Уйқудан уйғонгандаги зикр

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқудан уйғонсалар шундай дер эдилар: “Бизни ухлатганидан кейин қайта  уйғотган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Биз ўлимдан кейин ёлғиз Унинг ҳузурига қайтамиз” (Бухорий (6312) ривояти).

Бу зикрнинг арабча ўқилиши қуйидагича: “Алҳамду лиллааҳиллазий аҳйаанаа баъда маа амаатанаа ва илайҳин нушуур”.

Бугунги кунимизда Аллоҳ таолони зикр қилиш мутлақо йўқолиб кетган, десак муболаға бўлмаса керак. Аллоҳ таоло бизни Ўз китобида кўп зикр қилишга буюрган ва зикр қилувчиларни бир неча ўринда мақтаган. Аллоҳ таоло мўминлар ҳақида шундай деб марҳамат қилади: “Албатта мўмину мўминалар, муслиму муслималар ҳамда итоатгўй, хайру садақа қиладиган, рўзадор, авратларини номаҳрамлардан сақлайдиган ва Аллоҳни кўп зикр қиладиган аёлу эркакларга Аллоҳ мағфират ва улуғ ажр ҳозирлаб қўйган” (Аҳзоб: 3), “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар” (Аҳзоб: 41).

Агар биз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларига назар соладиган бўлсак, у зот ҳаётлари давомида доимо: уйқудан уйғонишлари билан то ухлагунларича ҳар бир ишда Аллоҳни зикр қилганларига гувоҳ бўламиз. Мўмин киши уйқудан  уйғониши билан қиладиган биринчи иши Аллоҳ таолони зикр қилиш бўлади. Уйқудан уйғонганда Аллоҳни зикр қилиш дегани “Аллоҳ” сўзини сон-саноқсиз такрорлаш эмас, балки уйқудан уйғониши билан унга бу неъмат билан бирга уйқудан қайта уйғониш неъматини ҳам насиб этган Аллоҳни эслашдир. Салафи солиҳларимизнинг ҳаётларига бир назар солайлик; улар кунни Аллоҳ зикри билан бошлаб, Аллоҳ зикри билан тугатар эдилар.

Биз уйқудан уйғонганимизда ушбу зикрни айтишимиз билан нафақат Аллоҳ таолони зикр қиламиз, балки охират кунига бўлган ишончимизни, қиёмат кунида барчамиз У зотнинг ҳузурига боришимизни ўзимизга эслатамиз. Нима деб ўйлайсиз, бу зикрларнинг маъноларини англаб, давомий айтиб юрган киши ҳаром ишларга қўл уриши мумкинми?! Бугун жамиятимизда фаҳш ишлар кенг тус олишининг сабаби охиратни унутаётганимиз эмасми?! Иншааллоҳ, кейинги мақолаларимизда эрталаб тургандан кечаси ухлагунча айтиладиган зикрларни бирма-бир бериб борамиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг