Сийрак соқолни қисқартириш жоизми?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ. Аллоҳ барча хизматларингизни қабул қилсин ва ҳаммамизни жаннат билан сийласин! Соқол ҳақида кўп гапирилган ва бунга имкони бор ҳар бир эркак амал қилиши керак. Саволим шуки, менинг соқолим жуда ҳам сийрак, фақатгина юзимни пастки қисмида,  бўлиб ҳам фақат икки тарафидан чиқади ва ўртасидан жуда кам чиқади. Суннатга эргашиб ўстирсам, икки ёнидан чиққани учун баъзи одамлар эчки соқол дейишди.  Индай олмаган одамлар ёнида эса ўзимни ноқулай сезяпман, ахир ҳар биримиз ислом вакилларимиз. Шу ҳолда ҳам ўстиришим шартми ёки қирмасдан, калта қилиб юрсам бўладими? Агар керак бўлса уялмасдан ўстираман ёки чиройлик бўлиб юриш муҳимроқ болса, калта қилиб юраман.

 

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Саҳифамизда соқолни қисқартиришнинг ҳукми ва бу борадаги уламоларнинг фикрларини батафсил зикр қилиб ўтдик. Шариатимиз эркак кишиларни муайян кўринишда соқол ўстиришга эмас, балки қай кўринишда бўлса-да мутлақ ўстиришга буюргандир. Инсон юзида чиқадиган соқол қай шаклда чиқиши унинг бўй бастининг узун-калталиги ёки рангининг оқ-қоралиги каби ўзининг ихтиёри ва қўлида бўлмаган ишлардан саналади. Яъни, кимга қанча ва қай шаклда соқол чиқиши Аллоҳ таолонинг ишларидандир. Ким мазкур нарсалар устидан кулса, гуёки Аллоҳ таолонинг ишидан, Унинг яратувчанлик сифати устидан кулган бўлади.

Албатта,  мусулмон Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган амалларни ўзга инсонларнинг фикр ва мулоҳазаларига қарамай бажариши лозим. Зеро, ислом сўзининг маъноси ҳам Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишларга ҳар қандай ҳолатда ҳам бўйсуниш демакдир. Қолаверса, инсонларнинг барчасини рози қилиш амримаҳол. Ойша розияллоҳу анҳо шундай деган: “Ким Аллоҳ рози бўладиган амални одамлар ундан норози бўлишига қарамай бажарса, Аллоҳ ундан рози бўлади ва одамларни ҳам ундан рози қилиб қўяди. Ким одамлар рози бўладиган амални Аллоҳ ундан норози бўлишига қарамай бажарса, Аллоҳ унга ғазаб қилади ва одамларни ҳам ундан норози қилиб қўяди” [“Саҳиҳи Ибн Ҳиббон”, 1/510].

Азиз биродар, сиз одамлар устингиздан кулишларига қарамай Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб ва у зотнинг буйруқларига бўйсуниб соқол ўстирар экансиз, билингки, улкан ажрга эришасиз ва Аллоҳ сиздан рози бўлади. Қолаверса, сизни устингиздан фақат жоҳил ёки мусулмон бўлмаган инсонларгина кулиши мумкин. Бундай ҳолат эса Пайғамбарлар ва ҳақ йўлда бўлган барча инсонлар бошига тушган ва тушажак ишдир. Аллоҳ таолодан барчаларимизни ҳақ йўлда собит қилишини сўраймиз. Омийн!

 

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг