Рамазонга тайёрмисиз?

0

Бугун шаъбон ойининг йигирманчи куни, рамазонга ҳам саноқли кунлар қолди. Биз рамазонни қандай кутиб олишимиз керак? Биз рамазон ойига тайёрмизми? Келинг, бугун шу ҳақда сўз юритайлик. Аввало, ҳар бир мусулмон рамазон ойини Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган бир фурсат, деб билмоғи ва бу фурсатдан унумли фойдаланиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоғи лозим. Салафи солиҳларимизнинг рамазон ҳақидаги тушунчалари худди шундай бўлган. Саҳобалар олти ой Аллоҳ таолога дуо қилиб, рамазонга етказишини сўраганлари, рамазон тугаганидан кейин эса олти ой уни қабул қилишини сўраганлари бунга яққол мисолдир. Зеро, Аллоҳ таолодан рамазонга етказишини сўраш ва рамазонга ҳозирлик қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир. Ойша розияллоҳу анҳо у зотнинг рамазон ойига қандай тайёргарлик кўрганлари ҳақида шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойида баъзи кунларни ҳисобга олмаганда тўлиқ рўза тутар эдилар”. Хўш, рамазонга биз қандай тайёргарлик кўряпмиз?

Қуйида рамазон ойига тайёргарлик кўришнинг бир неча босқичларини айтиб ўтамиз:

Ният

Рамазонга тайёргарлик кўриш учун аввало ният керак бўлади. Биз ният деганда икки нарсани назарда тутамиз. Биринчиси холис ният. Ҳар қандай солиҳ амал қабул қилиниши учун икки нарса талаб қилинади: бири холис ният, иккинчиси амалнинг шариатга мувофиқ бўлиши. Шариатга мувофиқ равишда қилинган солиҳ амаллар қанчалик даражада улуғ ва савоби улкан бўлишига қарамай, холис Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинчилик учун қилинган бўлса, бу амал қабул қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар қандай амал ниятга қараб бўлади” – деганлар Бухорий (1) ривояти). Иккинчиси қатъият. Мусулмон киши рамазон ойида қўлидан келганича солиҳ амаллар қилиб қолишга қатъий қарор қилмоғи лозим. Одатда шайтон “шошма, рамазон ҳар йили келса, бу йил бўлмаса келаси йил яхшилаб тавба қилиб оласан”, деган васвасалар билан инсонни йўлдан уришга ҳаракат қилади. Асло ва асло шайтоннинг бу тузоғига тушманг! Ўтган йили рамазон ойида биз билан бирга ўтирганларнинг қанчалари бу йил орамизда йўқ, қанчаларини ўз қўлимиз билан тупроққа қўйиб келдик, ахир?! Шу йил рамазон ойининг рўзазини тутишни орзу қилган қанча-қанча одамлар эса қабрда ётибдилар.

Ҳақиқий тавба

Аслини олганда тавба доимий вазифамиз, лекин айнан шу дамда тавба қилиш янада вожиброқ. Чунки биз тоат мавсумига кириб бормоқдамиз. Гуноҳлардан тийилмаган кишига Аллоҳ таоло тавфиқ бермайди, бу ойда тоат-ибодат қилиш бахтидан уни маҳрум қилиб қўяди. Зеро, инсоннинг қилган гуноҳлари унинг солиҳ амаллар савобидан бебаҳра қолишига сабаб бўлади. Гуноҳдан тавба қилмаган ҳолда сиз билан бирга рўза тутиб, ёнингизда таровеҳ намозларини ўқишига алданманг. У зоҳирда бу ишларни қилаётган бўлса-да, бу қалбида амалларнинг ҳаловатини топа олмайди. Бир киши Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳга: “Нега биз кечалари қойим тура олмаймиз?” – деб сўраганида у киши: “Сизларни қилган гуноҳларингиз кишанлаб қўйган” – деб жавоб берган экан. Зеро, Аллоҳ таоло бизга: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга чин дилдан тавба қилинглар” – деб бежиз айтмаган.

Вақтнинг қадрига етиш

Вақт бу ҳаёт демакдир. Вақт бу мусулмон киши охирати учун йиғаётган жамғарма – сармоядир. Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Инсон вақтининг қийматини билиши, тоат-ибодатдан бошқа нарсага бир лаҳза ҳам сарфламаслиги даркор”. Зеро, рамазон ойи бир йилда бир марта келадиган саноқли кунлардан иборат.

Кам овқат ейиш

Рўзадан кўзланган мақсадлардан бири – инсонни кам овқат ейишга ўргатиш. Зеро, кам овқат ейиш ибодат қилишга фурсат беради, ошқозонга роҳат бахш этади. Кўп овқат ейиш эса қалб қотиши ва дангасаликка олиб боради. Муҳаммад ибн Восеъ шундай дейди: “Ким кам овқат еса тушунчаси ошади, бошқаларга ҳам тушунтира олади, қалби соф ва юмшоқлашади. Кўп овқат еган киши эса аксар мақсадларига эриша олмайди”. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида кекирганида унга: “Кекиришни бас қил! Зеро, дунёда кўп еган киши охиратда кўп оч қолади” – деганлар (Термизий (2478) ривояти, ҳадис даражаси ҳасан).

Рўзага оид аҳкомларни ўрганиш

Инсон рамазон ойидек улуғ фурсатни қўлидан бой бермаслиги ва ундаги ибодатларни тўла тўкис адо этиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришиши учун бу муборак ой кириб келишидан олдин унга тегишли аҳкомларни ўрганиб қўйиши мақсадга мувофиқ бўлади. Гоҳида инсон рамазон аҳкомларини тўлиқ билмагани учун тутган рўзаси шариатга мувофиқ бўлмай қолади. Бу эса жуда ҳам катта хатар. Чунки биз юқорида айтиб ўтганимиздек, амал қабул бўлиши учун аввало холис ният, кейин эса шу амал шариатга мувофиқ бўлиши лозим.

Юқорида рамазондан олдин қилишимиз керак бўлган ишларни айтиб ўтдик. Энди бу ойда қилинадиган ибодатларнинг баъзилари ҳақида қисқача сўз юритайлик:

  1. Аллоҳ таолони зикр қилиш: Аллоҳ таолони зикр қилиш дегани кенг бир тушунчадан иборат бўлиб, бир қанча ишларни ўз ичига олади. Аввало энг улуғ зикр Қуръон тиловат қилиш ва унинг маъноларини англашга интилишдир. Шунингдек, зикр деганда саҳиҳ ҳадисларда келган эрталаб ва кечқурун айтиладиган зикрларни адо этиш ва турли муносабатлар билан айтиладиган дуо ва зикрларни айтиб юриш ҳам тушунилади.

  2. Қиёмуллайл: кечаси намоз ўқиш энг катта ибодатлардан биридир. Қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга қиёмуллайл фазилатини қисқа ва лўнда қилиб айтиб берганлар: “Қиёмуллайлни қолдирманглар. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одати бўлиб, сизларни Аллоҳ таолога яқинлаштиради, гуноҳдан тияди, ўтган гуноҳларни каффорат қилади, танани (турли) касалликлардан ҳимоя қилади” (Ибн Хузайма (1135) ривояти, ҳадис даражаси ҳасан).

  3. Хайру эҳсонларни кўпайтириш: хайру эҳсон қилиш қанчалар улуғ ва савобли иш экани бир неча оятларда айтиб ўтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли киши эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай сифатлаганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли киши эдилар. Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида янада саховатли бўлар эдилар. Жаброил алайҳиссалом рамазонда ҳар кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, биргаликда Қуръонни музокара қилар эдилар. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўхтовсиз эсиб турган шамолдан ҳам саховатли бўлар эдилар” (Бухорий (1902) ривояти). Яъни, бир эсиб, тўхтаб қолган шамол кимгадир тегиб, кимлардир ундан бебаҳра қолиши мумкин. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазон ойида худди тўхтовсиз эсиб турган шамолдек барчага саховат улашар эдилар ва бу саховатдан ҳеч ким бебаҳра қолмас эди.

Мусулмонлар уй-жой, улов ва зебу зийнатларда эмас, балки мана шу каби солиҳ амалларда мусобақалашишлари лозим. Аллоҳ таоло: “Раббингизнинг мағфиратига ва эни осмонлару ерча бўлган жаннатга шошилинглар. Бу жаннатлар тақводорлар учун ҳозирланган” – деб марҳамат қилади. Шундай экан, рамазон тақво ойи эканини унутмайлик. Аллоҳ таоло барчамизга рамазон фурсатидан фойдаланиб, тақводорлар қаторидан ўрин олишни насиб қилсин. Шундай муборак ойда турли гуноҳ ишлар ва фитналар билан машғул бўлиб, Аллоҳнинг раҳматидан бебаҳра қолишдан Ўзи сақласин.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг