Рўзани бузувчи амаллар (2)

0

Иккинчидан: рўзани бузадиган ва фақат қазони вожиб қиладиган амаллар

(1) Қасддан еб-ичиш:

Бундан кўзда тутилган нарса оғиз орқали еб-ичишдир[1]. Оғиз орқали кирган нарсанинг сув ва гўшт каби фойдали ёки заҳар ва қон сингари зарарли нарсалар бўлишининг аҳамияти йўқ. Ким қасддан ва рўзадорлигини хотирлаган ҳолда ҳалқумига бирон егулик киритса рўзаси бузилади. Аллоҳ таоло айтади: “Ва то тонгдан бўлмиш оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар” [Бақара: 187]. У рўзани бузиш билан қасддан Аллоҳга осийлик қилгани учун гуноҳкор бўлади ва гуноҳидан тавба қилиб, ўша кунги рўзасининг қазосини тутиб бериши лозим.

Унутиб бирон нарса еб-ичган кишининг рўзаси бузилмайди, балки рўзасини давом эттираверади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким рўзадор ҳолатида унутиб бирон нарса еб-ичса, рўзасини давом эттираверсин. Зеро, уни Аллоҳ едириб-ичирибди[2].

Ушбу ҳукм далил умумий айтилгани боис фарз ва нафл рўзанинг ҳар иккисига тегишлидир.

Агар инсон рамазон ойида кундузи еб-ичиш ҳаромлигини билмасдан еб-ичиб қўйса, унинг ҳолатига қаралади. Борди-ю, у мусулмон мамлакатларидан узоқда ўсиб-улғайгани ёки яқинда исломни қабул қилгани боис бу ишнинг ҳаромлигидан бехабар бўлса, у ҳолда маъзур саналиб, рўзаси бузилмайди. Агар у мусулмонлар билан аралашиб юрган, рамазон ойида кундузи еб-ичиш ҳаромлигини билмаслиги эҳтимолдан йироқ бўлса, у ҳолда рўзаси бузилади ва қазосини тутиш вожиб бўлади.

(2) Қасддан қусиш:

Бу ўринда оз ёки кўп қусиш ўртасида фарқ йўқ, ҳар икки ҳолатда ҳам рўза бузилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким рўзадор бўлган ҳолатида беихтиёр қусса, унга қазо йўқ. Ким атайлаб қусса, қазо тутсин[3].

Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар қасддан қусган кишининг рўзаси бузилишига ижмо қилишган”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қусиш хусусида жумҳур уламолар бехосдан қусиш билан қасддан қусиш ўртасини ажратганлар. Бехосдан қусиш рўзани бузмайди, қасддан қусган кишининг рўзаси бузилади”[4].

(3) Ҳайз ва нифос:

Аёл кишининг кун ботишидан бир лаҳза бўлсада олдин ҳайз ёки нифос кўриши рўзасини бузади. Бу ҳолатда рўзанинг бузилиши ва қазо вожиблигида уламолар ўртасида ихтилоф йўқ.

Мавзуга оид масала ва мулоҳазалар:

  1. Агар инсон тупроқ каби озуқаликка яроқсиз нарса ёки сигаретга ўхшаш зарар ва азият берадиган нарса истеъмол қилса, рўзаси бузилади. Чунки рўзадор бу нарсаларни таом йўли бўлмиш оғзи билан истеъмол қилди.

  2. Рўзадор киши аёлини ўпиши, қучоқлаши ва у билан жинсий яқинлик қилмасдан баданини ушлаши рўзани бузмайди. Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор бўлган ҳолларида хотинларини ўпар, рўзадор бўлган ҳолларида хотинларининг баданларини ушлар эдилар. У зот сиз эркаклар ичида энг шаҳватини тиювчироқ (яъни эҳтирослари устидан ғолиб) эдилар[5].

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Кунлардан бирида рўзадор ҳолимда қоним юришиб (аёлимни) ўпдим. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Бугун катта бир ножўя ишни қилиб қўйдим: рўзадор ҳолатимда (аёлимни) ўпдим” – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айтчи, рўзадор ҳолингда оғзингга сув олиб ғарғара қилсанг нима бўлади?”. Мен: “Зиёни йўқ” – дедим. Шунда у зот айтдилар: “Шундай экан, ўпишнинг нима зиёни бор?[6].

Аёлини ўпиш, қучоқлаш ва жинсий алоқа қилмасдан баданини ушлаш аслида жоиз. Бироқ шаҳвати қўзғалиб, маний тўкишидан ёки аёли билан қўшилиб қўйишдан қўрқса, у ҳолда уламолар рўзадор учун бу ишларни макруҳ деганлар.

Шу боис, бу каби ишлар кексаларга жоиз, ёш йигитларга макруҳдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, “бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан рўзадор аёлининг баданини ушлаши тўғрисида сўраганда у зот рухсат берадилар. Бошқа бир киши келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айнан шу масалани сўраганида у зот бундан қайтарадилар. Қарасалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рухсат берган киши кекса, бу ишдан қайтарган киши ёш йигит экан[7].

  1. Рўзадорнинг истимно қилишининг ҳукми[8]:

Истимно – қўл ёрдамида маний чиқариш демак. Агар рўзадор истимно қилиб, маний тўкса, тўрт мазҳаббоши имомлар ва бошқа уламоларнинг фикрига кўра, рўзаси бузилади. Шайх Ибн Усаймийн[9] роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳукмга қуйидаги ҳадиси қудсийни далил қилади: “Мен учун таоми, ичимлиги ва шаҳватини тарк қилади” [Муттафақун алайҳ].

Маний чиқариш шаҳватдир. Агар инсон бу шаҳватни тарк қилмаса, аксинча уни қондириш пайида бўлса, демак унинг рўзаси бузилади. Бироқ шаҳвоний нарсалар ҳақида хаёл суриш натижасида маний чиқиб кетса, рўзаси бузилмайди. Чунки хаёл суриш ички кечинма бўлиб, инсон бунинг учун жавобгар бўлмайди[10].

[1] Шунингдек, овқатланиш борасида оғиз ўрнини босадиган нарса ҳам оғиз ҳукмида бўлади. Масалан, ҳалқумидан тешик очилган киши ушбу тешик орқали бирон нарса еб-ичса рўзаси бузилади.

(Давоми бор)

[2] Бухорий (1933), Муслим (1155), Абу Довуд (2398), Термизий (721) ва Ибн Можа (1673) ривоят қилишган.

[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (2380), Термизий (720), Ибн Можа (1676) ва Ҳоким (1/427) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний (“Ирвоул ғалил”, 930) саҳиҳ деган.

[4] “Фатҳул Борий” (4/206).

[5] Бухорий (1927), Муслим (1106), Абу Довуд (2382), Термизий (729) ва Ибн Можа (1684) ривоят қилишган.

[6] Саҳиҳ. Абу Довуд (2385), Ибн Хузайма (1999) ва Ҳоким (1/21) ривоят қилишган. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг фикрига қўшилган.

[7] Абу Довуд (2387) ривоят қилган, санади ҳасан. Шунингдек, Байҳақий (4/231) ривоят қилган. Ҳадис ҳақида Шайх Албоний ҳасан саҳиҳ деган.

[8] Маълумки, истимно қилиш ҳаромдир. Негаки, истимно қилган киши ўз шаҳватини хотинсиз ёки чўри аёлсиз қондирмоқчи бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бундан бошқа йўл билан шаҳватини қондирмоқчи бўлганларни ҳаддан ошувчилар деб атаган: “Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариатда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир”[Мўъминун: 6-7].

[9] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/381).

[10] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/390).

Изоҳ қолдиринг