Намозда фотиҳа сурасини ўқиш ҳукми

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Ҳанафий мазҳабига оид усули фиқҳ қоидаларининг бирида “Мутлақ мутлақлигича қолади”, деган қоида бор. Шу қоидага биноан намозда Фотиҳа сураси ўрнига Қуръон оятларидан имкони бўлганича ўқиш жоиз, деб қуйидаги оят ҳужжат қилинади: “Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар” [Муззаммил: 20].

Лекин ҳадисда Фотиҳа сурасини ўқимаган инсоннинг намози йўқ дейилади. Мазкур оят ва ҳадис ўртасини жамлаб, оят ҳамда юқоридаги қоидага биноан намозда Қуръондан муяссар бўлганича ўқишлик фарз. Ҳадисга кўра фотиҳани ўқишлик вожиб дейилади.

Маълумки, амаллар қабул бўлишининг икки шарти бор:  биринчиси ихлос, яъни амалнинг холис Аллоҳ таоло учун бўлиши, иккинчиси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўз ва амалларига асосланган бўлишидир.

Юқорида зикр қилинган “Мутлақ мутлақлигича қолади”, деган қоидага биноан намозда Қуръондан муяссар бўлганича ўқишлик билан намоз дуруст бўлади. Бироқ фотиҳа сураси ўқилмагани боис намоз комил ва тўлиқ бўлмайди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига хилоф эмасми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳаби уламоларининг наздида тўрт ракаатли намозларнинг аввалги икки ракаатида фотиҳа сурасини ўқиш вожиб[1] бўлиб, қолган икки ракаатида эса суннат саналади.

Косоний роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Намоздаги аслий вожиб амаллар олтидадир: икки ракаатли намозларнинг ҳар иккисида фотиҳа ва зам сура ўқиш, уч ёки тўрт ракаатли намозларда эса аввалги икки ракаатида фотиҳа ва зам сура ўқиш шулар жумласидандир” [Бадоэъ Саноэъ: 1/160].

Ҳанафий мазҳаби уламоларининг бу масаладаги фикри сиз зикр қилган далилларгагина чекланмаган. “Фиқҳул ҳанафий фи савбиҳил жадийд” (1/209) китобида шундай дейилган: “Уламолар фотиҳа сурасини намозда ўқиш фарзлигига “Фотиҳа сурасини ўқимаган инсоннинг намози йўқ[2], деган ҳадисни далил қилишган. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса бу ва шу маънодаги бошқа ҳадисларни “намози тўлиқ ёки тўкис эмас”, деб талқин қилишган.

Намозини чала ўқиган киши тўғрисидаги ҳадис”, деб танилган ҳадисда намозда фотиҳа сурасини ўқиш фарз эмаслигига далил бор. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозини чала ўқиган кишини фотиҳа сурасини ўқишга буюрмасдан, балки унга “Агар намоз ўқимоқ учун турсанг такбир (Аллоҳу акбар), айтиб, Қуръондан ўзинг билгунча ўқи”, дедилар. Агар фотиҳа сурасини ўқиш фарз бўлганда уни фотиҳа сурасини ўқишга буюрган бўлар эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга айтдилар: Мадинада кўчаларида: Қуръонсиз ўқилган намоз намоз эмас. Ҳеч бўлмаса намозда фотиҳа сураси ёки ундан кўпроғини бўлсада ўқинглар, деб жар солгин (Иқтибос тугади).

Биз бу масалада фотиҳа сурасини ҳар ракаатда ўқиш фарз, деган уламоларнинг фикрини рожиҳ ва уларнинг далилларини кучли деб билсакда, бироқ бу масаладаги қолган уламоларнинг фикрлари Пайғамбарга эргашмасдан ҳавои нафсга ёки турли ақлий ва фалсафий қоидаларга биноан айтилган, деб ўйламаймиз. Зеро, ушбу фикр эгаларининг сўзлари ҳам (уларнинг фикрлари тўғри ёки нотўғри эканидан қатъий назар) оят ва ҳадисларга бўлган тушунчаларидан келиб чиққан.  Бу ижтиҳодлари тўғри бўлса иккита ажрга, нотўғри бўлса битта ажрга эришадилар, иншааллоҳ. Қолаверса, бу фикр нафақат ҳанафийлар, балки Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтишича, Ҳасан Басрий, Имом Саврий ва Авзоийларнинг фикрлари ҳамдир.

Албатта, хато ва камчиликлардан фақатгина Пайғамбарларгина маъсумдирлар. Бизларнинг вазифамиз эса Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига амал қилиб, уламоларга нисбатан яхши гумонда бўлиш ва имкон қадар уларнинг сўзларини тўғри тушунишга ҳаракат қилиш. Борди-ю, бу фикрларнинг хатолиги маълум бўлса тўғри фикрга эргашиб, уларнинг ушбу сўз ва фикрларини авом одамлар орасида ёймасликка ҳаракат қилишдир.

Аллоҳ таоло айтади: “Бас (эй Муҳаммад),  Менинг бандаларимдан — сўз (Қуръон)га қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтгувчи рост сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир” [Зумар: 18].

Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир” [Нисо: 59], вааллоҳу аълам.

[1] Ҳанафий мазҳаби уламоларининг наздида вожиб, деб фарздан даражаси паст, суннатдан даражаси юқори бўлган амалга айтилади. Вожибни тарк қилиш орқали намоз бузилмайди. Борди-ю, қасддан вожиб амални тарк қилса намозни қайта ўқиши вожиб бўлади. Билмасдан ва эсдан чиқариб тарк қилса ҳамда саждаи саҳв қилмаган бўлса намозни қайта ўқиши вожиб бўлади. Агар намозни қайта ўқимайман, деб туриб олса (намози дуруст саналсада) гуноҳкор фосиқ бўлади [«Фиқҳул ҳанафий фи савбиҳил жадийд» 1/209].

[2] Бухорий: 1/192, Муслим: 1/295

Изоҳ қолдиринг