Рўзани бузувчи амаллар (1)

0

Рўзани бузувчи амаллар

Рўзани бузувчи амалларни икки қисмга ажратиш мумкин:

  1. Рўзани бузувчи ҳамда қазо ва каффоратни вожиб қилувчи амаллар.

  2. Рўзани бузувчи ҳамда фақат каффоратни вожиб қилувчи амаллар.

Биринчидан: рўзани бузувчи ҳамда қазо ва каффоратни вожиб қилувчи амаллар:

Бундай амал биргина жинсий яқинликдир. Агар рўзадор рамазон кундузида била туриб қасддан аёлининг олд ёки орқасига[1] жинсий яқинлик қилса, маний тўкиш ёки тўкмаслигидан қатъий назар гуноҳкор бўлади ҳамда рўзаси бузилиб, қазо ва каффорат вожиб бўлади.

Рўзадор фарз рўзани бузгани сабаб қазо вожиб бўлади.

Қуйидаги ҳадисга биноан ушбу ҳолатда каффорат ҳам вожибдир:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб шундай деди:

– Шўрим қуриди, эй Расулуллоҳ!

– Нега шўринг қурийди?

– Рамазон кундузида аёлим билан қўшилиб қўйдим.

– Бир қул озод қилишга маблағинг борми?

– Йўқ.

– Кетма-кет икки ой рўза тутишга қодирмисан?

– Йўқ.

– Олтмиш нафар мискинга таом беришга имконинг борми?

– Йўқ .

Шундан сўнг ҳалиги киши бир четда ўтирди. Бу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига катта бир саватда хурмо келтирилди.

– Мана буни олиб садақа қил, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

– Ўзимдан камбағалроқ кишигами? Мадинанинг икки тошлоғи ўртасида (яъни Мадинада) бу хурмога мендан кўра муҳтожроқ кимса йўқ.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто қозиқ тишлари кўриниб кетди.

– Бор, хурмони олиб, оилангга едир, дедилар у зот”[2].

Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қай тарзда каффорат бериш тартибини баён қилдилар. Аввало қул озод қилиш лозим. Қул озод қилишга қурби етмаса, кетма-кет икки ой рўза тутиш керак. Борди-ю, бунга ҳам қодир бўлмаса, у ҳолда олтмиш нафар мискинга таом беради. Ҳадисда зикр қилинган ушбу тартибга риоя қилиш вожиб. Бу жумҳур уламоларнинг фикридир.

Мавзуга оид масала ва мулоҳазалар:

(1) Юқоридаги ҳадисда кўрсатилганидек, каффорат рўзаси кетма-кет икки ой бўлиши лозим. Икки ой милодий тақвим билан эмас, балки ҳижрий тақвим билан ҳисобланади.

(2) Агар рамазон рўзасидан бошқа бир фарз рўза ёки нафл рўза асносида жинсий яқинлик қилса, рўзаси бузилсада каффорат бериши шарт эмас. Жумҳур уламоларнинг кескин фикри шундан иборат.

(3) Агар мусофир ёки касал каби рамазон ойида рўза тутмаслик рухсат берилган киши кундузи жинсий яқинлик қилса гуноҳкор бўлмайди ва унга каффорат ҳам вожиб эмас. Бунинг учун аёлининг ҳам рўза тутмасликка рухсати бўлиши ёки кундузи ҳайздан покланган бўлиши каби узрли бўлиши керак. Аммо аёли рўзадор бўлса, унинг рўзасини бузиши ҳаромдир.

(4) Агар инсон бир кунда бир-неча бор жинсий яқинлик қилган бўлса, у ҳолда рожиҳ фикрга кўра, бир бор каффорат бериши кифоя. Бу ўринда биринчи жинсий яқинликдан каффорат берган ёки бермаганлигининг аҳамияти йўқ.

Агар рамазонда бир неча кун жинсий яқинлик қилган бўлса, рожиҳ фикрга кўра жинсий яқинлик қилган ҳар бир кун учун алоҳида каффорат беради. Чунки ҳар бир кун алоҳида ибодатдир.

(5) Агар унутиб ёки рўзадорга жинсий яқинлик қилиш ҳаромлигини билмасдан жинсий яқинлик қилса, унга бирон нарса вожиб бўлмайди, маъзур тутилади. Агар у бу ишнинг ҳаромлигини билса-ю, лекин каффорат бериш лозимлигидан бехабар бўлса, у ҳолда каффорат бериши лозим бўлади.

(6) Жумҳур уламоларнинг фикрича, аёл киши эрининг жинсий яқинлик қилишига рози бўлса, у ҳолда аёлга ҳам каффорат бериш вожиб бўлади. Негаки, модомики фақат эркакларга тегишли экани тўғрисида кўрсатма бўлмас экан, шаръий аҳкомлар ҳар иккисига баравар тегишлидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аёллар эркакларнинг туғишганлари (тенгдошлари)дирлар (яъни улар шаръий аҳкомларда баробардирлар)”[3].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда аёл кишига ҳам каффорат беришни айтмаганлари ундан каффоратни соқит қилишга далолат қилмайди. Сабаби қуйидагича:

Биринчидан, аёл киши келиб, фатво сўрагани йўқ. Фатвода бошқа инсонларнинг ҳолатини суриштириш шарт эмас. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Ғомид қабиласидан бўлмиш аёл зино қилганига иқрор бўлиб келганида, ундан зинокор эркак тўғрисида сўрамадилар.

Иккинчидан, аёл киши узрли бўлиши ва унга рўза тутмаслик жоиз бўлиши мумкин. Айтайлик, аёл киши кундузи ҳайздан покланса ёки сафардан қайтса ёки рўза тутишга қодир бўлмайдиган касал бўлса, унга ўша кун рўзаси вожиб бўлмайди. Мазкур сабабларга биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг аёлига каффорат вожиблигини айтмаган бўлишлари мумкин.

Учинчидан, эркак кишига ҳукмни баён қилиш кифоя, чунки бу ҳукм аёлни ҳам ўз ичига олади. Шунга кўра, аёл эри томонидан жинсий яқинликка мажбурланса ёки рўза тутмасликка узри бўлса, унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

(7) Уламолар юқорида зикр қилинган каффоратда мискинларга бериладиган таом миқдорида ихтилофлашганлар. Имом Молик, Шофеий ва Аҳмад ҳар бир мискинга бир ҳовуч миқдорда таом берилади деганлар. Ҳанафий мазҳабига биноан эса ҳар бир мискинга икки ҳовуч миқдорда таом бериш лозим. Биринчи фикр – жумҳур уламоларнинг фикри рожиҳроқ. Негаки, ҳадиснинг баъзи ривоятларида келишича, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурига келтирилган хурмо тўла саватнинг сиғими ўн беш соъдан иборат бўлган. Маълумки, бир соъ тўрт ҳовучга тенг келади. Шунда ўн беш соъ хурмо олтмиш нафар мискинга тақсимланса, ҳар бир мискиннинг улуши чорак соъ, яъни бир ҳовучга тенг келади.

(8) Агар инсон камбағаллашиб, каффорат беришга қодир бўлмаса, то каффоратга етарли маблағ топгунга қадар унинг зиммасида қолаверади. Мазкур фикр шайхулислом Ибн Таймия қўллаб-қувватлаган ва Ибн Дақиқул Ийд рожиҳ деб билан фикрдир. Шунингдек, бу фикр Имом Абу Ҳанифа ва Имом Молик роҳимаҳумаллоҳ мазҳабларидир.

(Давоми бор)

[1] Аёлнинг орқасига жинсий яқинлик қилиш ҳаромдир. Бу ерда масаланинг рўзага оид жиҳати баён қилинмоқда. Бундан асло бу ишнинг жоизлиги тушунмаслиги керак.

[2] Бухорий (1936, 1937, 2600, 5368, 6087, 6709), Муслим (1111), Абу Довуд (2390), Термизий (724), Насоий “Кубро”да (3117) ва Ибн Можа (1671) ривоят қилишган.

[3] Ҳасан. Абу Довуд (236), Термизий (113) ва Аҳмад (6/256) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг