Рўзани бузувчи амаллар (3)

1
  1. Мазий:

Агар инсон аёли билан жинсий яқинлик қилмасдан қучоқлашиши ёки жинсий яқинлик тўғрисида хаёл қилиши ёки аёлининг баданини ушлаши натижасида олатидан мазий чиқса, рўзаси дуруст бўлиб, бу билан рўзаси бузилмайди. Бу Имом Абу Ҳанифа ва Имом Шофеийнинг мазҳаби ва шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ[1] ихтиёр қилган фикрдир.

Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазий чиқиши билан рўза бузилмаслигига далил бу ҳақда бирон далил-ҳужжат йўқлигидир. Негаки, рўза шариат баён қилган тарзда муайян нарсалардан тийилиш лозим бўлган ибодатдир. Бу ибодат бузилиши учун эса бирон далил бўлиши лозим[2].

Шунга қарамай, банда Раббисига ибодат қилар экан, комил савобга эришиш учун ибодатига путур еткизадиган ишлардан четланиши лозим. Чунки ибодатни дуруст бўлиши билан унинг қабул бўлиши ўртасида фарқ бор. Шундай амаллар борки, фиқҳий ҳукм нуқтаи назаридан дуруст бўлсада, бироқ уни ботил қиладиган ва савобини зое қиладиган ишлар билан аралашиб қолади.

  1. Жанобат:

Агар инсон кечаси аёли билан қўшилиши ёки эҳтилом бўлиши сабаб жунуб ҳолида тонг оттирса ёки кундузи рўзадор ҳолида эҳтилом бўлиб қолса, рўзаси дуруст бўлиб, бу унинг рўзасига таъсир қилмайди. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолларида жунуб бўлиб тонг оттирар, сўнг ғусл қилиб, рўзани давом эттирар эдилар[3]. Бу жанобат тўғрисида, энди уйқусида эҳтилом бўлган кишига келсак, собиқ мақолаларимизда келтирган ҳадисга[4] биноан уйқудаги одамга гуноҳ ёзилмайди.

  1. Сурма қўйиш, кўз, қулоқ ва бурунга дори томизиш ва ҳоказо ишлар:

Кўзга сурма қўйиш ёки дори томизиш билан рўза бузилмайди. Кўзига дори томизар экан дори таъми томоғига етиб борса ҳам зиёни йўқ. Чунки кўз одатий овқатланиш канали эмас. Қолаверса, сурма қўйиш рўзани бузиши хусусида бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Ҳолбуки, рўза ибодатдир, уни бузилади, дейиш учун далил керак.

Мазкур ҳукмни қулоқ ва бурунга томизиладиган дори тўғрисида ҳам айтиш мумкин. Бироқ бурунга дори томизишдан сақланган афзал. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор таҳоратда бурун чаяр экан, бурунга чуқур сув олишдан қайтарганлар. Ушбу ҳадис қуйида зикр қилинади, иншааллоҳ.

  1. Ғусл қилиш:

Рўзадор ғусл қилиши ёки салқинлаш мақсадида сувда чўмилиши жоиздир. Юқорида Ойша ва Умму Салама розияллоҳу анумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жунуб ҳолида тонг оттириб, сўнг ғусл қилганларини айтиб ўтган эдик. Шунингдек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳозирдаги ванналарга ўхшаш ўртаси ўйиқ катта тоши бор, рўзадор ҳолида ичига кириб чўмилар эди[5].

  1. Оғиз ва бурунга сув олиш:

Оғиз ёки бурунга сув олиш рўзани бузмайди. Шундай бўлсада, рўзадорнинг бурунга чуқур сув олиши макруҳдир. “Сунан” асҳоблари Лақийт ибн Сабира розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Бурунга чуқур сув олгин, фақат рўзадор ҳолатинг бундан мустаснодир[6].

Агар рўзадор бурунга сув олаётиб бехосдан томоғига сув ўтиб кетса, гарчи макруҳ саналмиш бурунга чуқур сув олган пайтда бўлсада, бу билан рўзаси бузилмайди. Чунки у буни қасддан қилмади.

  1. Ҳижома қилдириш:

Рўзадорнинг ҳижома қилдириши жоиздир. Рожиҳ фикрга кўра, ҳижома қилдириш рўзани бузмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолатларида, шунингдек, эҳромда бўлган ҳолатларида ҳижома қилдирганлар[7].

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорга (аёлини) ўпиш ва ҳижома қилдириш учун рухсат бердилар[8].

Шундай бўлсада, рўзадорнинг жисмоний заифлашишига сабаб бўлгани боис ҳижома қилдириш макруҳдир. Анас розияллоҳу анҳудан: “Рўзадорнинг ҳижома қилдиришини макруҳ деб билармидингиз”, деб сўралганда: “Йўқ, фақат заифлашишга сабаб бўлгани учун шундай дер эдик[9] – деб жавоб беради.

Энди “Ҳижома қилувчининг ҳам, қилдирувчининг ҳам рўзаси очилади”, деган ҳадисга келсак, жумҳур уламоларнинг фикрича, ушбу ҳадис қуйидаги сабабларга кўра мансух (яъни ҳукми бекор қилинган)дир:

А) Дорақутний ровийлари ишончли бўлган санад билан Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Рўзадор учун дастлаб ҳижома макруҳ қилингани қуйидагича бўлган: Жаъфар ибн Абу Толиб рўзадор ҳолида ҳижома қилдиради. Унинг олдидан ўтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Булар иккиси (яъни ҳижома қилувчи ва қилдирувчи)нинг рўзаси очилди” – дейдилар. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижомага рухсат берадилар[10].

Б) Юқорида айтиб ўтилган Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижомага рухсат берганлари айтилди. Маълумки, рухсат берилиши учун аввал ман қилинган бўлиши лозим.

(давоми бор)

[1] “Ал-ихтиёротул фиқҳийя” (108-бет).

[2] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/390).

[3] Бухорий (1925), Муслим (1109) ва Абу Довуд (2388) Ойша ва Умму Салама розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.

[4] Саҳиҳ. Абу Довуд (4398), Термизий (1423) ва Ибн Хузайма (1003) ривоят қилишган. Шайх Албоний “Саҳиҳул жомеъ”да (3514) саҳиҳ деган.

[5] Бухорий муаллақ ҳолда (4/153) ривоят қилган.

[6] Саҳиҳ. Абу Довуд (142, 143), Термизий (775) ва Аҳмад (4/211) ривоят қилишган.

[7] Бухорий (1939), Абу Довуд (2372), Термизий (775) ва Ибн Можа (1682) ривоят қилишган.

[8] Саҳиҳ. Дорақутний ва Ибн Хузайма (1968) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний саҳиҳ деган.

[9] Бухорий (1940) ривояти.

[10] Байҳақий (4/268) ва Дорақутний (2/182) ривоят қилишган. Ҳадис ҳақида Дорақутний шундай дейди: “Санад ровийларининг барчаси ишончли ровийлар. Ҳадисда бирон иллат борлигини билмайман”. Қолаверса, юқорида келтирилган Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам ушбу ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзадорга аёлини ўпиш ва ҳижома учун рухсат берганлари айтилган эди.

Discussion1 комментарий

  1. Абу Амина

    Assalomu aleykum brodar sizga savolim bor edi meni yowim 22da otamni menda qanday xaqqi bor otam bn onam ajrawganida men onam qornida chiqib ketganman va tugulganimda meni xechqanday nafaqa bn taminlamagan va dinnixam orgatmagan xabar olib xam turmagan va keyinchalik yetti yoki sakiz yowligimda yilda ikmarta chiqardi wu yowimgacha chiqqan bolsa 15 20 martacha chiqqan meni umuman otamda mexrim yoq xudodan qorqib xurmat qilaman meni waxsi na joyim na molim bor uzim qiyin axvoldaman otam meni boq deyiwga xaqqi bormi yogmi

Изоҳ қолдиринг