Умавийлар: Муовия розияллоҳу анҳу (5)

0

Исломни қабул қилиши ва фазилатлари

Машҳур фикрга кўра, Муовия розияллоҳу анҳу отаси ва укаси Язид билан бирга Макка фатҳида исломни қабул қилган. Лекин бошқа бир ривоят ҳам бор. Бу ривоятда Муовия розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Мен қазо умраси қилинган куни (яъни ҳижрий 7 йилда) исломни қабул қилган эдим. Лекин буни отамдан яшириб юрардим. Бироз вақт ўтиб, отам мени исломга кирганимдан хабар топди ва менга: “Уканг Язид сендан яхши экан. У ҳали ҳам қавмимиз динида” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умра қазосини қилиш учун Маккага кирганларида мен у кишига иймон келтириб бўлган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳи учун келганларида мусулмонлигимни ошкора қилдим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим. У зот мени яхши кутиб олдилар ва мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга котиблик қилдим[1]. Муовия Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайн ғазотида қатнашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ғазотда тушган ғаниматлардан Муовия розияллоҳу анҳуга юзта туя ва қирқ ўқия тилла берганлар[2]. Қуйида Муовия розияллоҳу анҳунинг фазилати ҳақида сўз юритамиз:

1)       Аллоҳ таоло Ҳунайн ғазотида қатнашган саҳобалар ҳақида шундай дейди: “Сўнг Аллоҳ Расули ва мўминларга Ўз ҳузуридан хотиржамлик ато этди ва сизлар кўрмайдиган қўшинлар-фаришталарни тушурди ва кофирларни азоблади. Мана шу кофирларнинг жазосидир” (Тавба: 26). Юқорида айтиб ўтганимиздек, Муовия розияллоҳу анҳу Ҳунайн ғазотида қатнашган. Демак, у Аллоҳ Ўз ҳузуридан хотиржамлик ато этган саҳобалардандир.

2)       Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Сизлардан Макка фатҳидан олдин мол-мулкини сарфлаган ва Аллоҳ йўлида жанг қилганлар бошқалар билан тенг бўлмайди. Улар Макка фатҳидан кейин мол-мулкларини сарфлаб, Аллоҳ йўлида жанг қилганлардан бир поғона устундирлар. Аллоҳ ҳар икки тоифага ҳам яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан бохабар зотдир” (Ҳадид: 10). Муовия розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан кейин Ҳунайн ғазоти учун мол-мулкини сарфлаган ва бу ғазотда Аллоҳ учун жанг қилган. Демак, у Аллоҳ таоло яхшиликни ваъда қилган кишилардан бўлади.

3)       Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳаққига шундай дуо қилганлар: “Аллоҳим, уни ҳидоятловчи, ҳидоятланган ва бошқаларнинг ҳидоятига сабабчи қил!” (Термизий (3842) ривояти).

4) Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, Муовияга Қуръон ва ҳисобни ўргат ва уни азобдан сақла!” – деб дуо қилганлар (Ожуррий “Шариа”да (1919) ривоят қилган).

5)       Умму Ҳаром бинти Милҳон розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Умматимдан биринчи бўлиб денгиз орқали ғазот қиладиганлари жаннатга ҳақли бўладилар” – деганларини эшитдим. Ўшанда мен айтдим: “Эй Расулуллоҳ, мен ҳам уларнинг ичидаманми?”. “Ҳа, сен уларнинг ичидасан”, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Бироздан сўнг: “Умматимдан дастлаб Қайсар мамлакатига ғазот қиладиганларининг гуноҳлари мағфират қилинган” – дедилар. “Эй Расулуллоҳ, мен ҳам уларнинг ичидаманми”, дедим. “Йўқ”– дедилар” (Бухорий (2924) ривояти). Муҳаллаб[3] роҳимаҳуллоҳ юқоридаги ҳадисга изоҳ бериб шундай дейди: “Бу ҳадисда Муовия розияллоҳу анҳунинг фазилатлари айтилган. Чунки денгиз орқали биринчи ғазот қилган киши Муовия бўлади[4].

6)       Шунингдек, Муовия розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котиблари бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келган ваҳийларни ва у кишининг турли қабила раисларига ёзган хатларини ёзиб берган.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзи тоифалар имом Муслим ривоят қилган ҳадисни пеш қилиб, Муовия розияллоҳу анҳуга таъна тоши отишади. У ҳадис қуйидагича: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: “Мен болалар билан ўйнаб юрган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар. Мен эшикнинг орқасига беркиндим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки елкам орасига кафтлари билан уриб: “Бор, Муовияни чақириб кел” – дедилар. Қайтиб келиб: “У овқат еяпти” – дедим. Бироздан сўнг менга: “Бор, Муовияни чақириб кел” – дедилар. Қайтиб келиб: “У овқат еяпти” – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўймай қолсин!” – дедилар” (Муслим (2604) ривояти). Нававий роҳимаҳуллоҳ бу ҳадиснинг шарҳида: “Бу аслида Муовиянинг фазилатларидандир” – деган. Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ бу ҳадис ҳақида: “Бу ҳадис Муовия розияллоҳу анҳунинг фазилати тўғрисида ривоят қилинган энг саҳиҳ ҳадисдир” – деган. Сабаби, бу сўз араблар одатига биноан айтилган, яъни ундан асл маъно қасд қилинмаган. Бу услуб арабларда жуда ҳам машҳур бўлган. Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда Муовия розияллоҳу анҳунинг шаънини булғаш учун ривоят қилинган ботил ҳадислар ҳақида сўз юритамиз.

[1] “Ал-бидоя ван ниҳоя” (11/396).

[2] “Ал-бидоя ван ниҳоя” (11/396).

[3] Муҳаллаб роҳимаҳуллоҳнинг тўлиқ исми – Муҳаллаб ибн Аҳмад ибн Абу Сафра Асадий Андалусий.  У “Саҳиҳи Бухорий”га шарҳ ёзган,  ҳижрий 435 йил вафот этган.

[4] Фатҳул Боррий” (6/2).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг