Рўза одоблари: оғиз очишга шошилиш

0

Иккинчидан: оғиз очишга шошилиш

Рўзадор одам қуёш ботиши билан оғиз очишга шошилиши мустаҳабдир. Собиқ мақоламизда келтирилган Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шунга далолат қилади: “Одамлар модомики оғиз очишга шошилсалар, яхшиликда давом этган бўладилар[1].

Оғиз очиш вақти қуёш ботишидир. Баъзи авом кишилар токи азон айтилмагунча оғиз очмайдилар. Ҳолбуки, азон айтилиши ёки айтилмаслигининг оғиз очиш масаласига алоқаси йўқ. Гарчи азон айтилмасада қуёш ботиши билан оғиз очиш жоиз.

Оғиз очиш учун озгина бўлсада бирон нарса ейиш ёки ичиш кифоя. Шундай бўлсада, аввало янги етилган хурмо, топилмаса қурутилган хурмо, у ҳам бўлмаса сув билан оғиз очиш мустаҳабдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишдан олдин бир неча янги етилган хурмолар билан, топилмаса қурутилган хурмо билан оғиз очар, у ҳам бўлмаса бир неча ҳўплам сув ичар эдилар[2].

Оғиз очиш вақтида дуо қилиш мустаҳабдир.

Оғиз очиш вақтида дуо қилиш хусусида собит бўлган ҳадислар ичида энг саҳиҳроғи Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисдир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғиз очсалар шундай дер эдилар:

“ذَهَبَ الظَّمَأُ، وَابْتَلَّتِ الْعُرُوقُ، وَثَبَتَ الْأَجْرُ إِنْ شَاءَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ”

Ўқилиши: [Заҳабаз зомаъ, вабталлатил урууқ, ва сабатал ажру иншаа Аллоҳ].

Чанқоқ кетди, томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ ажру савобга эришдик[3].

[1] Бухорий (1957), Муслим (1098), Термизий (699) ва Ибн Можа (1697) ривоят қилишган.

[2] Ҳасан. Абу Довуд (2356), Термизий (696), Аҳмад (3/164) ва Ибн Ҳиббон (5217) ривоят қилишган. Ҳадисни Термизий ҳасан деган.

[3] Ҳасан. Абу Довуд (2357) ва Ҳоким (1/584) ривоят қилишган. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ, Албоний ҳасан деган.

Изоҳ қолдиринг