Рўза одоблари: тақво, саховат, Қуръон ўрганиш ва тавба

0

Учинчидан: тақвога интилиш

Тақвога интилиш беҳуда ва фаҳш сўзлар ва хатти-ҳаракатлардан иборат рўза моҳиятига зид бўлган ишлардан тийилиш орқали рўёбга чиқади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар биронтангиз рўзадор бўлса беҳаё сўзлар гапирмасин,  талашиб-тортишмасин, бақир-чақир ва жоҳиллик қилмасин. Борди-ю, биронта у билан сўкишса ёки ёқалашмоқчи бўлса, у ҳолда: “Мен рўзадорман”, – десин[1].

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким ёлғон сўзлаш ва унга амал қилишни тарк қилмас экан, Аллоҳ унинг ейиш-ичишни тарк қилишига муҳтож эмас[2].

Тўртинчидан: Саховат ва Қуръонни ўрганиш

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида энг саховатлиси эдилар. У зотнинг энг саховатли пайтлари Жаброил алайҳиссалом билан учрашган вақтлари рамазон ойида бўларди. Жаброил алайҳиссалом то рамазон тугагунга қадар ҳар кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашар ва у зот Жаброилга Қуръон ўқиб берар эдилар. Жаброил билан учрашган пайтларида (барча нарсага бирдек манфаати тегадиган) доимий эсувчи (раҳмат) шамолларидан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар[3].

Демак, инсон рамазон ойида бошқа ойларга нисбатан кўпроқ саховат қилиши, шунингдек, Қуръон тиловати, унинг маъноларини ўрганиш, тафаккур қилишга асосий эътиборини қаратиши лозим.

Бешинчидан: тавбани янгилаш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Рамазон ойи келса жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд қилинадилар”[4]. Термизийдаги бошқа бир ривоятда шундай қўшимча қилинади: “Рамазон ойининг биринчи кечаси кириши билан шайтонлар ва ўта исёнкор жинлар занжирбанд қилинадилар, дўзах эшиклари ёпилади, улардан биронтаси очиқ қолдирилмайди, жаннат эшиклари очилади, улардан биронтаси ёпиқ қолдирилмайди. Бир жарчи (фаришта) нидо қилади: “Эй эзгулик  (ажр-савоб) истаган кимса, тоат-ибодатга келиб қол! Эй ёмонлик (гуноҳ) истаган кимса (гуноҳдан) тийил”. Аллоҳнинг дўзахдан озод этилган (кўп) бандалари бор(ки, шояд сенга улардан бири бўлиш насиб қилса). Бу (рамазон ойининг) ҳар бир кечасида (такрорланади)[5].

Дарҳақиқат, рўза тавба қилиш, уйғониш ва Аллоҳга қайтишга даъватдир. Рўза ойида янада кўпроқ гуноҳ ишларга қўл уриш ва ғафлатга шўнғишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Кўп инсонлар мубтало бўлган энг катта офатлардан бири, уларнинг бу муборак ойда телевизор олдида ўтириб олиб, куй-қўшиқ, мусиқа, театр ва турли бўлмағур телесериалларни томоша қилишга берилишлари, фаҳш ва уятсиз кадрларни кўриш, қалбни Аллоҳдан узоқлаштируви беҳуда нарсаларга қулоқ тутишларидир. Шу боис қуйида сизларга тақво қилишга ёрдам берадиган айрим насиҳатларни ҳавола қиламиз:

  • Ўзингиз учун солиҳ дўстлар топинг, ёмон ҳамроҳлар, улфатлардан йироқ туринг.

  • Қалбингизни масжидларга боғланг, имкон қадар масжидга кўп қатнанг.

  • Муттасил Қуръон тиловат қилиш, маъноларини ўрганишни йўлга қўйинг.

  • Ҳар қандай шароитда жамоат намозини қолдирманг.

  • Куй-мусиқа тинглашдан сақланинг, негаки, у қалбда нифоқ пайдо қилади.

  • Кино ва телесериалларни томоша қилишдан мутлақо йироқ туринг.

  • Сигарет ва шунга ўхшаш ҳаром ишларни тарк қилишда Аллоҳдан мадад сўранг.

[1] Бухорий (1894), Муслим (1151), Термизий (764), Абу Довуд (2363) ва Ибн Можа (1691) ривоят қилганлар.

[2] Бухорий (1903), Абу Довуд (2362), Термизий (707) ва Ибн Можа (1689) ривоят қилишган.

[3] Бухорий (6, 1902, 3220), Муслим (2308) ва Насоий (4/125) ривоят қилишган.

[4] Бухорий (1899), Муслим (1079) ва Насоий (4/126).

[5] Ҳасан. Термизий (682), Ибн Можа (1642) ва Ҳоким (1/421) ривоят қилишган. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган ва Заҳабий бу ҳукмда унга мувофиқ бўлган.

Изоҳ қолдиринг