Аёл киши масжидда эътикоф ўтириши жоизми?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аёл киши масжидда эътикоф ўтириши жоизми? Агар жоиз бўлса нима шартлари бор? Уйида эътикоф ўтирса ҳам бўладими? Уйда ўтиргани афзалми ёки масжиддами?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Эътикоф – Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун масжиддан чиқмай ўтириш дегани. Эътикоф мустаҳаб амалдир. Унинг суннат экани Қуръон, ҳадис ва ижмо билан собит бўлган. Аллоҳ таоло айтади: “Уйимни (Каъбани) тавоф қилувч, эътикоф ўтирувчи ҳамда рукуъ-сажда қилувчилар учун покиза тутинглар” (Бақара: 125). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам саҳобалар билан бирга эътикоф ўтирганлар.

Аёл кишининг эътикоф ўтириши шариатга мувофиқдир. Бунга Ойша розияллоҳу анҳонинг қуйидаги ҳадиси далил бўлади. Ойша онамиз шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. У киши вафот этганларидан кейин хотинлари ҳам эътикоф ўтиришди” (Бухорий (2026) ва Муслим (1172) ривояти).

Аёл киши уйидаги намоз ўқиш учун ажратилган жойдан бошқа ҳар қандай масжидда эътикоф ўтириши мумкин. Уйдаги намозгоҳда эътикоф ўтириш дуруст эмас. Чунки у жой аслида масжид эмас. Сабаби, у ерга (масжиддан фарқли ўлароқ) ҳайз кўрган аёл кириши ёки у ер сотиб юборилиши ҳам мумкин. Юқоридаги “ҳар қандай масжидда” деган сўзимиздан тушуниладики, эътикоф ўтириладиган масжидда жума ўқилиш ёки ўқилмаслигининг аҳамияти йўқ.

Аёл киши эътикоф ўтириши учун бу иш фитнага сабаб бўлмаслиги шарт қилинади. Агар фитна эҳтимоли бўлса, у ҳолда аёлларнинг эътикоф ўтиришлари дуруст бўлмайди. Масалан, аёл киши Масжиди Ҳаром каби аёлларнинг эътикоф ўтиришлари учун махсус жой қилинмаган масжидларда эътикоф ўтириши дуруст эмас. Чунки бундай ҳолатда аёл киши масжидга кириб чиқувчи эркакларга аралашиши ва турли ношаръий ҳолатлар юзага келиши мумкин. Бироқ бундай масжидларда ухлашга эҳтиёж туғилмайдиган миқдорда, масалан, бир неча соат эътикоф ўтириши мумкин. Бироқ масжидда аёлларнинг ҳатто намоз ўқишлари учун ҳам шароит қилинмаган масжидларда умуман эътикоф ўтирмаган афзал, валлоҳу аълам.

Манба: IslamWeb саҳифаси (жузъий ўзгартиришлар билан олинди)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг