларини баён қилиб, “Ҳадиснинг санади музтариб, собит эмас”, дейди.

Шунинг учун Абу Абдуллоҳ Ҳоким Нишопурий мазкур ҳадис ҳақида шундай дейди: “Тўғрироғи, ушбу ҳадис мурсалдир: уни Ҳажжож ибн Артоа Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилган” (Байҳақийнинг “Шуаб ал-иймон” китоби (3824, 3825, 3830, 3831). Ҳадиснинг юқорида зикр қилингандан ташқари ҳам талай иллатлари мавжуд бўлиб, уларни Ибн ад-Дубайсийнинг китобини таҳқиқ қилган Амр Абдулмунъим Салим муфассал баён қилган (54-66-бетлар).

Дорақутнийнинг ишора қилишича, Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ушбу ҳадиснинг асли Муоз разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис санадида зикр қилинган Макҳул Шомийга бориб тақалади. Байҳақий ҳам “Шуаб ал-иймон” китобида (3-жилд, 382-383-бетлар, 3383, 3835-ҳадис) айнан шу хулосага мойил бўлади. Шунингдек, Ибн Жавзий “Ал-илал ал-мутаноҳия” асарида Дорақутнийнинг қуйидаги сўзини нақл қилади: “Ушбу ҳадис Муоз ва Ойша разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган. Айтишларича, ушбу ҳадис Макҳулдан чиққан. Ҳадис собит эмас”.

Шундай қилиб, Муоз, Абу Саълаба ва Ойша разияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган бу ҳадислар аслида бир ҳадис бўлган. Уларнинг барчаси Макҳул Шомийга бориб тақалади! Маълум бўладики, ушбу бир ҳадисни  бир неча ҳадис ва улар бир-бирини қувватлантиради, деб ўйлаган киши катта хато қилади.

  1. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумонинг ривояти. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида бандаларига қарайди ва уларнинг гуноҳларини мағфират қилади. Бундан икки тоифа: қалби ҳасад ва адоватга тўлган кимса ва одам ўлдирган киши мустаснодир” (Имом Аҳмад (6642) Ҳасан, Ибн Лаҳеа, Ҳуяй ибн Абдуллоҳ, Абу Абдураҳмон Ҳубулий ва Абдуллоҳ ибн Амр орқали келган санаддан ривоят қилган).

Шайх Албоний “Ас-саҳиҳа” китобида (3/136) мазкур санадни зикр қилиб шундай дейди: “Бу – ҳадис матни ёки санадини қўллаб-қувватлашга яроқли санаддир”.

Шайх Албонийни бундай дейишига ундаган сабаб эҳтимол, Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг Ҳуяй ибн Абдуллоҳ тўғрисида “садуқ” деб ҳукм чиқаргани бўлса ажаб эмас. Ҳуяй хусусида муҳаддислар ихтилоф қилишган. Бироқ ундан ҳам муҳимроғи Ибн Лаҳеанинг мазкур санад билан Ҳуяйдан ривоят қилган ҳадислари мункар ҳадислардир. Буни Ибн Адийнинг “Ал-комил” асарида (2/450) келтирган Ҳуяй ибн Абдуллоҳнинг таржимаи ҳолида кўриш мумкин.

  1. Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ривояти. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ азза ва жалла шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида дунё осмонига тушади ва барча нарсаларнинг гуноҳини кечиради. Бундан қалбида гина-кудурат бўлган ёки Аллоҳга ширк келтирган киши мустаснодир” (Баззор (1/157-158, 206-207) ва Ибн Хузайма “Тавҳид” китобида (1/325-327-бетлар, 80-ҳадис) ривоят қилган).

Мазкур ҳадис ривоят қилинган санадни бир қанча уламолар заиф дейишган. Шулардан Имом Бухорий, Абу Ҳотим Розий, Уқайлий, Ибн Адий, Баззор ва бошқаларни санаш мумкин. Батафсил маълумот учун Бухорийнинг “Ат-тарих ал-кабир” (5/424-425), Ибн Абу Ҳотимнинг “Жарҳ ва таъдил” (8/306-307), Уқайлийнинг “Аз-зуофо” (3/788-789) ва Ибн Адийнинг “Ал-комил” (5/309) асарларига мурожаат қилиш мумкин.

Ибн Хузайма мазкур ҳадисни саҳиҳ ҳадисларни ривоят қилишни шарт қилган “Тавҳид” китобида ривоят қилиши билан уни саҳиҳ деган бўлади, дейиш нотўғридир. Чунки у ҳадисни муаллақ ҳолатда ривоят қилиши, шунингдек, олдин ҳадис матнини, сўнгра унинг санадини айтиш билан унинг заифлигига ишора қилган. Зеро, бу тариқа ҳадиснинг заифлигига ишора қилиш Ибн Хузаймага хос услубдир.

Шунингдек, мазкур санадга Ибн Адий мункар деб ҳукм қилади. Маълумки, мункар ўта заиф ҳадис турларидан саналиб, бошқа ҳадисларни қувватлашга ярамайди.

Юқорида айтиб ўтилган санадлар машҳур ҳадис китобларида келган шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасининг фазилати хусусидаги ҳадисларнинг энг машҳур санадларидир. Мазкур ҳадисларнинг бундан бошқа ҳам ривоят йўллари мавжуд бўлиб, юқорида ишора қилиб ўтганимиздек, улар ўта заиф ҳадислардир. Бу ҳадисларни текшириб қаралганда уларнинг ичида бирон мақбул ёки заифлиги енгилроқ бўлган ҳадис бўлиши у ёқда турсин, бошқа ҳадисларни кучайтиришга яроқли ҳадислар ҳам учрамайди. Бу ҳадислар ё бир заиф ровий ривоят қилган мункар ҳадис, ё санадида ёлғончилик билан айбланган ровий бўлган ўта заиф ҳадис ёки тўқима ҳадис бўлиб чиқади. Шу боис рожиҳ фикрга кўра, шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси фазилати тўғрисида бирон саҳиҳ ҳадис йўқ. Мазкур ҳадисларни ривоят йўлларининг йиғиндиси билан саҳиҳ деган уламолар тўғри хулоса қилмаганлар. Негаки, заиф ҳадислар йиғиндиси билан ҳадисни кучайтиришнинг шарти мазкур ҳадисларнинг ўта заиф, мункар ёки ботил бўлмаслигидир.

Қуйида мазкур ҳадислар йиғиндиси билан уларни саҳиҳ деган, шунингдек, уларни буткул заиф деган уламоларни зикр қиламиз:

Мазкур ҳадисларни саҳиҳ деган уламолар:

  1. Ибн Ҳиббон;

  2. Мунзирий “Ат-тарғиб ват тарҳиб”да;

  3. Байҳақийнинг мазкур ҳадисларнинг саҳиҳ эканига далолат қиладиган сўзи бўлсада, бироқ у фикрини очиқ айтмаган;

  4. Шайхулислом Ибн Таймиянинг шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси фазилати тўғрисида келган ҳадисларнинг саҳиҳ ёки мақбул эканига далолат қиладиган гапи бор. Айни пайтда Шайхулислом бошқа бир китобда мазкур ҳадислар тўғрисида бирон фикр билдира олмаслигини ҳам айтган.

  5. Шайх Албоний.

Мазкур ҳадисларни буткул заиф деган уламолар:

  1. Дорақутний;

  2. Уқайлий;

  3. Ибн Жавзий;

  4. Абулхаттоб ибн Диҳя;

  5. Абу Бакр ибн Арабий;

  6. Қуртубий;

Модомики, мазкур масала уламолар ўртасида ихтилофли масала бўлгач, уни бартараф қилиш учун Қуръон ва ҳадисларга мурожаат қилиш вожиб. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Агар бирон масалада тортишиб қолсангизлар, у ҳолда Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, унинг ҳукмини Аллоҳ ва Расулига ҳавола қилинглар. Мана шундай қилмоғингиз яхшироқ ва чиройли ечимдир” (Нисо: 59). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким динимизда бўлмаган амални қилса, у амал қабул қилинмайди” (Муслим ривояти, 1718). Мазкур ҳадисга биноан, динимизда ибодат деб қилинадиган ҳар бир иш саҳиҳ бир далилга таяниши лозим. Юқорида айтиб ўтганимиздек, шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасини намоз ёки муайян ибодатлар билан ўтказиш тўғрисида келган ҳадислар ботил ва тўқима ҳадислардир. Шундай экан, бу кечани махсус ибодатлар билан ўтказиш бидъат ҳисобланади. Маълумки, “ҳар бир бидъат залолатдир” (Муслим ривояти, 867). Аллоҳ таолодан бидъатлардан саломат қилишини ва қалбларимизни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг покиза суннатлари билан обод қилишини сўраб қоламиз.

Изоҳ қолдиринг